Тармоқларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида боғланган итни темир бўлаги билан уриб ўлдирган шахс видеоси тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу ҳолатни содир этган эркак Хитой фуқароси Ҳ.С. эканлиги аниқланди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекисининг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Ушбу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида (900 минг сўм) жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, қўшма корхонанинг қолган ишчилари ва раҳбарлари билан қайта шу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этмаслиги юзасидан таржимон хизматидан фойдаланган ҳолда профилактик ишлар олиб борилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг май ойида сенаторлар Жиноят кодексига ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ҳақидаги моддани киритишни маъқуллашганди. Қийноқ жониворларнинг майиб бўлиши ёки ўлимига олиб келса, БҲМнинг 25 дан 50 бараваригача жарима, жамоат ёки ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш ёки қамоқ жазолари қўлланилиши белгиланганди.

Ой охирида эса ижтимоий тармоқларда икки боланинг кучукни дарахтга осаётгани тасвирланган видео тарқалганди. Суд болаларнинг ота-оналарини 245 минг сўм ҳамда воқеани видеога олган ва ижтимоий тармоқларда тарқатган ўрта мактаб ўқувчиларининг ҳар бирини 2,4 млн сўм миқдорида жаримага тортганди.

Шунингдек, 2022 йилнинг апрелида Тошкентнинг Чилонзор туманида номаълум эркак кучукчани болаларнинг кўз ўнгида қаттиқ калтаклагани акс этган видеолавҳалар тарқалганди. Тошкент ИИББ ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари бошланганини хабар қилганди.

Бундан ташқари, июлда Жиззахда яна бир Хитой фуқароси итни тириклайин куйдирганди. Унга нисбатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани туфайли маъмурий баённома расмийлаштирилган.