Тошкент шаҳрида автомобиллар учун ягона йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тизими ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги тирбандликларни, марказий кўчаларда транспорт оқимини камайтириш, жамоат транспортининг ўртача ҳаракатланиш тезлигини ошириш, автомобилларнинг йўл бўйида бетартиб тўхташини тартибга солиш, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида шаҳарда ягона автомобиль йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари тизими ташкил этилади.

Автоматлаштирилган «парковка"лар 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида биринчи босқичда 11 та — хусусан, «Фидокор», «Амир Темур», «Нукус», «Братислава», «Миробод», «Глинка», «Авлиёота», «Шевченко», «Саид Барака», «Моштабиб» ва «Якуб Колас» кўчаларида, келгусида талабдан келиб чиқиб бошқа кўчаларда ташкил этилиши режалаштирилган.

Шу мақсадларда 2 та паркон (махсус автотранспорт), 2 та эвакуатор ва 57 та паркоматлар харид қилиниши кўзда тутилган.

Тизимни жорий этиш жараёнида пуллик тўхташ жойларига ёндош ҳудуддаги пиёда йўлакларини таъмирлаш ва велосипед йўлаклари ташкил этиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда автомобилларнинг автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида қарор қабул қилади.

Қайд этилишича, ушбу концепция шу жумладан, шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сони 20 фоизгача қисқартириш ва велосипед транспорти инфратузилмасининг кенг ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Йил давомида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида вилоятлар марказларида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш режалаштирилган.

2022−2026 йилларда ДХШ асосида тадбиркорлик субъетлари маблағлари ҳисобига 80 та кўп қаватли автотураргоҳларни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.