Наманган вилоятида дарахтга итни осган болаларнинг ота-оналари, шунингдек воқеани видеога олган ва ижтимоий тармоқларда тарқатган мактаб ўқувчилари маъмурий жавобгарликка тортилдилар, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

«Газета.uz» аввалроқ май ойи охирларида ижтимоий тармоқларда икки боланинг дарахтга кучукни осаётгани тасвирланган видео тарқалгани ҳақида ёзган эди. Наманган ИИБ хабарига кўра, 24 май куни Чортоқ тумани «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи икки нафар мактаб ўқувчиси уйидаги товуқларига зарар етказган итни далага ташлаб келиш мақсадида уни ўзи билан олиб, уйдан чиқади. «Ўзлари содир этаётган ҳаракатларни ҳуқуқий оқибатини тушуниб етмасдан итни чинор дарахтига осган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатни Чортоқ тумани «Ҳайрли» маҳалласида яшовчи И.Б. (2003 й.т.) видеотасвирга олган. У Telegram ижтимоий тармоғидаги синфдошлар гуруҳига юборган. 27 май куни видеони 11-синф ўқувчиси А.Т. «TikTok» ижтимоий тармоғига жойлаштирган. Видеотасвирдаги кучукни, уни осган болалардан бири парваришлаётгани айтилган эди.

29 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман суди томонидан, 2003 йилда туғилган, С.О. ҳамда 2003 йилда туғилган Н.А.ларга нисбатан МЖтКнинг 189-моддаси 1-қисмига (Вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш) асосан иш хужжатлари кўрилиб уларга нисбатан 2 млн 450 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.

Вояга етмаганлар, 2008 йилда туғилган, М.Н.нинг отаси О.Н ва 2009 йилда туғилган, О.Р.нинг отаси Н.Р.ларга нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига (Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши) асосан тўпланган хужжатлар Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан уларга нисбатан базавий хисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида яъни 245 минг сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди.