Молия вазири Тимур Ишметов 3 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган иккинчи Халқаро иқтисодий форумда Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин йилларда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш шартлари ҳақида гапириб ўтди.

Марказий банк томонидан 2022 йил якунига кўра инфляция даражаси 12−12,5% атрофида бўлиши, 2023 йилда эса 8,5−9,5% гача пасайиши прогноз қилинди. Мос равишда ЯИМ 5,2−5,8%, 2023 йилда 4,5−5%, 2024 йилда — 5−6% ва 2025 йилда — 6−6,5% бўлиши кутилмоқда.

«Дарҳақиқат, йил бошида бизда яхши ўсиш суръатлари кузатилди. Ушбу инқироз бошлангач биз „камтарроқ“ прогнозларга эга эдик. Аммо тажрибамиз шуни кўрсатдики, ўтган йилларга назар ташласангиз, масалан, 2020 йилдан 2021 йилгача давом этган COVID пандемияси бўлганида, биз бу муаммоларни ҳал қилишнинг энг яхши йўли — таркибий ислоҳотларимизни давом эттириш эканлигини аниқладик», — дея қайд этди молия вазири.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда «бу ислоҳотларсиз бирор нарсани амалга ошириш учун фискал майдон кенг эмас».

«Ҳа, бундан уч-тўрт йил аввал қарз олишга эътибор қаратгандик. Ўшанда дунёда бунинг учун яхши шароит бор эди, деган бўлар эдим. Биз маблағ жалб қила олишимиз учун анъанавий равишда қарзнинг паст даражасига эга эдик. Бундан ташқари, барча ҳамкорларимиз ва инвесторлар қўллаб-қувватлашга тайёр эди. Энди биз анча қийин палладамиз. Глобал рецессия яқинлашаётгани, барча [марказий банклар] пул-кредит сиёсатини қаттиқлаштираётгани, фоиз ставкаларини ошираётганини кўришимиз мумкин. Очиғини айтганда, бизнинг қарзимиз анча қимматга туша бошлади», — деди у.

Фискал макон — давлат бюджетининг молиявий аҳволи ёки барқарор иқтисодий ҳолатига хавф туғдирмасдан, шунингдек, ўз миллий қонунчилиги, олий ҳокимият органлари ёки кредиторлар (асосан, Халқаро валюта жамғармаси ёки Жаҳон банки каби йирик кредиторлар) томонидан яратилган бошқа чекловларни бузмаган ҳолда, кўзланган мақсадга эришиш учун ресурсларни тақдим этиш ёки улардан фойдаланиш (шу жумладан қарз олиш) имкониятлари.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, глобал рецессия ҳукуматнинг молиявий харажатларини чеклаб қўйиши ва уларни ушбу шароитда ўзларининг молиявий буферларини (заҳираларини) яратишни бошлашга мажбур қилади.

«Шундай қилиб, биз асосий эътиборни умумий иқтисодий сиёсатни ўз фискал макон ва қарз олишга эмас, балки хусусий пул маблағларидан фойдаланишга йўналтиришга олиб келадиган таркибий ислоҳотларга қаратишимиз керак. Яқин ўрта муддатли истиқболда биз хусусий пулларимизга таянишимиз керак — бу ягона йўл», — деди у.

Молия вазирлиги раҳбари минтақавий инқироз ва сармоявий ўзгаришлар туфайли бу ислоҳотларни амалга ошириш анча қийинлашишини, бу эса умуман минтақа учун ижобий эмаслигини тан олди.

«Аммо шундай шароитда ҳам биз хусусий инвесторларнинг Ўзбекистонга келиши ва инвестиция киритишга қизиқишига ишонч ҳосил қилиш учун бу ислоҳотларни илгари суришимиз керак. Айрим соҳаларда нархларни либераллаштириш, хусусий сектор ўз соҳасида рақобатлашишда тенг имкониятга эга бўладиган тарзда давлат секторини ўзгартириш борасида кўп ишлар қилишимиз керак. Биз [трансформацияни] жуда яхши хусусийлаштириш дастури ва ижобий натижалар билан якунлашимиз керак», — деди вазир.

Агар Ўзбекистон бу ислоҳотларни давом эттирса, Тимур Ишметовнинг ишонч билдиришича, мамлакат иқтисодиётининг 5% ва ундан юқори даражада «муносиб ўсиши»ни кутиш мумкин.

«Аммо бизни 2023 йил эмас, ундан кейинги, 2024−2025 йиллар хавотирга солмоқда. Агар ислоҳотларни давом эттирсак, бу ўсишни сақлаб қоламиз. Агар ислоҳотларни орқага сурсак ва ёки кечиккан сценарий бўйича амалга оширсак, иккинчи ва учинчи йилдан бошлаб ўсишни сақлаб қолиш деярли имконсиз бўлиб қолади. Турли мамлакатларда вазият ҳар хил бўлиши мумкин, аммо бугунги кунда биз учун иқтисодиётнинг давлат пулига эмас, хусусий маблағларга ўтишини кафолатлайдиган ислоҳотларни давом эттириш муҳим. Бу диққатимизни қаратишимиз керак бўлган ягона йўлдир», — деди у.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми 2022 йил бошидан буён 1,8 фоизга ёки 721,5 млн долларга камайиб, 1 апрель ҳолатига кўра 38,8 млрд долларни ташкил этди, бу 2018 йилгига қараганда (17,2 млрд доллар) 2,3 бараварга кўп. Мамлакат кўп маротаба ташқи қарз олишга ҳаракат қилди, шу жумладан еврооблигациялар ҳам чиқарди, аммо ҳозирги шароитда, дунёнинг марказий банклари пул-кредит сиёсатини (фоиз ставкаларини ошириш) қаттиқлаштирганда, давлатлар учун кредитлар ҳам қимматлашди.

Маълумот учун, АҚШ Федерал захира тизими асосий ставкани йиллик 3,75−4% этиб белгилади. Бу охирги 40 йил ичида мамлакатда кузатилаётган рекорд даражадаги инфляцияга (8,2%) қарши таъсир чора сифатида қабул қилинди.

Унга кўра, йирик иқтисодиётларнинг марказий банклари томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган рағбатлантирувчи чораларнинг қисқа муддатда тугатилиши глобал фоиз ставкаларининг ўсишига олиб келади. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи бозорда қарз олиш нархининг ошишига, олтин нархининг пасайиши ҳисобига экспорт ҳажми ва бюджет тушумларининг маълум даражада камайишига олиб келиши мумкин.

Биринчи чоракда жаҳондаги беқарор геосиёсий вазият давлат ва хусусий сектор томонидан қарз маблағларини жалб қилишнинг секинлашишига олиб келди, бу эса ташқи қарзнинг бироз қисқаришига олиб келди. Шу билан бирга, ҳукумат давлат бюджети тақчиллиги чегарасини давлат харажатлари кўплиги сабабли бажармади ва депутатлардан лимитни оширишни сўради.

Марказий банк кейинги йилларда ЯИМнинг ўсиши таркибий ислоҳотларнинг мантиқий якунланиши, давлатнинг иқтисодиётдаги ролининг қисқариши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлади. 2023 йилдан бошлаб давлат молиясини тартибга солишни бошлаш керак, деди регулятор, чунки юқори бюджет тақчиллиги туфайли инфляция прогнозлардан юқори даражада шаклланмоқда.