2016 йилда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти селекционери Шодмон Намозовнинг қандайдир пахта чигитлари тушиб қолди. Чигитларни унга пахта ва индиго генетикасини ўрганишга катта ҳисса қўшган таниқли мутахассис, биолог-генетик олим, профессор Абдуқодир Эргашев берган эди.

«Абдуқодир ака менга уруғларни бериб, наслчилик ишларини давом эттиришимни сўради, лекин улар қандай уруғлик эканлигини айтмади», — дейди Шодман Эргашевич.

Кейинчалик у космонавт Владимир Жонибеков 1985 йилда космосда ўстирган ўша пахта ўсимлигининг уруғлари эканини билди.

«Владимир Александрович парвоздан қайтгач, бу уруғларни селекционерларга берган, лекин мен кимга бергани, уларнинг тақдири нима бўлганини билмасдим», — дейди Шодмон Намозов.

Навбатдаги рейсда Владимир Жанибеков ўзи билан 1947 йилда Леонид Румшевич Фарғонада етиштирган 108-Ф навининг уруғини олиб кетди. Иккинчи уринишда Жонибеков уларни космосда ўстиришга муваффақ бўлди ва уни скафандр остига босиб, уруғларни бутун ҳолда Ерга олиб тушди.

Владимир Жонибеков орбитада униб чиққан пахта чигити билан

108-Ф нави ўша пайтда энг кенг тарқалган навлардан бири эди — у СССРнинг пахтачилик билан шуғулланувчи барча ҳудудларида етиштириларди. Аммо унинг ўз камчиликлари бор эди. Биринчидан, унинг бугунги меъёрлар бўйича нисбатан кеч пишиши: илк чаноқларнинг пишишига қадар бўлган давр тупроқ ва иқлим шароитига қараб 125−140 кунни ташкил этарди. Иккинчидан, нисбатан паст тола ҳосилдорлик — 34,6 фоиз.

Ғўзани космосда униб чиқиш мумкинми ёки йўқми, тажриба ўтказиш ва навнинг унумдорлигини оширишга ҳаракат қилиш мақсадида чигитни орбитага жўнатишга қарор қилинди.

«Ғўза чигитининг коинотга учиши бўйича ўтказилган тажриба барча мақсадларни бирлаштирди: вегетацияни тезлаштириш ҳам, тола ҳосилдорлигини ошириш ҳам, умуман, униб-ўстиришга ҳаракат қилиш ҳам», — дейди Шодмон Эргашевич.

«Космик мутациялар» туфайли пахта янада юқори хусусиятларга эга бўлди. «Космик» ғўза аждодидан камида бир ой эрта пишади — атиги 109−112 кунда. Унинг толаси узунроқ ва тола ҳосилдорлиги 36% дан ортиқ. Нав, шунингдек, толанинг мустаҳкамлиги ва микронейрининг яхши кўрсаткичларига эга.

Лекин, энг асосийси, Абдуқодир Эргашевнинг қайд этишича, шўрланган тупроқларда ҳам ўстириш имкониятидир. «Бу нав тупроқларимиз учун муҳим бўлган шўрларга нисбатан юқори чидамлилиги, ғўза касалликлари, яъни вильт — замбуруғли касалликка чидамлилиги билан ажралиб туради», — дейди Шодмон Намозов.

Космик ғўзанинг бутаси ҳам ихчам шаклга эга бўлиб, бу ўсимликларни бир-бирига яқинроқ жойлаштириш имконини беради. Унумдорлиги паст тупроқларда ўсимликлар сонини кўпайтириш орқали юқори ҳосил олиш мумкин.

«Нав икки қаторли экишга мослашган бўлиб, бунда майдон бирлигидан кўпроқ ўсимлик олинади», — деб тушунтиради олим.

Шу ўринда бир савол туғилади: наҳотки бу чигитлар йиллар давомида институт лабораторияси токчасида шунчаки чанг босиб ётган, улар унутилганми? Йўқ, деб жавоб беради олим. Уларни профессор Эргашев нафақат сақлаган, балки улар устида тадқиқот олиб борган ҳам.

«Шу вақт давомида марҳум Абдуқодир ака уларни ўрганиб, бирга ишлаб, экиб, натижасига ишонч ҳосил қилгандан кейингина чигитларни менга топширган», — дея жавоб беради Шодмон Эргашевич.

Космосдан келтирилган пахта чигити асосида пайдо бўлган янги нав C-7305 деб номланди.

«С — танлов, рақамлар эса менинг рақамим, мен уни шу нав учун киритганман», — дейди Шодмон Намозов.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида C-7305 рақами остидаги «космик» пахта ниҳоят патент олди. Ҳозирда у расман рўйхатдан ўтган ва «мавжуд».

Мавжуд талабларга кўра, навни ишлаб чиқариш ва саноатда экишга тавсия этиш учун навнинг ҳосилдорлиги, эртапишарлиги ва бошқа иқтисодий қимматли белгилари бўйича афзаллигини тасдиқлаш учун икки йил синовдан ўтиши керак. Бироқ мутахассислар иккинчи йилдан бошлаб C-7305 навининг кенгайтирилган ишлаб чиқариш синовларини параллел равишда амалга оширишни тавсия қилишди.

«Биз уни «парвоз»га тавсия қилишга ҳозирданоқ тайёрмиз», — дейди Шодмон Намозов натижадан фахрланиб.

Турли хил тадқиқотлар давом этмоқда. Олим кўпчилик «космик» пахтадан тикилган кийими бўлишини хоҳлашига шубҳа қилаётгани йўқ.