1 ноябрга қадар Тошкентнинг 11 та кўчасида синов тариқасида йўл бўйлаб пулли тўхташ жойлари пайдо бўлиши керак эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Абидов апрель ойида «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилганди.

Бироқ лойиҳани ишга туширишга асос бўлувчи ҳоким қарори ҳали қабул қилингани йўқ, дея хабар қилди Тошкент транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев «Газета.uz»га. «Ҳужжат тез орада имзоланади», — деди у.

Бугунги кунда Тошкентда автотранспорт воситалари сони ўсиши билан бирга, автотураргоҳларга, жумладан, йўл бўйидаги тўхташ жойларига талаб ҳам ортиб бормоқда. Йўл бўйларида тўхташ жойлари тизимли равишда ташкил этилмагани сабабли ҳатто пойтахт марказида ҳам тўхташ жойлари ҳаракат қисмидан кўра кўпроқ жой эгаллайдиган кўчалар сони ошган. Ҳайдовчиларни тақиқловчи белгилар билан тўхтатиб бўлмайди. Кўпинча кўчаларда машиналар қўйилишини тартибга солувчилар ноқонуний равишда ишлаётган бўлади ва улар кимгадир машинани қўйишга ёрдам бераётганида бошқаларнинг ўтишини қийинлаштиради.

Якуб Колас кўчасига қўйилган машиналар. Манба: Google Maps.

Машина эгалари одатда пулли тўхташ жойлари ҳақидаги янгиликларни норозилик билан кутиб олишади. Бу чоралар «Ўзбекистонда ҳеч қачон иш бермайди», «ҳайдовчиларимиз ҳеч қачон автобусга чиқмайди» деган гапларни эшитиш мумкин. Бироқ бундай муносабат фақат бизда эмас. Қачонлардир «бепул автотураргоҳли шаҳарлар» клуби азоси ҳисобланган шаҳарлар аҳолиси пулли тўхташ жойларига қарши намойиш ўтказган ва паркоматларни синдиришган. «Газета.uz» дунёнинг учта шаҳрида пулли автомобиль қўйиш жойлари қандай жорий қилингани ва бу қандай натижаларга олиб келгани ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, биз шаҳарсозлик бўйича мутахассислардан Тошкентга пулли тўхташ жойлари керакми, деб сўрадик.

Оклахома шаҳри, Оклахома штати, АҚШ

Паркоматлар Оклахома шаҳрида ихтиро қилинган ва ундан 1935 йил 16 июлдан бошлаб фойдаланиш бошланган. Уларга бўлган эҳтиёж XX асрда одамларни отлардан машиналарга кўчириб ўтқазган автомобиллар «бум»и сабабли юзага келган. Агар 1913 йилда бу шаҳарда 3000 га яқин машина бўлган бўлса, 1930 йилга келиб уларнинг сони 500 мингга етиб улгурган.

Бу эса тўхташ жойига бўлган талабни оширди, бироқ автомобиль тўхташ жойида қанча вақт турганини аниқлайдиган ускуна бўлмагани сабабли бу жойлар учун тўлов ундиришнинг имкон йўқ этди. Муаммонинг ечимини собиқ журналист Карл Маги (Carl Magee) олимлар билан биргаликда топди. Улар машиналар тўхташ жойидан фойдаланиш учун қолган вақтни ҳисоблайдиган механик қурилма — паркоматни ўйлаб топишди. Ихтиро нафақат тартибсиз автотураргоҳлар муаммосини ҳал қилди, балки шаҳар ғазнасига қўшимча маблағ ҳам олиб кела бошлади.

Бироқ ҳамма америкаликлар ҳам ўзгаришлардан мамнун эмас эди. Журналист Синтия Кроссен (Cynthia Crossen)нинг айтишича, кўпчилик машиналарни бепул қўйишни ўзларининг конституциявий ҳуқуқи деб ҳисоблашган ва шунинг учун улар бир вақтлар боболари отларини боғлаб кетганидек, машиналарини ҳам қўйиб кетаверишган. Баъзи оклахомаликлар паркоматни «бир оёқли ўғри» ва «шайтоннинг қуроли» деб аташган. Уларнинг фикрига кўра, у машинага эгалик қилиш ҳуқуқини тортиб олган.

Расмийларнинг чораларига жавобан шаҳар аҳолиси турли норозилик намойишлари уюштиради. Мисол учун, бир эр-хотин паркомат олдига стол ва стул қўйиб, 5 цент тўлашади ва карта ўйнашади. Маҳаллий амалдорлардан бири эса машинасини тўхташ жойига қўйиб, бунинг учун пул тўламади ва бир неча соатдан кейин тарихда биринчи бор жарима қўлланилади. Бошқа ҳолатда ҳуқуқшунос машиналар қўйиш жойлари бепул бўлишини талаб қилиб маҳаллий ҳукуматни судга беради, лекин ютқазади.

Шаҳар маъмурияти қарорида қатъий эди. Фуқароларнинг норозилигига қарамай, машина қўйиш жойларини жорий этишда давом этилди. Ойлар ўтиб, ихтиро ўзининг фойдалилигини исботлаганидан сўнг, хусусий компаниялар ҳам ўз идоралари жойлашган кўчаларда автотураргоҳлар қўйилишини талаб қила бошладилар, дейди тарихчи Лирой Фишер. Шаҳар бюджети ҳайдовчилардан тўхташ жойидан соатига қўшимча 5 цент ва ҳар бир жарима учун 20 доллардан олишни бошлайди.

Ўшанда норозилар фақатгина Оклахомада топилмасди. 1940-йилларнинг бошларида Қўшма Штатлар бўйлаб 140 мингга яқин паркоматлар ўрнатилди. Жамият дарғазаб бўлди, Американи вандализм тўлқини қамраб олди: одамлар парковкаларни синдиришар, шайбаларини суғуриб олишар, чет эл тангалари ва аттракционлар жетонларини тиқишарди.

Ҳайдовчиларнинг янги тўлов усулига кўникишларига узоқ вақт керак бўлди. Улар тор кўчаларни айланиб бўш жой излар, баъзилари атайлаб дўконлар олдида тўхташар, юк машиналари эса кўчани бутунлай тўсиб қўярди.

2014 йилда америкалик тадқиқотчи Дональд Шуп олтита шаҳарда олиб борилган тадқиқотларга асосланиб, «тирбандликдаги автомобилларнинг ўртача 30 фоизи тўхташ жойи қидираётган бўлади», деб ёзган эди. Шуп — Лос-Анжелесдаги Калифорния университети профессори. У самарали тўхташ жойлар мавзусига ихтисослашган ва бу ҳақда «Бепул тўхташ жойининг баланд нархи» китобини ёзган.

Унинг қайд этишича, АҚШда паркоматлар ўрнига турли объектлар учун машиналар қўйиш учун энг кам машина қўйиш жойи бўйича мажбурий нормативи ўйлаб топилган. Касалхоналарда каравот, ресторанларда ўриндиқлар, кутубхоналарда пол майдони, меҳмонхоналарда хоналар мавжуд. Аммо битта машина ўртача 25−30 квадрат метр жойни эгаллаганлиги сабабли автотураргоҳлар майдони кўп ҳолларда бинолар ҳажмидан ҳам ошади. Мажбурий автотураргоҳлар минимумига риоя қилиш талабларидан сўнг, АҚШ шаҳарларида бепул тўхташ жойлари учун катта-катта майдонлар ажратилди.

АҚШ шаҳарларидан бирида автотураргоҳ ўлчамининг бинога нисбати. Фото: Бепул автотураргоҳнинг баланд нархи / YouTube.

«Ер яшаш учун жуда қиммат, лекин автотураргоҳ учун бепул», — деб ёзади Дональд Шуп.

Унинг фикрича, бепул кўча автотураргоҳи, бу — асфальтланган жамоат мулки бўлиб, фақатгина бизнинг автомобилга бўлган талабимизни оширади ва унинг учун ҳатто машинаси бўлмаганлар ҳам тўлайди. Бунинг устига, машина қўйиш жараёнинг ўзи ҳам ёқилғи сарфланишини тақозо этади, йўл ҳаракатини қийинлаштиради ва ҳавони ифлослантиради. Ҳайдовчилар эса жой топгач, уни узоқ вақт банд қилиб туради.

АҚШ мисолида Шуп аксарият ҳолларда пулли автотураргоҳларни ҳисобга олмаганда, тўхташ жойлари бепул, деб шаклланган тасаввурни инкор этар экан, аслида «пулли автотураргоҳларнинг нархи шаҳар бюджети, миллий иқтисодиёт, атроф-муҳит харажатлари таркибига яширинган«ини таъкидлайди. Ҳар қандай ресторан ёки дўкон тўхташ жойи учун тўлайдиган солиғи нархини ўз маҳсулоти ва хизмати нархига қўшиб юборади. Бизнес эгалари ҳар бир нон ва ҳар бир финжон капучино нархига, гарчи уларни фақат ҳайдовчилар сотиб олмаса ҳам, автотураргоҳ харажатларини ҳам киритади.

Москва, Россия

2010 йилда Москва мэри Сергей Собянин шаҳар марказини тартибсиз машина қўйишлар сабабли келиб чиқаётган тирбандликлардан халос этиш вазифасини қўйди. 2012 йил ноябрида Россия пойтахтида пулли машина қўйиш жорий этилди, бироқ ҳайдовчилар 2015 йилгача исён кўтаришди. Ҳукумат томонидан изчил ахборот кампаниясини ўтказмади. Бульвар ҳалқаси чегараларида пулли тўхташ жойлари ташкил этилганидан сўнг бунга қарши бўлганлар «Пулли тўхташ жойи — аҳоли қарши!» гуруҳини тузишди.

Машина қўйиш қоидаларини бузганлик учун 2500 рубль миқдорида жарима жорий этилди. Meduza нашрининг ёзишича, аҳоли турли йўллар билан фаол қаршилик кўрсатди: паркоматларни CD-дисклар, газеталар, журналлар, тушган барглар билан тўлдириб ташлашди, автомобиллар давлат рақамларини лой билан шуваб қўйишди. Айримлар ҳовлиларга кириш жойларини эгаллаб олишди ёки шлагбаумлар яқинига машина қўйишди.

Фото: Москвада пулли тўхташ жойига қарши намойиш / Максим Поляков / Коммерсантъ.

Вақт ўтиши билан Москвада пулли тўхташ жойларини кенгайтиришга қарши митинглар бўлиб ўтди. Останкино, Лефортово атрофи, «Аэропорт» метро станцияси яқинида ва Пушкин майдонида намойишлар бўлиб ўтди. Минг нафарга яқин киши «ҳаво учун тўлаяпмиз», деб намойиш ўтказилди, дея қайд этди Москва вилояти минтақавий ахборот агентлиги (РИАМО).

Бироқ мэрия чекинмади. Шаҳарнинг транспорт билан энг кўп тўлиб-тошган участкалари: тарихий маркази, савдо ва ишбилармонлик марказлари, метро станциялари ва транспорт алмаштириш нуқталари яқинларида пулли тўхташ жойлари ташкил этилди. РИАМО маълумотларига кўра, 2015 йилдаёқ пойтахтда кўчаларнинг юкланганлиги камайган, Бульвар ҳалқа йўли ичида автотранспорт ҳаракати тезлиги 12 фоизга ошган. Шу билан бирга, шаҳар марказида шахсий автотранспорт 25 фоиз камроқ киришни бошлаган.

Шаҳар пиёдалар учун янада қулайроқ бўлди. Машина қўйиш қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар ҳайдовчиларни ўз автомобилини кўпроқ соатларга қолдириш имкониятидан маҳрум этди. Машина қўйиш жойлари нархлари янги қоидалар жорий этилишидан олдингига қараганда битта тўхташ жойидан 4 баробар кўпроқ автомобиллар қўйиш имконини яратди.

Пулли тўхташ жойи жорий этилгандан кейинги дастлабки икки ой ичида шаҳар 4,3 млн рубль йиғди, 2013 йил учун тўловлар 293 млн рублни ташкил этди. 2012−2021 йилларда Москва автотураргоҳдан 35,6 млрд рубл даромад олишга муваффақ бўлди. Ушбу маблағлар шаҳарни ободонлаштиришга сарфланган.

Олмаота, Қозоғистон

Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳрида пуллик тўхташ жойлари 2016 йил ёзида йўл транспорт оқими кучайиши ортидан билан жорий қилинган эди. Лойиҳа «Олмаота автотураргоҳлари» компанияси томонидан амалга оширилди. «Власть» интернет-журналининг ёзишича, қарор жамиятни тарафдорлар ва қаршиларга ажратди. Баъзилар тўхташ жойларининг жорий этилишини «цивилизация сари қадам», бошқалари эса иқтисодий юк деб ҳисоблашди. Вандализм ҳолатлари бўлган.

Олмаоталиклар паркоматлар ишлаш тизимини тушунишлари учун вақт керак бўлди. Ҳайдовчилар пул тўламай кетиб қолган вақтлар ҳам бўлган. Тизимнинг ишлашида ҳам камчиликлар мавжуд эди. Мисол учун, баъзи ҳайдовчилар нотўғри жаримага солинди. Ҳукумат маълумотлар базасидан қайта текшириб олиш учун чекларни сақлаб қўйишни тавсия қилди.

Якунда Олмаотада паркоматларнинг жорий этилиши ижобий натижаларни кўрсатди, деб хабар берди «Власть». Тизим ишга туширилган дастлабки олти ой мобайнида пулли тўхташ жойлари айланмаси, яъни муайян вақт давомида битта тўхташ жойидан фойдаланишлар сони 5 баробарга ошди.

«Олмаота автотураргоҳлари» сайти маълумотларига кўра, пулли тўхташ жойларида ҳаракат тезлиги 12 фоизга ошган, шаҳар марказидаги автомобиллар сони эса 15 фоизга камайган. Компания 11 мингдан ортиқ тўхташ жойларини жиҳозлади, 200 дан ортиқ паркоматлар ўрнатди, онлайн тўлов учун мобил илова ишлаб чиқди ва инсон омилига барҳам берди.

«Газета.uz» транспортни режалаштириш соҳаси мутахассислар билан Тошкентда пулли тўхташ жойлари зарурлиги ҳақида суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари — кейинги мақоламизда.