Иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар 25 октябрь куни (материал эълон қилинган вақтда) Тошкентда норозилик билдириб, Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида тўпланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Республиканинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб иссиқхоналарнинг вакиллари дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги олдида тўпланган. Шундан сўнг президент Администрация раҳбари Сардор Умрзаков билан кўришиш мақсадида Мустақиллик майдони томон юрган. Майдондаги қўриқчилар уларни Вазирлар Маҳкамасига йўналтирган.

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги «Тошкент таъмир темир бетон» компанияси раҳбари Акбар Тошевнинг сўзларига кўра, унинг иссиқхоналари «Ҳудудгазтаъминот»нинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан «ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, 150 миллион сўм бўнак пули ҳам олиб бўлингани ҳолда, «муқобил ёқилғига ўтишинг керак», деган тавсия билан» газдан узилган. Унинг компанияси «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган 12 гектарлик иссиқхонага эгалик қилади. Иссиқхонанинг 6 гектарида маҳсулот гидропоника усулида етиштирилади.

«2018 йили «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш бўйича президент қарори чиққан эди. Қарорда — ҳозирги «Ҳудудгазтаъминот» ўшанда «Ўзтрансгаз» эди — «Ҳудудгазтаъминот»га муҳандислик коммуникациялари билан узлуксиз кафолатли таъминлаш чоралари кўрилсин, деб топшириқ берилганди. Биз ҳам «Облгаз» билан доим муаммо бўлишини билардик, лекин ўша қарорга ишониб, иссиқхоналарни ташкил қилганмиз. Умумий ҳисобда 6 миллион долларга яқин пулимиз кетган бу иссиқхоналарни ташкил қилишга, 150 киши ишлайди бизда», — дейди у.


Акбар Тошевнинг таъкидлашича, унинг иссиқхонасида «ҳамма нарса Корея технологияси асосида қилинган» ва бу технологияни кўмирга ўтказиш жуда ҳам мураккаб масала.

«Бу йил 1 миллион доллар пул тикиб, иссиқхонамнинг 6 гектарини гидропоникага ўтказгандим. Исроилдан ускуналар, Туркиядан агрономлар келтириб, уларга катта пул тўлаганмиз… Бирданига олиб, бир кунда газдан олиб кўмирга ўтказиб бўлмайди. Биринчидан, кўмирнинг ўзи йўқ, иккинчидан, кўмир «котёл»ни қаердан оламиз ҳозир? Бунга вақт кетади, унгача помидорларимиз нобуд бўлади», — дейди иссиқхона раҳбари.

Акбар Тошевнинг сўзларига кўра, иссиқхоначилардан норозилик билдириб «80 нафарга яқин одам келган, ҳали камчилик, кўпчилик йўлда». Иссиқхоналарнинг вакиллари дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига борган, аммо «у ерда ҳеч бирорта раҳбар ҳам йўқ, у ердан бирорта жавоб ҳам ололмадик», дейди у.

Ромитан туманидаги бошқа, «Нурлаев Муроджон» компанияси раҳбари Гулшан Сафарова ҳам унинг Корея технологияси асосида қурилган ва ҳозирда помидор экилган 1 гектарлик иссиқхонасида газ таъминоти қайта тикланмаса, банкрот бўлишини таъкидламоқда. «Газ берилмаса, банкрот бўламан, давлат кутиб туролмайди-ку, бу йил 70 минг доллар харажат қилганман… Агар ҳозир газни ёқиб, иссиқликни таъминлаб бериб, ўсимликларни ҳосилгача етказа олмасам, кредитимни умуман ёполмайман, қўшимча даромадим ҳам йўқ», — дейди у.


«Тошкент газ масаласи бўйича келдим. Боғдорчилик агентлигига кирдик, ҳеч ким бизни эшитишни ҳам хоҳламади. Давлатимиз раҳбаридан ёрдам сўраб келдик-да», — деди Гулшан Сафарова.

Аввалроқ «Kun.uz» билан суҳбатлашган қашқадарёлик иссиқхона эгасининг қайд этишича, иссиқхоналар ва ҳудудий газ таъминоти корхоналари ўртасида имзоланадиган намунавий шартномаларга иссиқхоналарнинг зарарига ишлайдиган банд қўшилган. «Яъни, (шартноманинг 2.7-банди)га кўра, аҳолини газ билан таъминлашда муаммо юзага келадиган бўлса, таъминотчи исталган вақтда истеъмолчини газ тармоғидан узиб қўйишга ҳақли. Бу „шаблон“ қилиб қўйилган шартнома. Уни ўзгартиришга рози бўлишмаган. Шу шартномани имзоласак, газга улаб беришларини айтишган. Мажбур рози бўлганмиз», — дейди иссиқхона эгаси.

Вазирлар Маҳкамаси вакиллари билан учрашув

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг масъуллари Ўзбекистон тарихи давлат музейининг фаоллар залида тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида иссиқхоналарнинг эгалари муаммолар ҳақида фикр билдириб, таклифларни ўртага ташлади.

Уларнинг сўзларига кўра, ё газ таъминотини зудлик билан қайта тиклаш керак, ёки кредитлар бўйича банкларга амалга ошириладиган тўловларни баҳоргача музлатиб қўйиш лозим. Шунингдек, метан газ-заправкаларини «кун ора» иши тартибига ўтказиш ёки соат 22:00 дан 6:00 гача иссиқхоналарни, қолган вақтларда эса газ-заправкаларни газ билан таъминлаш ҳақидаги таклифлар ҳам билдирилди.

Вазирлар Маҳкамаси ва «Ўзтрансгаз» компанияси вакиллари ушбу масала юзасидан бош вазирга таклиф тайёрланиб, киритилишини билдирди. Агар газ таъминоти бугун тикланмаса, тадбиркорлар эртага яна ҳукумат биноси олдида тўпланиб, норозилик билдирилишини маълум қилди.

Қайд этиш жоиз, «Газета.uz» мухбирига ҳукумат вакиллари ва тадбиркорлар ўртасидаги учрашувни суратга туширишга рухсат берилмади.

Энергетика вазирлиги 24 октябрь куни баёнот билан чиқиб, иссиқхоналарни яна бир бор куз-қиш мавсумида газ ўрнига муқобил ёқилғи манбаларидан фойдаланишга чақирган, бу масала улар билан тузилган шартномаларда кўзда тутилганини эслатиб ўтган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг апрель ойида «Ўзбекнефтгаз» 2020 йилдан айрим компанияларга газ узатишни тўхтатиш учун уларга муқобил ёқилғига ўтишни таклиф қила бошлаганди. Ўшанда «Газета.uz»га иссиқхона хўжаликлари эгалари бундай таклифнинг салбий оқибатлари ҳақида маълум қилганди. «Саноат қозонлари жуда қиммат. Оддий ҳисоблагич 5000 доллар, қозон ва тизим 50 минг доллар туради. Уларни кейин нима қилиш керак? Металлоломга ташлаш керакми?» — деганди тадбиркорлардан бири.

Энергетика вазирлиги эса «Газета.uz»нинг мазкур мақоласига жавоб қайтарганди. Вазирлик Ўзбекистон учун газдан ёқилғи эмас, балки хом ашё сифатида фойдаланиш фойдалироқ эканини қайд этганди.