Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Ташриф дастурига мувофиқ Париж шаҳридаги Елисей саройида олий даражадаги музокаралар ва Франция Миллий йиғинида учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

«Устувор соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбари Франциянинг етакчи компаниялари вакиллари билан ҳам учрашув ўтказади.

Лувр музейи ва Араб дунёси институтига ташриф буюриб, халқимизнинг бой маданий меросига бағишланган «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» ва «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмалари билан танишиш мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, президентининг Парижга ташрифи арафасида 18 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев Парижда бўлиб ўтган бизнес-форумда фақат француз компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ажратиш, уларга имтиёзлар бериш ва маҳсулотларни харид қилишни кафолатлашга тайёрлигини маълум қилганди. Шу билан бирга у Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсат тамойиллари, қулай сармоявий муҳити, табиий ресурсларнинг кўплиги, «имтиёзли пакетлар» ва бошқа афзалликлари туфайли француз сармояси учун мақбул манзилга айланиши мумкин деган эди.