26 ноябрь куни C ва D гуруҳидан жой олган Тунис — Астралия, Полша — Саудия Арабистони, Франция — Дания, Аргентина — Мексика учрашувлари бўлиб ўтди. Олдинги кунларда ҳеч бўлмаса битта баҳсда дуранг қайд этилаётган бўлса, ЖЧ-2022`нинг еттинчи кунида бирорта ўйинда ҳам дуранг қайд этилмади. 26 ноябрь куни кутилмаган натижалар қайд этилмади.

Тунис — Астралия 0:1

Тунис — Астралия учрашуви Ал-Вакрадаги «Ал-Жануб» стадионида 41 823 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди.

1-турда Дания билан дуранг ўйнаган Тунис ҳамда Францияга мағлуб бўлган Австралия терма жамоаси ўртасидаги учрашув тенг курашлар остида ўтди. Бироқ тўпни бошқариш бўйича 58/42 — бу борада Тунис олдинда. Йўлланган зарбалар бўйича ҳам ҳисоб — 8:7. Бироқ ушбу ўйинда австралияликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонишди.


Ўйиннинг 23-дақиқасида Митчелл Дюк Австралияни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 0:1. Таймнинг қолган қисмида тунисликлар фаолроқ бўлишди, бир неча бор голга яқин келишди.

2-таймда Австралия ҳисобни сақлаб қолиш учун ўйнади. Бу борада уларга Тунис терма жамоасининг ҳужумдаги хатоликлари бироз ёрдам берди. Учрашувда 0:1 ҳисоби сақланиб қолди ва Австралияликлар қимматли 3 очкони қўлга қиритишди.

Полша — Саудия Арабистони 2:0

Полша — Саудия Арабистони баҳси Education City стадионида бўлиб ўтди. Учрашувни томога қилиш учун стадионга 44 259 нафар мухлис ташриф буюрди.

Саудия Арабистони 1-турда Аргентина терма жамоси устидан «феноменал» тарзда ғалабага эришган эди. Эҳтимол, шунинг учундир, ушбу турда мухлислар полшаликлар билан ўйинда Саудия Арабистонидан ҳеч бўлмаганда дуранг кутишган эди.

Бироқ тўпга эгалик қилиш борасида Саудия Арабистони ўйинда яққол пешқадам бўлди — 37% (Полша) га 63% (Саудия Арабистони). Зарбалар бўйича ҳам ҳисоб — 7:13. Голлар бўйича ҳисоб эса 2:0.

39-дақиқада Зелински ҳисобни очди. Ушбу вазиятда олдин Левандовскида гол киритиш учун ажойиб имконият бор эди, бироқ Саудия Арабистони дарвозабони унга ҳалақит қилди. Роберт тўпни Зелинскига тўпни оширди ва Зелински осонлик билан тўпни дарвозага йўллади — 1:0.

45-дақиқада Полша дарвозасига пеналти белгиланди. Аммо Ал-Давсари ушбу вазиятдан фойдалана олмади, Шенсни жамоани голдан қутқариб қолди. Ҳакам 1-таймга 10 дақиқа қўшиб берди. Бироқ 1:0 ҳисоби сақланиб қолинди.

2-таймда Полша ҳисобни йириклаштириши мумкин эди. Олдин Милик, кейин Левандовски томонида йўлланган зарбалар дарвоза тўсинига бориб тегди. 74-дақиқада Левандовски дарвозабон Ал-Овайс билан бирга-бир вазиятга чиқди, аммо дарвозабон қаҳрамонлик кўрсатди. 81-дақиқада Левандовски ниҳоят ўз ниятига эришди. У Саудия Арабистони ҳимоячиси йўл қўйган хатодан фойдаланди ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. У Жаҳон чемпионатларидаги ўзининг илк голини киритмоқда. Ўйинда бошқа гол киритилмади, Полша 3 очко ишлаб олди.

Франция — Дания 2:1

Ушбу ўйин «Рас Абу Абуд» стадионида (Стадион 974 деб ҳам аталади), 42 860 нафар мухлис қаршисида бўлиб ўтди.

Ўйинда зарбалар бўйича ҳисоб 13:8, аниқ зарбалар бўйича эса 7:2 бўлди. Тўпни эгаллаш бўйича кўрсаткичлар деярли тенг — 49% га 51%.

1-таймда Франция Дания дарвозасига йўл топа олмади — 0:0. 61-дақиқага келиб Килиан Мбаппе Францияни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0.


Бироқ 68-дақиқада Андреас Кристенсен мувозанатни тиклади. Бурчак тўпидан орқали йўлланган узатмадан сўнг у боши билан зарба берди — 1:1. Дания таслим бўлмоқчи эмас. Бироз вақтгача ўйин дуранг билан тугайдигандек тассурот қолдирди. Аммо 86-дақиқада Франция терма жамоаси барибир ўз сўзини айтди. Килиан Мбаппедан дубль — 2:1. Ҳакам 2-таймга 6 дақиқа қўшиб берди. Аммо ушбу дақиқаларда ҳам Франция ҳужум қилишда давом этди. Қўшимча дақиқаларда ҳисоб ўзгармади.


Айни дамда D гуруҳида Франция 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда, Австралия 3 очко билан 2-ўринда, Тунис ва Дания терма жамоаларида биттадан очко бор.

3-турда францияликлар Тунис билан баҳс олиб боришади. Дания терма жамоаси эса Австралия билан тўқнаш келади.

Аргентина — Мексика 2:0

Аргентина — Мексика учрашуви Lusail Iconic Stadium`да 88 966 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди.

Аргентина терма жамоаси илк учрашувдаёқ саудияликларга мағлуб бўлиб, барча мухлисларини ажаблантирган эди. Шунинг учун, ушбу баҳсда аргентиналиклардан фақат ва фақат ғалаба кутилган эди. Бироқ, учрашувнинг 1-таймида, Аргентинанинг ўзи плей-оффга чиқишни хоҳламаётгандек ўйин кўрсатди. Жамос ўз «совғаларини» 2-таймга асраб қўйган экан.

64-дақиқада Лионель Месси катта саҳнага чиқди. У жарима майдони ташқарисидан пастлатиб зарба йўллади ва дарвозани ишғол қилди — 1:0. 87-дақиқада эса Энцо Фернандес ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Месси ушбу голга ҳам ўз ҳиссасини қўшди — у жарима майдончаси ичига югуриб кетаётган Энцога тўпни ошириб, ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйди.

Эътибор қилинг, ўйинда дарвозаларга йўлланган аниқ зарбалар бўйича ҳисоб 2:1 (умумий зарбалар бўйича 5:3). Ҳакам ўйинга 6 дақиқа қўшиб берди ва бу вақтда мексикаликлар эътиборни тортадиган вазият ярата олишмади. Аргентиналиклар ўзлари учун муҳим бўлган 3 очкони ишлаб олишди.

C гуруҳида ҳозирда вазият қуйидагича: Полшада 4 очко, Саудия Арабистони ва Аргентинада 3 очкодан мавжуд, Мексикада эса 1 очко.

Аргентина терма жамоси сўнгги турда Полша билан тўқнаш келади, Мексика эса Саудия Арабистони билан куч синашади.