Эндиликда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун нафақат жарима, балки ахлоқ тузатиш ишлари ва қамоқ жазоси тайинланиши ҳам мумкин. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28−29 май кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисда қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни маъқуллади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) қуйидаги кўринишда кучайтирилмоқда:

«Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади".

Ҳозирда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран ёхуд вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилса, — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади.

Сенат томонидан Жиноят кодексига янги 202−1-модда (Ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлиш) киритилиши маъқулланди.

Мазкур моддага кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа мақсадларда уларга азият етказиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаганлик учун маъмурий чора қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, БҲМнинг 25 дан 50 барваригача жарима, 240 соатгача жамоат ишлари, 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача қамоқ жазоси қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура ўган йилнинг ноябрида маъмурий ва жиноий қонунчиликка тузатиш киритиш бўйича ушбу таклифларни муҳокама учун эълон қилган эди. Таклифларни ишлаб чиқиш ташаббуси эса «Mehr va oqibat» Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти томонидан илгари сурилган.

«Биз [ҳайвонларга нисбатан] шафқатсиз муносабат тўғрисидаги фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини тўпладик, судларда иштирок этдик, статистика юритдик, маърифий суҳбатлар ўтказдик. Бу жуда узун ва мураккаб йўл эди. Биз Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларга, шунингдек қонунчилик устида ишлашда қатнашган барча миннатдорчилик билдирамиз» , — деган эди «Mehr va оqibat» жамияти ижро қўмитаси раиси Тимур Арипов «Газета.uz»га.

Муҳокама босқичида Жиноят кодексига киритилиши режалаштирилган модда лойиҳаси бироз бошқача кўринишга эга эди. Хусусан, унда маъмурий жазо учун шартлар мавжуд эмас эди. Ҳайвон ўлган ёки жароҳат олган тақдирда жиноий жазо тайинланиши мумкин эди. Бундан ташқари, қуйидаги жиноят содир этилган тақдирда жиноий жазони кучайтириш таклиф қилинди: гуруҳ томонидан олдиндан тил бириктириб / оммавий ахборот воситалари ва Интернетда маълумот тарқатиш билан / икки ёки ундан ортиқ ҳайвонларга нисбатан / вояга етмаганлар иштирокида / Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан.

Қонунчиликка киритилган тузатишлар Ўзбекистон президенти томонидан имзоланганидан кейин қонуний кучга эга бўлади.