Ўзгидромет маркази дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Унга кўра, жума куни республика ҳудудига жанубий циклон кириб келиши кутилмоқда, бунинг ҳисобига республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ёмғир кучсиз, жанубий ва марказий ҳудудларда эса бир оздан ўртача тезликда ёғиши кутилмоқда. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, баъзи жойларда бу ҳолат кучли бўлиши мумкин.

Айрим ҳудудларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳаво +14…+17 даражагача исийди, бу ушбу куннинг меъёрий қийматларига яқиндир.

Шанба куни республиканинг катта қисмида ёмғирли об-ҳаво сақланиб туради, Қорақалпоғистон респудликаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши сабабли узоқни кўриш ёмонлашиши мумкин. Айрим ҳудудларда шамол 15−20 м/с гача эсиши давом этади. Ҳаво ҳарорати кечаси +5…+10 даража, кундузи +10…+15 даража бўлади.

Якшанба куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади. Ҳаво ҳарорати кечаси +3…+8 даражани, кундузи +10…+15 даражани ташкил этади.

Аввалроқ Ўзгидромет 18−22 ноябрь кунлари кучли ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгариши сабабли Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида қор кўчиш хавфини эълон қилганди.