28 октябрь, жума куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаковнинг вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан иссиқхоналарни газ таъминотидан узиб қўйиш бўйича йиғилишидаги нутқидан парча акс этган аудиоёзув тарқалди.

Аввалроқ «Газета.uz» иссиқхоналари огоҳлантиришсиз газдан узилган турли вилоят тадбиркорлари Тошкент марказига тўпланганидан кейин президент вазиятга аралашгани, шундан сўнг газ яна улангани ҳақида ёзганди. Ўшанда жами 268 та иссиқхона газдан узилганди.

«Ҳозир энг долзарб, маҳсулот пишаётган пайт иссиқхоналарда. Тақа-тақ иссиқхоналарни газдан узиш… Ҳозир қайси даврда яшаяпмиз?», — дейилади ПА раҳбарининг аудиосида.

«Давлат раҳбаримиз куйиниб „инсон қадри, инсон қадри, инсон қадри“, деяптилар. Бизда инсон қадри қани? Тадбиркор қадри қани? Киритилган [инвестиция қилинган] пул қадри қани? Қайси бир иссиқхоначининг дарди эшитилди? Қайси тадбиркорнинг муаммосига ечим топилди? Фақат „у ёққа бор, бу ёққа бор“», — деди Сардор Умурзаков.

Ҳудудлардан келган иссиқхона эгалари олдиндан тўловни амалга оширган бўлсада, газ таъминоти корхоналари огоҳлантиришсиз газни узиб қўйганидан шикоят қилди. Унинг таъкидлашича, газ узилиш ҳолатлари «ҳаққоний, адолатли эътирозларга» сабаб бўлди.

Президент Администрацияси раҳбари иссиқхоналарга газ таъминотини ўчириб қўйган мансабдор шахсларнинг ҳаракатини «давлат хавфсизлигига таҳдид» сифатида баҳолаб, атиги 1,5 фоиз газ тежалганини, бунинг эвазига экспорт ва иш ўринлари «ўлдирилганини» таъкидлади.

Сардор Умурзаков экспорт масаласи жуда долзарб эканини таъкидлаб, «ҳар бир доллар, ҳар бир цент, ҳар бир килограмм маҳсулот» муҳимлигини қайд этди.

«Яна нима эмиш, тадбиркор ёмон, иссиқхоначи ёмон, ким яхши бўлмаса? Энг жавоб беролмайдиган, заиф қатламни қурбон қилдик. 1,5 фоиз газни, майли, иқтисод қилдик. Бунинг эвазига экспортни „ўлдирдингиз“, иш жойларини „ўлдирдингиз“, кредит олган тадбиркорларни кредитини тўлаттира олмай банкротга учраттирдингиз. Булар энди нима қилади? Ким бунга жавоб беради? Мен ҳозир Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбарларини бежиз чақирганим йўқ. Бу давлат хавфсизлигига таҳдид қиляпти ёки нотўғрими? Эртага экспортни давлатга ким тиклайди? Тадбиркорга даромадни ким тиклаб беради? Кредитини ким қайтариб беради?», — деган аудиоёзувда ПА раҳбари.

Йиғилишда газ таъминоти узилишидан асосан Бухоро, шунингдек, Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари тадбиркорлари жабр кўраётгани таъкидланди. Сардор Умурзаков президент Администрациясининг Назорат инспекцияси бошлиғи Саидлазиз Саидкаримов (Умурзаков келганидан кейин бу лавозимга август ойида тайинланган), Ҳисоб палатаси биринчи ўринбосари Баҳодир Тўрабов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга «Худудгазтаъминот» корхонасининг тўртта ҳудудий бошқармаси бошлиқлари ишини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

«Нимага асосан қилди [газдан узди], фаолиятини текшириб берасизлар. Агар битта кичкина жиноят аломати бўлса, сўрамасдан жиноий жавобгарликка тортасизлар. Қонун доирасида. Менга ёзиб берасизлар: Огоҳлантириш, ҳайфсан, қанақа ҳайфсан, қанақа огоҳлантириш. «Проста так» биронтаси қутилмаслиги керак. «Показания»ни раҳбарига берса, раҳбарини ҳам тортасиз. Раисми у, муовунми у, ким бўлишидан қатъий назар», — дея огоҳлантирди Умурзаков.

Унинг сўзларига кўра, фақат ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналарда 10 мингга яқин аҳоли доимий даромад билан таъминланган бўлса, уларнинг оилалари билан ҳисобласа, гап 50 минг киши ҳақида кетмоқда.

«50 минг одам норози. 50 мингтаси камбағаллик даражасигача тушиб кетади. Эртага 50 мингтаси кўчага чиқади…», — деди у.

Президент Администрацияси раҳбари газнинг ҳақиқий ўғриланиши ёқилғи қуйиш шохобчаларида содир бўлаётганини таъкидлади.

«Вақти келди, ҳаммасини кўтариш керак, ҳаммасини жиноий жавобгарликка тортиш керак. Ҳаммаси қонун олдида жавоб бериши керак. Қачонгача булар газни ўғрилайди?», — деди Сардор Умурзаков.

«Нариги ёқда ҳалол, пешана терини тўкиб, «риск»ка бориб, кредит олиб, ускуна олиб келиб, иссиқхонада маҳсулот етиштириб, ҳалол меҳнат қилаётганлар орқасидан 10 мингта одамни қозони қайнаяпти. Бу фақат [газ таъминоти] тўхтатилгани, тўхтатилмагани қанча? А булар демак қийналиши керак, нонсиз қолиши керак, камбағалликка тушиб кетиши керак [шундайми?]», — дея давом эттирди Умурзаков.

Президент Администрацияси раҳбари барча газ қуйиш шохобчаларини «кимга тегишли бўлишидан қатъий назар» ўрганиш ва «ўғирланган газни тийинигача тиклатиш» бўйича топшириқ берди.

Шундан сўнг аудиоёзувдаги яна бир бошқа овоз ўша вақтда 48 та иссиқхонага газ таъминоти тиклангани ва бу борадаги ишлар давом эттирилгани ҳақида маълумот берди.

«Сиз менга бугун кафолат хати ёзиб берасиз. Тагига рўйхат қилиб, ҳар битта иссиқхонани номи билан ёзиб чиқасиз. Биттаси [газ таъминотисиз] қолиб кетса, мендан хафа бўлманг», — дея уни огоҳлантирди Умурзаков.