Ўзбекистон президентининг Парижга ташрифи арафасида 18 ноябрь куни ушбу шаҳарда йирик Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат компания ва холдингларининг 150 дан ортиқ вакиллари қатнашди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ўзбекистон нимаси билан француз бизнеси учун жозибадор эканлиги ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошган. Жорий йилда ҳам ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсишда давом этди — 6 фоизга. Ўзбекистонда сўнгги йилларда Франция капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, 46 тага етди.

«Юқори даражадаги ташриф давомида бир қатор янги битим ва шартномалар имзоланади. Биз икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш тарафдоримиз. Шу нуқтаи назардан, Францияга олий даражадаги ташриф катта имкониятлар очади ва биз бундан тўлиқ фойдаланишимиз керак», — деди Жамшид Ходжаев.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонда хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича «инқилобий ечимлар»ни санаб ўтди. Валюта бозори либераллаштирилди, хусусий сармоядорлар кўплаб соҳаларга кириш имконига эга бўлди. Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишига айланди ва бу борадаги тизимли ишларни таъминлаш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди, деди у.

Шунингдек, Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлат, жумладан Франция фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинган.

Жорий йилда Янги Ўзбекистонни келгуси беш йилга ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унинг йўналишлари қаторида хусусий капитални жалб қилиш бўйича тармоқларни кенгайтириш, инвесторлар ҳимоясини кучайтириш, ташқи савдони эркинлаштириш ва бошқаларни кўриш мумкин.

Жамшид Ходжаев Ўзбекистоннинг «инвестициялар учун қулай жой»га айланиши сабабларини айтиб ўтди.

Биринчидан, унинг айтишича, Ўзбекистон «сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор мамлакат».

«Биз бетарафлик, яхши қўшничилик муносабатлари, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш каби асосий тамойилларга амал қиламиз. Биз тинчликсевар сиёсат юритамиз ва ҳарбий блокларда қатнашмаймиз. Ташқи сиёсатимизнинг ана шу асосий устунлари, жумладан, барқарор иқтисодий фаровонликни сақлашга ёрдам беради», — деди у.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга ўсди. Инфляция даражаси 18 фоиздан 11 фоизга тушди. Иқтисодиёт 2022 йилда ўсишда давом этади ва 5 фоиздан ошиши кутилмоқда. Охирги беш йилда иқтисодиётга киритилаётган хорижий сармоя ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистонда 72 млн аҳолиси бўлган Марказий Осиё бозорига чиқиш имконияти мавжуд ва 300 млн аҳоли истиқомат қилувчи МДҲ давлатлари билан эркин савдо режимига эга, деди бош вазир ўринбосари.

Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзлар тизими Ўзбекистонга Европага 6000 дан ортиқ турдаги товарларни имтиёзли шартларда экспорт қилиш имконини беради. Бунинг шарофати билан ЕИга экспорт 70 фоизга ошди.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасида фаол иш олиб бормоқда. «Яқин келажакда тўлақонли аъзо бўлишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Иккинчи сабаб — «қулай инвестиция муҳити». Мамлакатда инвестициялар тўғрисида алоҳида қонун қабул қилинди, президент ҳузурида бизнес-омбудсман институти жорий этилди. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага, айримларининг ставкалари эса икки баробарга камайтирилди. Келгуси йилдан бошлаб ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Янги компанияларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, 200 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, деди у.

Учинчи сабаб — малакали ишчи кучи. Жамшид Ходжаевнинг фикрича, Ўзбекистоннинг афзалликларидан бири, бу — малакали кадрлар ва юксак интеллектуал салоҳиятдир. Марказий Осиё аҳолисининг ярми Ўзбекистонда истиқомат қилади, бу ерда аҳолининг 50 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади.

Тўртинчи сабаб — табиий ресурсларнинг кўплиги. Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда 2-ўрин, мис захираси бўйича 7-ўрин, волфрам захираси бўйича 8-ўрин, кумуш захираси бўйича 9-ўрин, уран захираси бўйича 12-ўринда.

«Фойдали қазилма конларини ўзлаштиришга кўпроқ сармоя жалб этиш мақсадида биз геологик маълумотларни очиқ деб эълон қилдик. Биз 10 дан ортиқ турдаги стратегик фойдали қазилмаларни ўзлаштирганлик учун солиқ ставкаларини пасайтирдик, ер солиғини бекор қилдик ва импорт қилинадиган геология-қидирув ускуналарини божхона тўловларидан озод қилдик», — дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Бешинчи сабаб — «имтиёзли пакетлар». Мамлакатда саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризмга ихтисослашган 22 эркин иқтисодий зона ташкил этилган. Ушбу зоналар резидентлари 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга мол-мулк, сув ва ер солиғидан озод қилинади.

Олтинчи сабаб — молиялаштириш ва субсидиялар. Ўзбекистон компанияларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш учун транспорт харажатларини 70 фоизгача қоплашга тайёр.

Истиқболли қўшма лойиҳаларни (50 фоизгача) молиялаштириш учун Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилди, деди бош вазир ўринбосари.

Еттинчи сабаб — географик жойлашув. Энг муҳим транспорт йўналишлари чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон Ғарб ва Шарқ, Шимол ва Жануб ўртасидаги кўприк бўла олади, деди ИТСВ раҳбари.

Шу боис мамлакат Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли лойиҳаларини илгари сурмоқда.

Саккизинчи сабаб — кейинги ўзгариш. Иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда, деди Жамшид Ходжаев. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 1200 та давлат корхонаси хусусийлаштирилди. Келгуси йилда яна 1000 га яқин корхона ва обектларни хусусийлаштириш режалаштирилган. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида давлат-хусусий шериклик фаол амалга оширилмоқда.

Расмийлар банк-молия соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ниятида. Гап бу борада соғлом рақобатни шакллантириш ва хорижий банкларни фаол жалб этиш, шунингдек, самарали фонд бозорини яратиш ҳақида бормоқда.

«Биз қонун устуворлигини Янги Ўзбекистоннинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олдик. Бундан буён шаффоф ва адолатли ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқ тизими орқали фуқаролар ва тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари сўзсиз таъминланади ва ҳимоя қилинади. Сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, биз мамлакатимизда очиқ ва жадал ривожланаётган замонавий давлат барпо этиш йўлида бошлаган ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз», — деди Жамшид Ходжаев.

Президент Шавкат Мирзиёев 21−22-ноябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлади. Бунгача Ўзбекистон президенти 2018 йил октябрь ойида Францияга ташриф буюрган эди.