Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 10 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида сўзга чиқди.

У ўз нутқини саммит геосиёсий кескинлик кучаяётган бир шароитда ўтаётганидан бошлади. «Янги дунё тартиби учун курашишнинг янада ортаётгани мамлакатларимиз ва минтақамиз барқарорлиги, хавфсизлиги ва узлуксиз тараққиёти учун кўплаб таҳдидларни пайдо қилиб, глобал миқёсда чуқур тафовутларни келтириб чиқармоқда», — дея қўшимча қилди у.

«Авваламбор, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий содиқлик асосида суверенитет, ҳудудий яхлитлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга бўлган таҳдидларни енгиш учун кўп қиррали муносабатларимизни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳамда умумий имкониятларимизни оширишимиз зарур», — дея таъкидлади Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Владимир Норов мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми Ташкилотга аъзо давлатларнинг 970 млрд АҚШ доллардан ортиқ умумий товар айланмаси ҳажмининг 3 фоизидан камроғини (21 млрд доллар) ташкил этади.
Бу кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун:

  • савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўлидаги тариф ва нотариф чекловларни ҳамда бошқа тўсиқларни изчил қисқартириш, савдога инновациялар ва рақамли ечимларни фаол жорий этиш;
  • инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаш ва устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни рағбатлантириш лозим.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий ҳамкорлик вазирлари учрашуви якунлари бўйича савдони осонлаштириш Стратегияси тасдиқланганини эслатиб ўтди.

Владимир Норов эртага бўлиб ўтадиган саммит доирасида транспорт ҳамкорлиги соҳасидаги жуда муҳим ҳужжат — транспорт соҳасидаги боғлиқлик Дастури имзоланишини маълум қилди.

«Евроосиёда шаклланаётган янги геоиқтисодий ҳолат биз учун Евроосиёнинг стратегик йўлакларини боғловчи минтақамизни жаҳон ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжиридаги қудратли транспорт-логистика бўғинига айлантириш учун жуда қулай истиқболларни очмоқда», — деди ТИВ раҳбари.

«Бош мақсад — бизнинг қуруқлик ва денгиз портларимизни жаҳон бозорлари билан мустаҳкам боғлайдиган ягона транспорт маконини шакллантиришдан иборатдир. Биргаликда Транскаспий «Ўрта йўлаги»ни келажакда Ташкилот давлатларининг ягона транспорт тизимига интеграциялашуви учун платформага айлантиришимиз мумкин», — дея қайд этди Владимир Норов.

Юк ташиш имкониятини ошириш, муддати ва таннархини камайтириш, ушбу йўналишнинг транспорт-логистика тизимини рақамлаштириш, шунингдек, божхона ва транспорт қонунчилигини уйғунлаштириш ва синхронлаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш мамлакатларни ушбу стратегик мақсадга янада яқинлаштиради, дея қўшимча қилди у.

Владимир Норов ўз нутқида Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди. «Биз Афғонистон Муваққат ҳукуматига нисбатан умумий ва яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим», — дея таъкидлади Владимир Норов. У Ўзбекистон халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тикланишига фаол ёрдам кўрсатиши зарурлиги борасида қатъий ва принсипиал позицияга содиқ эканини қайд этди.