27 октябрь куни Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Сентябрь ойидан бошлаб нархларнинг ҳафталик ўсиш суръатлари бироз пасайган бўлсада, инфляциянинг йиллик кўрсаткичлари юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Бу хақда пайшанба куни Марказий банк бошқаруви раислигида ўтказилган матбуот анжуманидан «Газета.uz» муҳбири хабар бермоқда.

Анжуманда иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар, глобал инфляцион жараёнлар, ички иқтисодий фаоллик ва мавсумий истеъмол товарларининг ошиши таъсирида инфляцион хатарлар сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Жумладан, август ойидан бошлаб базавий инфляция кўрсаткичи умумий инфляциядан юқорироқ шакллана бошлади ва сентябрь ойида йиллик 12,7 фоизгача тезлашди. Базавий инфляциянинг ошишига бир томондан импорт инфляцияси таъсир кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан, ўтган даврда шаклланган юқори ялпи ички талаб сезиларли босим ўтказмоқда.

Сентябрь ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,2% ва тадбиркорлик субъектлари кутилмалари 13,8% доирасида шаклланди. Асосий озиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг ўсувчи динамикаси ва ёз ойларида мева-сабзавотлар ўтган йиллардагидек арзонлашмаганлиги иқтисодиётда инфляцион кутилмаларни юқори шаклланиш омиллари бўлиб қолмоқда.

Мавжуд инфляцион жараёнлар, пул-кредит шароитлари, импорт инфляцияси таъсирининг сақланиб қолаётганлиги ва юқори ноаниқликлар шароитида йил якуни бўйича инфляция даражаси 12−12,5% атрофида шаклланиши ҳамда 2023 йил учун эса базавий сценарий доирасида 8,5−9,5% гача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Ички иқтисодий шароитлар

Йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи якуни бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 5,8 фоизни ташкил этиб, қурилиш ишлари ва чакана савдо соҳаларида ўсиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори бўлди.

Бюджет соҳасида ойлик иш ҳақи ва пенсиялар миқдорининг оширилиши ҳамда ажратилган ижтимоий трансфертлар аҳолининг реал даромадларини 10,7 фоизга кўпайишига замин яратди.

Аҳоли даромадлари ўсишига мутаносиб равишда истеъмол талаби ҳам ошиб бориб, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва чакана савдо айланмаси ҳажмларида ўз аксини топмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида иқтисодиётда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 27 фоизга ва чакана савдо айланмаси 10,8 фоизга ошди.

Бюджет харажатлари, трансчегаравий пул ўтказмаларнинг юқори суръатлари ва иқтисодиётга кредит қўйилмалар ялпи истеъмол ва иқтисодий фаолликни йил охиригача қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Иқтисодий фаолликнинг жорий тенденциялари ва молиялаштириш бўйича кўрилаётган чораларни инобатга олиб жорий йил охиригача иқтисодий ўсиш прогнозлари яхшиланиш томонган қайта кўриб чиқилди. Жорий йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот 5,2−5,8 фоизлик прогноз коридори доирасида бўлиши кутилмоқда (аввалги прогноз 5−5,5%).

Юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва ташқи шароитлардаги ноаниқликларни инобатга олиб базавий сценарий доирасида 2023 йил учун иқтисодий ўсиш суръатлари жорий йилгидан бироз секинлашиб 4,5−5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Ташқи иқтисодий шароитлар

Жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашёлар ва энергия ресурслари нархининг ортиши фонида жорий йилнинг учинчи чорагида ҳам глобал инфляция ўсишда давом этмоқда.

Инфляцион жараёнларни жиловлаш мақсадида аксарият марказий банклар томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ва мос равишда молиявий ресурслар нархининг қимматлашиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, АҚШ Федерал захира банки томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ҳисобига дунёнинг аксарият валюталари АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиб бормоқда. Доллар индекси йил бошига нисбатан 17 фоизга ошиб 112 бандни ташкил этмоқда.

Бу эса истеъмолда импорт улуши юқори бўлган ва инфляцион кутилмалари валюта курсига таъсирчан давлатларда инқирозий жараёнларнинг янада тезлашишига олиб келмоқда.

Ташқи вазият ва савдо ҳамкорлардаги ўзгаришларга ташқи иқтисодий муносабатларнинг мослашиб бориши ҳисобига Ўзбекистонда валюта оқимлари ҳажмида ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида олтинсиз экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ортиб — 11,1 млрд. долларни, мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ортиб — 12,6 млрд долларни, аҳолининг банклардан валюта хариди ва сотуви ўртасидаги ижобий тафовут — 2,5 млрд. долларни ташкил этди.

Пул-кредит шароитлари

Пул бозоридаги вазият ва шаклланаётган фоиз ставкалари пул-кредит шароитларидаги ўзгаришларга нисбатан мослашиб бормоқда. Сентябрь ойида «UZONIA» ставкаси ҳам ой давомида 14−14,5 фоиз доирасида шаклланган бўлса, давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлилик муддатига қараб 16−18 фоиз атрофида бўлди.

Депозит фоиз ставкаларининг реал ҳисобда ижобий шаклланаётганлиги аҳолининг миллий валютада жамғариш фаоллигининг ортишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари 1,5 баробарга ошди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар даражасида ижобий ўзгаришлар сезила бошлаган бўлса ҳам, ташқи хатарлар ва ноаниқликлар юқорилигича сақланиб қолаётганлиги, пул-кредит шароитларини ўзгартиришда эҳтиёткорона ёндашувни келгусида ҳам сақлаб қолишни талаб этади.

Ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарлар синчковлик билан ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 15 декабрь куни бўлиб ўтади.