Россиянинг SIMETRA транспорт компанияси бир неча ойдан буён 2031 йилгача бўлган давр учун Самарқанд агломерацияси ва шаҳар йўловчилар транспортининг бош режасини ишлаб чиқмоқда.

«Газета.uz» билан суҳбатнинг навбатдаги қисмида ривожланиш бўйича директор Кристиан Бёттгер, транспорт режалаштириш бўлими бошлиғи Сергей Блакитний, транспорт режалаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Андрей Кушин, жамоат транспорти соҳасида ечимлар бўйича директор Владимир Валдин ва Ўзбекистон транспорт вазирлиги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммолари тадқиқот маркази директори Мурод Абидов шаҳардаги автотураргоҳлар нима учун пуллик бўлиши кераклиги, нима учун айрим кўчаларда машинани тўхтатиб туришни тақиқлаш зарурлиги ва автотураргоҳлар ҳамда тўхташ қоидаларини бузганлик учун жарима нималарга сарфланиши лозимлиги ҳақида гапиришди.

Эслатиб ўтамиз, суҳбатнинг биринчи қисмида мутахассислар Ўзбекистон шаҳарларида ЙТҲ сонини қандай камайтириш ҳақида гапиришган эди.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда транспорт муаммолари бўйича берилаётган ечимлар фақат дастлабки ҳисобланади. Якуний тавсиялар лойиҳа тугаганидан сўнг вилоят маъмуриятига тақдим этилади.

Шаҳарнинг баъзи кўчаларида «парковка» қилишни тақиқлашни тавсия қилармидингиз?

Сергей Блакитний: Ҳа, биз аллақачон маълум жойларида «парковка» қилишни тақиқлашни таклиф қилмоқчи бўлган кўчаларнинг дастлабки рўйхатини тузиб чиққанмиз. Биз бу рўйхатни шаҳар билан келишишимиз керак.

Биз бир неча ҳолатларда «парковкани» тақиқлашни тавсия қиламиз: жамоат транспорти учун ажратилган ҳаракатланиш бўлагини ташкил этиш зарур бўлган кўчаларда, бир томонлама ҳаракат кўзда тутилган кўчаларда ва ҳаракатланиш қисми бўйлаб велосипед йўлаклари ўтиши керак бўлган кўчаларда. «Парковка»ни тақиқлаш орқали шаҳар кўчаларининг хавфсизлиги ва ўтказувчанлик қобилиятини ошириш мумкин.

Олдинлари бу кўчаларда машиналарини қолдирган ҳайдовчилар энди қаерда тўхташлари керак?

Владимир Валдин: «Парковка полосалари» бор жойлардагина автомобилни қолдиришга рухсат берилиши керак. Бу шаҳар ўз кўчаларида жорий қилиши мумкин бўлган чизиқлардан бири. Aммо биз чизиқ чизишни таклиф қилаётганимиз йўқ — бу энди локал лойиҳа. Биз келажакда талаб қилинадиган индивидуал ва жамоат транспорти учун стратегик режалаштиришни таклиф этамиз. Шу билан бирга, биз ҳаракатланиш қисмида «парковка» қилиш мумкин бўлмаган кўчалар ҳудудларини алоҳида кўрсатяпмиз.


Фото: Владимир Валдин.

Aндрей Кушин: Шаҳар автотураргоҳ учун бепул жой бермаслиги керак. Бу шаҳар еридан энг мантиқсиз фойдаланишдир. Келажакда ҳар бир шаҳар тўхташ жойини пуллик қилиш қарорига келади. Бу муқаррар. Aвтотураргоҳни бошқариш учун эса уни назорат қилиш керак.

Сергей Блакитний: Бу муқаррар, чунки автомобилизация даражаси ўсиб бормоқда. Одамлар жамоат транспортига нисбатан жозибалироқ бўлгани учун индивидуал транспортни танлашади. Aммо бу ачинарли оқибатларга олиб келади — транспорт воситалари ҳаддан ортиқ кўпаймоқда. Машиналарнинг бундай кўп сонидан чидолмай қоласиз.

Аста-секин барча йирик шаҳарлар автотураргоҳларни пуллик қилишяпти. Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари кўп йиллардан буён бу амалиётни қўлламоқда. Шаҳарнинг марказий қисмида тўхташ жойи пуллик қилинганидан кейин йўлларнинг ўтказувчанлиги ошди, баъзи одамлар жамоат транспортидан кўпроқ фойдалана бошлашди. Aммо энди, агар киши шаҳар марказидан транзит қилиб ўтишни хоҳласа, унда бундай имконият мавжуд. Илгари, у тирбандликларда турарди ёки жуда секин ҳайдашига тўғри келарди.

Андрей Кушин: Бундан ташқари, тартиб пайдо бўлди. Илгари ҳайдовчи автомобилни тўғри келган жойда қолдириши мумкин эди, қатнов қисми бўйлаб тўхташ жойи тугаши биланоқ, у пиёдалар йўлагига ёки иккинчи қаторда машинани қолдириб кетиши мумкин эди. Бу бутунлай бошқариб бўлмайдиган жараён эди.

Ҳозир бу жараёнлар назорат қилинади, шунинг учун уларни бошқариш мумкин. Aгар ҳайдовчи тўхташ жойи қоидаларини бузса, дарҳол эвакуатор келиб, жарима солади. Фуқароларнинг ўзлари ушбу қоидаларга риоя қилишда талабчанроқ бўлишмоқда.

Машиналарни бепул «парковка» қилишни истаганларнинг барчаси пуллик тўхташ жойидан ташқарига ҳайдаб чиқарилди. Энди тартибсизлик четроққа кўчди. Aммо пуллик автотураргоҳлар ҳудуди автомобилларни марказдан янада узоқлаштирган ҳолда кенгайиб бораверади. Эртами-кечми Европа шаҳарларида бўлгани каби пуллик автотураргоҳлар майдони бутун шаҳар бўйлаб тарқалади.

«Парковка» қилишни тақиқлаш тўғрисидаги таклифга шаҳар қандай муносабатда?

Мурод Aбидов: Ҳозирча салбий.

Сергей Блакитний: Чунки расмийлар пуллик автотураргоҳ автотранспорт эгаларига зарар етказади, деб ҳисоблашади. Aммо агар бунга комплекс тарзда қаралса, шундай қилинмаса ҳам бўлмайди, акс ҳолда шаҳар қотиб қолади.

Ҳаммага бирдек яхши бўлади деёлмаймиз. Биз кўпчилик манфаатини кўзлаяпмиз ва буни ниманингдир ҳисобига амалга ошираётганимиз сир эмас. Кимгадир барибир унчалик қулай бўлмайди. Ниманидир қурбон қилиш керак бўлади. Демак, йўлдаги вақтни қурбон қиламиз, масалан, машинадан дўконгача бўлган вақтни. Ҳа, ҳайдовчи кўпроқ юришига тўғри келади. Aммо, эвазига бу кўчада юриш ва машина ҳайдаш хавфсизроқ бўлади, транспортнинг ўртача ҳаракатланиш тезлиги ошади.

Нима учун автомобиль эгалари йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари қулайлиги учун ўз вақтларини қурбон қилишлари керак?

Мурад Абидов: Самарқанднинг савдо майдончалари жойлашган Мирзо Улуғбек кўчасини олайлик. Бу кўча бўйлаб деярли ҳар доим сотувчилар ва шу кўчада жойлашган турли муассасалар ходимларининг машиналари тўхтаб туради. Жуда кам одам машинасида у ерга нарса сотиб олиш учун келади.

Бу кўчанинг битта «полоса"си тўхтаб турган машиналар билан тўлиқ банд. Айримларнинг автомобилини «парковка» қилгани жамоат транспорти тезлигининг ошишига тўсқинлик қилади. Бу шахслар максимум 100 кишини ташкил қилиши мумкин. Кунига бу кўчадан фойдаланадиган йўловчилар сони эса 50 минг киши бўлиши мумкин. Мен ушбу «полоса»нинг кунлик ўтказувчанлик қобилиятини назарда тутаяпман.

Бу «полоса» жамоат транспортига берилиши мумкин ва унинг ушбу ҳаракатланиш бўлаги бўйлаб ҳаракатланишини устувор қилиб қўйиш мумкин. Шу орқали шаҳар A нуқтадан Б нуқтагача 50 минг кишининг ўз вақтида етиб боришини таъминлайди. Шахсий транспорт воситаларидаги 100 кишининг қулайлиги ва жамоат транспортидаги 50 минг кишининг тез ҳаракатланиши орасидан бирини танлаш керак.


Фото: Владимир Валдин.

Ушбу одамларнинг машиналарини бу ердан олиб ташламай туриб, жамоат транспортини қулай қилиб бўлмайди. Бу параллель жараёнлар. Одамлар жамоат транспортини танлаши учун у ишончли бўлиши, яъни жадвалга риоя қилиши керак. Aгар автобус тирбандликда туришга ва деярли пиёда тезлигида ҳаракатланишга мажбур бўлса, жамоат транспорти қулайлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Владимир Валдин: Шаҳарнинг ҳар бир километр йўлига максимум 150 та «парковка қилинган» машина сиғади. Бу жуда кам, лекин жуда кўп жойни эгаллайди. Шаҳарда синергия бўлиши керак. Ҳеч ким бошқаларга халақит бермаслиги керак.

Келинг, автобус бекатларини ҳам кўриб чиқайлик. Самарқандда ҳам, Тошкентда ҳам бу бекат эмас, балки йўл бўйидаги дўконлар ва қаҳвахоналардир. Қаҳвахоналардан жамоат транспорти йўловчилари эмас, балки индивидуал транспорт ҳайдовчилари фойдаланишади. Кўриниб турибдики, индивидуал транспорт воситалари ҳамма нарсадан устун бўлмоқда.

Ҳозирча биз дўконлар масаласини Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимиятлари билан муҳокама қилмадик. Аслида, дўконлардан ҳайдовчиларни тўхташга ундовчи товарларни олиб ташлаш керак. Менга бу товарлар сигарет эканини айтишганди.


Фото: Владимир Валдин.

Биламизки, яқинда Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилди. Бу етарлича жиддий муаммо. Жарималар одамларнинг чўнтаги кўтара оладиган даражада бўлмаслиги керак, уларнинг мақсади бошқа. Тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши ижтимоий хавфли ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Чунки ўз машинаси билан автобуснинг бекатга келадиган йўлини эгаллаган бир киши битта автобусдаги 100 нафар йўловчининг мобиллигини пасайтиради. Автобуслар эса бир нечта бўлиши мумкин.

Шунингдек, бу ҳайдовчи потенциал жамоат транспорти йўловчиларини қўрқитиб юборади. Йўловчилар автобус бекатига бормайдилар, чунки қаҳва ичишни истаган ҳайдовчи туфайли бекатга яқинлашиб бўлмайди. Одамларнинг чўнтаги кўтара оладиган жарима — бу аслида ҳуқуқбузарликларнинг тарификациясидир.

Тўхтаб туриш қоидалари ва ҳаракатланиш тезлиги тартибига риоя қилинишини қандай назорат қилиш таклиф қилинмоқда?

Мурад Абидов: ЙҲҚ бузилишларини ёзиб олиш учун шаҳарнинг маълум нуқталарида ҳаракатланиш детекторлари ва камераларни ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Биз ҳаракат ўлчагичлари, зичликни қайд этиш ўлчагичлари ва қоидабузарликларни қайд этиш учун камераларни ўрнатиш бўйича дастлабки таклифлар харитасини тайёрладик.

1 мартдан юридик шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш учун радар ва камералар ўрнатишга рухсат берилди. Aммо гап шундаки, қоидалар бузилганлиги учун жарималардан йиғилган маблағ Ички ишлар вазирлиги ва республика бюджетига тушади. Кўпгина мамлакатларда транспорт департаменти ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу маблағларни ўзаро тақсимлаб олишади.


Биз шаҳар ҳокимлиги билан маблағларнинг катта қисми шаҳар бюджетига тушиши ва ушбу маблағлар транспорт инфратузилмасини яхшилашга сарфланиши бўйича келишувга эришишга ҳаракат қиляпмиз.

Кристиан Бёттгер: Москвада тўхташ қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш билан ташкил этилган муниципал ташкилот шуғулланади. У қоидабузарликларни қайд қилади ва маълумотларни жарима соладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига етказади.

Камераларни ҳамма ерда ўрнатишнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Жарима солиш учун камерада транспорт воситаларининг давлат рақами кўриниши керак. «Парковка қилиш» қоидаларини ва бошқа йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини автоматик тарзда назорат қилиш технологиялари мавжуд — «паркон». Бу тўхтаб турган транспорт воситасини суратга оладиган, камера ўрнатилган машина. Тизим давлат рақами орқали тўхташ жойи учун тўланганлигини текширади.

Биз бевосита «паркон"ларни жорий қилишни таклиф қилмаслигимиз мумкин, аммо биз, албатта, тўхташ жойларини бошқариш таклифини берамиз. Агар майдон кичкина бўлса, бу иш билан пиёда инспекторлар ҳам шуғулланиши мумкин. Улар шунчаки бориб текширишади. Бу пуллик иш. Қоидаларга риоя қилинишини назорат қилувчи ва жаримага тортувчи инспекторлар армиясини ёллаш мумкин. Aммо бу жарималар ҳақиқатан ҳам катта бўлганида ва маблағлар шаҳар фаровонлиги учун ҳам йўналтирилгандагина қўл келади.

Владимир Валдин: Жарима солишнинг вазифаси бюджетга пул тушириш эмас, бу иккиламчи масала. Қоидабузарликнинг олдини олиш чоралари бирламчи ҳисобланади. Ҳатто жаримага тортиш шарт эмас. Киши унга жарима солиниши мумкинлигини аниқ тушуниши керак. Масалан, Тошкентдаги ҳайдовчилар радарлардан қўрқишади, демак бу ишлаяпти. Ва худди шу тарзда, автобус бекатлари кириш қисмидаги жойларни назорат қилиш мумкин эди.


Фото: Владимир Валдин.

Масала аслида назорат ва ижро ким томонидан ва қай тартибда амалга оширилишида. Давлатда ҳамма нарса давлат томонидан, шаҳар даражасида эса — муниципалитет томонидан тартибга солинади. Шаҳарда тўғридан-тўғри техник фаолият (камераларни ўрнатиш ва квитанцияларни тарқатиш эса техник фаолиятдир) ҳар қандай шахс томонидан — жисмоний ёки юридик — жамият билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Шаҳар ижрочи ҳисобланган ушбу шахснинг буюртмачиси бўлади. Бу иш билан масъулияти чекланган жамият ва якка тартибдаги тадбиркор шуғулланиши мумкин.

Aммо айнан бутун шаҳар миқёсидаги келишув учун хавф туғдирадиган қоидабузарликлар жарималаридан ундириладиган маблағ шаҳар бюджетига тушиши керак. Ва шаҳар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилиши керак.

Қандай қоидабузарликлар бундай хавф туғдиради?

Владимир Валдин: Биринчи навбатда — тўхташ, тезликни ошириш, жамоат транспорти ва пиёдаларни ўтказиб юбормаслик.

Шаҳар — бу умумий келишув воситасидир. Aгар биз, 2 миллион аҳоли, шу ерда яшасак, келинглар, бир-биримизга халақит бермасликнинг имконини берувчи баъзи қоидалар бўйича келишувга эришайлик. Бунинг учун биз баъзи, кўпинча умуман афсонавий қулайликлардан воз кечишимиз керак.

Aвтобус бекатида тўхтаган одамнинг машинаси бор. Пуллик тўхташ жойи бўлса ҳам 200 м масофани босиб ўтиб, қаҳвахона олдида автомобилини тўхтатиш унга ҳеч нарса эмас. Aгар унга ўтиш қийин бўлса, бу унинг муаммоси. Нима учун у ўз машинаси билан 100 нафар автобус йўловчисига муаммо туғдиради?

Одамлар бировларнинг истаклари ва бошқаларнинг имкониятлари ўртасидаги мувозанатни ўрнатиш учун давлатни ихтиро қилганлар. Ҳар қандай шаҳар — бир-бирини танимайдиган одамлар гуруҳлари ўртасида қандайдир келишув натижасидир. Ва ушбу одамлар бу шаҳарда ҳамма нарса қандай ишлаши кераклиги тўғрисида келишиб олишлари керак.

Aгар ушбу келишувни бузадиган одамлар бўлса, ушбу келишувларнинг бузилишидан келиб чиқадиган муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланувчи ташкилот, ижтимоий институт бўлиши керак.

Жамиятнинг локомотиви бўлган одамлар кўпчилик учун ишлайдиган қоидалар учун курашишлари керак. Ушбу қоидалар озчилик учун ишлайдиган қоидалардан устун келиши керак.

Шаҳар учун жарималардан йиғилган маблағни ўз бюджетига олиши фойдалироқ бўлиши аниқ. Aммо жамоат транспортидан, айниқса, унга бериладиган субсидиялардан шаҳар қандай фойда кўради?

Владимир Валдин: Буни биргаликда ҳисоблаш керак. Бу худди ҳеч ким тўламайдиган кўча ёритгичларига ўхшайди. Ҳар бир устунга касса аппарати ўрнатиш мумкин. Нима учун чироқлар ҳамма учун ёнади? Тунда ёруғ бўлиши учун танга ташлаш керак. Aгар пули бўлмаган одам ортингиздан эргашса, унинг учун ёритиш шарт эмас.

Танспортни бошқаришнинг мавжуд тизими — бу соф бизнес. Инсон қиладиган ҳар қандай иш учун ҳақ тўланиши керак. Ҳайдовчи автобусни линияга қўяди ва одамларни ташийди — бу иш учун ҳақ тўланиши керак. Савол туғилади: ниманинг ҳисобидан? Ёки ҳайдовчи йўловчиларни қидириб юради, аммо бу энди автобус эмас, балки таксининг бир турига айланади. Ёки маошини унга шаҳар тўласин ва қанча йўловчи йиғиши — унинг муаммоси бўлмасин. Унинг дарди фақат график бўлади.

Жамоат транспорти худди шу каби ижтимоий инфратузилма. Aгар давлат ўз армиясини боқишни истамаса, унда бегона давлат армиясини боқади. Бизнинг ҳолатимизда, ёки шаҳар кўпчилик учун оддий жамоат транспортининг нормал ишлаши учун пул сарфлайди ёки жуда кам сонли одамларнинг ўз машиналарида «парковка» қилишлари учун кўпроқ пул сарфлайди. Пировардида жамоат транспорти нафақат арзонроқ бўлади, балки қўшимча даромад келтирадиган кичик бизнесни ривожлантиришга ҳам имкон беради.

Шаҳар бепул автотураргоҳга қанча пул сарфлашини ҳисоблаяпти деб ўйлайсизми?

Владимир Валдин: Ҳисоблаши керак. Бу бизнинг муаммоларимиздан бири — Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам, Францияда ҳам. Бюджетлар мувофиқлаштирилмаса, тартибсизлик бошланади. Охир-оқибат, шаҳар бюджети чекланган. Aммо унинг нимага сарф қилинаётганига эътибор қаратиш керак. Нима учун пулларни йўллар ва автотураргоҳга сарфлаш керак деб ҳисобланилади? Ва нима учун йўллар ва автотураргоҳга шунча пул сарфланади?