Учувчи-космонавт Владимир Жонибеков 8 ноябрь куни Тошкентда Халқаро пресс-клуб томонидан ташкил этилган журналистлар билан учрашувда ўз тажрибалари тўғрисида сўзлаб берди.

6 ноябрь куни Владимир Жонибеков Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали очилишида иштирок этди. У давлат арбоби ва ёзувчи билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашди.

Владимир Жонибеков сўзларига кўра, улар ҳайкалтарош Шапиро Яковнинг уйида меҳмондорчиликда учрашган. Улар ҳайкалтарош иш жараёнини кузатишган, сиёсат ва республика ҳудудида бўлиб ўтаётган кенг миқёсли қурилишлар тўғрисида суҳбат қуришган. «Менга ундаги чин инсоний қизиқишлар ва очиқлик маъқул келган», — деди у.

Космонавт Шароф Рашидов Ой сатҳидан намуна олиш учун қўлланилган бурғининг Тошкент кострукторлик бюросида ишлаб чиқарилганидан мағрурлик ҳиссини туйганини эсга олди. Таъкидлаш жоизки, Ернинг табиий йўлдоши сатҳидан 2 метр баландликдан ўтган мазкур бурғи ўрнатган рекорд ҳамон янгиланмаган.

Владимир Жонибеков коинотга беш марта парвоз қилган. Уларнинг бирида ўзи билан Пахтачилик институтидан олган пахтанинг иккита навига оид 50 дона чигитни олиб чиққан. Космонавт ҳарорат Цельсий бўйича 5−8 даражадан ошмаганига қарамай, космик станцияга бориши биланоқ чигитларни экиб, уларни ультрабинафша нурлар тушиши учун иллюминатор қаршиса жойлаштиради.

Станция айланиб тургани, иллюминаторда қуёш бир тушиб, бир кўринмай қолиши сабабли униб чиққан кўчатлар бир-икки япроқ чиқариб, сўнг тўкилаверади. Бироқ Владимир Жонибеков тадқиқотни тўхтатмасдан, станциядан кетишига икки ҳафта ичида яна 20 та уруғни экади.

«Мен уларни қадоқлаб, скафандрга жойлаштирдим ва юрагимда Ерга олиб келдим. 20 та кўчатдан 19 таси кўкарди», — дейди у. Космонавтнинг сўзларига кўра, ушбу тадқиот натижасида пахтанинг янги нави пайдо бўлди. Уларда тола узунлиги 78 мм ни ташкил этди, айни пайтда Ҳиндистон ва Миср навларида бу кўрсаткич 43−45 мм бўлган.

Владимир Жонибеков авваллари космонавт бўлишни истаганлар жуда кўпчиликни ташкил этган бўлса, ҳозирда анча камайганини таъкидлаб ўтди.

«Бизнинг давримизда 1150 нафар номзоддан 8 нафари саралаб олинган. Бугун 8−10 киши комиссияга ариза топширса, улардан бир нафаригина ўтиши мумкин. Ҳозирда биринчи парвозга тайёрлаш 12−15 йил давом этади, тиббиётчилар айниқса эҳтиёткорона муносабатда бўлишади. Биз кучсизлашдик. Бу муаммо йилдан-йилга мураккаблашмоқда».

Владимир Жонибеков номзодларда биологик ресурслар кўпроқ бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, жисмоний тарёргарлик, қатъият ва ўз устида ишлаш кўп нарсани ҳал қилади.

«Отрядга саломатлик бўйича саралаб олинди, бироқ ақл бўйича ҳам сўралди, шунинг учун ўз устида ишлаш лозим. Энг оғири — ўз «истайман»ингни енгиб, ўзингни нима қилиш керак бўлса, ўшанга мажбурлаш. Ҳозирги ёшлар психологиясида бу ноёб нарсага айланган», — деди космонавт.

Тошкент ҳақида сўзлар экан, Владимир Жонибеков шаҳарнинг ободлашиб, гўзаллашгани, Ғарбий Европа маданиятининг айрим қирраларини ўзида намоён этганини таъкидлаб ўтди.

«Асосийси, ички ижтимоий муаммолар ҳал этилиши, қисқа муддатли сафарларда улар кўзга ташланмайди, бироқ уларнинг борлигини ҳис этиш мумкин. Ёшлар ўрнимизни эгалламоқда, улар кейинчалик қандай яшашни ҳал этишади», — деди космонавт.