Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов 3 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган иккинчи Халқаро иқтисодий форумда инфляцияга қарши курашиш ва молиявий (фискал) интизомни сақлаш учун давлат харажатларини қисқартириш зарурлиги ҳақида гапириб ўтди.

Марказий банк томонидан 2022 йил якунига кўра инфляция даражаси 12−12,5 фоиз атрофида бўлиши, 2023 йилда эса 8,5−9,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинди. Мос равишда ЯИМ 5,2−5,8 фоиз, 2023 йилда 4,5−5 фоиз, 2024 йилда — 5−6 фоиз ва 2025 йилда — 6−6,5 фоиз бўлиши кутилмоқда. Юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва ташқи шароитлардаги ноаниқликларни инобатга олиб, таянч сценарий доирасида 2023 йил учун иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йилгидан бироз секинлашиб, 4,5−5 фоизни ташкил этиши мумкин.

«Инфляцияни пасайтириш 2023 йилда эмас, 2024−2025 йилларда қийин бўлади. 2023 йилда бутун дунёда юқори инфляция кузатилади. Агар инфляция икки-уч йил давомида юқори даражада сақланиб қолса, уни тўхтатиш жуда қийин бўлади», — дея огоҳлантирди молия вазири.

Унинг сўзларига кўра, юқори инфляция фискал томондан кўпроқ мажбуриятларни келтириб чиқаради, бу эса давлат бюджети харажатларини оширади, чунки иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни инфляция ва ундан юқори даражада ошириш зарур.

«Давлат бюджети харажатларининг 50 фоизи иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларга йўналтирилаётган Ўзбекистон шароитида эса бу жуда катта юк. Бизда юқори инфляция бўлса, бу сизнинг харажатларингизни ҳам оширади. Шу айланманинг иштирокчиси ўлароқ, харажатларни кўпайтиришда давом этсангиз, бу инфляцияни янада тўйинтиради ва харажатларингизнинг ортишига олиб келади», — деди у.

Бюджетдаги улкан ижтимоий мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш муаммоли бўлиб қолмоқда.

«Ҳукуматдаги ҳаммамиз фақатгина давлат маблағлари ҳисобига инфратузилмаларни молиялаштириш мумкин эмаслигини тушунишимиз керак бўлган позицияга қайта ва қайта келяпмиз. Шунинг учун ҳам давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тақдим этувчи форумлар ўтказамиз. Бизда катта лойиҳалар портфели бор ва иштирок этиш учун кўпроқ инвесторларни жалб қилиш ниятидамиз», — деди Тимур Ишметов.

Молия вазирининг фикрича, ҳукумат бюджет тақчиллигини камайтиришга кўпроқ эътибор қаратиши, фискал интизомни таъминлаш ва инвесторларга бу унинг устувор йўналиши бўлишини кўрсатиши керак.

«Биз шахсий маблағларга, давлат-хусусий шериклик ва тўғридан-тўғри инвестицияларга умид қилмоқдамиз. Ва ўз томонимиздан макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб беришимиз керак. Балки шунинг учундир, молия вазирининг ўзидан бундай гапни эшитиш ғалати бўлар, аммо яқин қисқа муддатдаги истиқболда Марказий банкни қўллаб-қувватлаш устувор бўлган жуда қийин вазифа турибди. Бизнинг сиёсатимиз, ҳатто барча харажатларимизни қисқартиришни талаб этса-да, оқилона молиявий интизом билан инфляцияга қарши курашиш учун мувофиқлаштирилиши керак. [Лекин бунинг ҳаммаси ижобий ўсиш учун хизмат қилади]», — деди у.

Айнан шу иқтисодий форумда Тимур Ишметов ҳозирда ташқи қарз олиш қимматга тушаётганини таъкидлади. Шунинг учун Ўзбекистон иқтисодий сиёсатда эътиборни давлат бюджети ва қарз олиш имкониятларидан кўра, хусусий пул маблағларидан фойдаланишни кўзда тутувчи таркибий ислоҳотларга қаратиши керак.

Биринчи чоракда жаҳондаги беқарор геосиёсий вазият давлат ва хусусий сектор томонидан қарз маблағларини жалб қилишнинг секинлашишига, бу эса ташқи қарзнинг бироз қисқаришига олиб келди. Шу билан бирга, ҳукумат давлат бюджети тақчиллиги чегарасини давлат харажатлари кўплиги сабабли бажармади ва депутатлардан лимитни оширишни сўради.

Марказий банк кейинги йилларда ЯИМнинг ўсиши таркибий ислоҳотларнинг мантиқий якунланиши, давлатнинг иқтисодиётдаги ролининг қисқариши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлади. 2023 йилдан бошлаб давлат молиясини тартибга солишни бошлаш керак, деди регулятор, чунки юқори бюджет тақчиллиги туфайли инфляция прогнозлардан юқори даражада шаклланмоқда.