Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорга кўра, иссиқхона хўжаликларида маҳсулот етиштириш ва тайёр маҳсулотни ички ҳамда ташқи бозорга йўналтиришнинг янги механизми жорий этилади, унга мувофиқ Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги:

  • иссиқхона хўжаликларига уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни улардан харид қилиш чораларини кўради;
  • республикада фаолият юритаётган тажрибали ва малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини иссиқхона хўжаликларига шартнома асосида тавсия қилади;
  • сертификатланган ва кафолатланган уруғ ва кўчатларни етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этишга кўмаклашади;
  • иссиқхона хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорлик асосида кооперация фаолиятини йўлга қўйиш, етиштирилган маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга кўмаклашади;
  • Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан биргаликда келишув асосида ҳудудий инспекторларни бириктиради ва ўсимликлар ҳимоясини ташкил этишбўйича хизматлар кўрсатилишини таъминлайди.

Халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган миллий ҳамда хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатларини умумий ҳисобда 14 йил этиб белгилаш ва имтиёзли даврини 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади(муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларини кредит даврига мутаносиб равишда узайтириш). Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан аввал тақдим қилинган кафиллик ва кредит фоизлари компенсациялари сақланиб қолади.

Мазкур имтиёзлар Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини соғломлаштириш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига кўра шакллантирилган рўйхат асосида тақдим этилади.

Иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ (уруғлик, кўчат, ўғит, кимёвий воситалар, иссиқхона материалларини сотиб олиш ва иситиш харажатлари учун) билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан бир йил муддатга олти ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади. Бунда:

  • мазкур кредитлар Ўзбекистон президентининг 2022 йил 6 октябрдаги ПҚ-387-сон қарорида назарда тутилган тартибда ва шартларда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ажратилган бюджет ссудаси ҳисобидан молиялаштирилади;
  • иссиқхона хўжаликларида экспортбоп маҳсулот етиштиришга талаб этиладиган айланма маблағлар учун хорижий валютадаги банк кредитлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан йиллик 4 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) ажратилади. Бунда, кредит таъминоти сифатида «Ўзбекинвест» суғурта компанияси суғурта полиси қабул қилинади ва суғурта мукофоти харажатларининг 75 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
  • ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари иссиқхоналарда ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади ҳамда кредитларни қайтариш графиклари шу асосида тасдиқланади;

Шунингдек, иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда:

  • бир ой муддатда хусусий сектор иштирокида анъанавий йирик экспорт бозорлари ҳудудида мева-сабзавотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш каби комплекс логистика имкониятларига эга бўлган савдо мажмуаларини ташкил этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши;
  • ташқи бозорларда «олдиндан кутилмаган» ва носоғлом рақобат оқибатида юзага келадиган молиявий йўқотишларни, аввало экспортга юкланадиган маҳсулотлар бўйича хорижий ҳамкорлар билан тузиладиган узоқ муддатли савдо шартномалари орқали олдини олиш чораларини кўриши;
  • 2022 йил якунига қадар Япония, Корея Республикаси,Европа мамлакатларида янги экспорт бозорларини очиш юзасидан ҳукуматлараро келишувлар имзоланишини таъминланиши белгиланди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Энергетика вазирлиги бир ой муддатда ҳудудлардаги иссиқлик электр станциялари ва марказларидан иссиқлик энергияси олиб фаолият юритадиган иссиқхоналарга энергия етказиб беришда «сунъий» воситачилар пайдо бўлиши ва нархларнинг асоссиз ўсишининг олдини олиш чораларини кўриши топширилди.

Маълумот учун, 25 октябрь куни газдан узилган иссиқхоначилар норозилик билдириб,Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тўпланди. Шундан сўнг, уч нафар вазир газдан узилган иссиқхона эгалари билан салкам 3 соатлик учрашув ўтказди. Тадбиркорлар муаммосига «Газета.uz» эътибор қаратгач, иссиқхоналар газдан узилмайдиган бўлди.

28 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Сардор Умурзаковга иссиқхоналар газдан узилган ҳолатни зудлик билан кўриб чиқишни буюрди. Ўша куни Сардор Умурзаковнинг вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан иссиқхоналарни газ таъминотидан узиб қўйиш бўйича йиғилишидаги нутқидан парча акс этган аудиоёзув тарқалди. У иссиқхоналарни газдан узиб қўйган мутасаддилар ҳаракатини «давлат хавфсизлигига таҳдид», деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, газнинг атиги 1,5 фоизи тежалган, лекин экспорт ва иш ўринлари «ўлдирилган». Умурзаков «газ ўғрилайдиган» АГТКШлар билан шуғулланишни топширди.