Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқишни президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаковга топширди.

27 октябрь кечқурун Администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича жуда кўп эътирозлар билдирилаётгани, хусусан 25 октябрь куни тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинди.

«Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарларининг ушбу масала билан умуман шуғулланмагани учун, тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун улар президент Администрациясига келишмоқда», дея Умурзаковнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ЎзА.

Йиғилиш давомида иссиқхона эгалари бўлган тадбиркорлар ҳам тингланди. Улар ўзларини қийнаётган муаммолар, фаолиятидаги оғриқли масалалар ва улар юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Маълумки, мавсум пайтида иссиқхонанинг ҳар бир куни ўта муҳим бўлади. Бу нафақат ўша тадбиркор учун, балки Ўзбекистон озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги учун ҳам жуда аҳамиятли.

Маълум бўлишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.

Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилди.

Эътиборлиси, Энергетика вазирлиги матбуот хизмати 27 октябрь куни «Газета.uz»га «бугундан бошлаб мавжуд, тўловни амалга оширган иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бошлангани»ни маълум қилганди. Қолаверса, бу хабарнинг ўзининг веб-саҳифа ва тармоқлардаги расмий саҳифаларида ҳам тарқатганди. 28 октябрь эрталаб бу хабар барча платформалардан ўчириб ташланди.


Шунингдек, Сардор Умурзаков йиғилишда Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Иссиқхоналарни кўмирга ўтказилади

Йиғилишда шунингдек, иссиқхоналарни муқобил энергия (кўмир)га ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Сўзга чиққан тадбиркорларнинг барчаси иссиқхоналарни кўмир орқали иситишга ўтиш маълум вақт талаб этиши, буни аввал ҳар томонлама ўрганиб чиқиш, синчковлик билан синовдан ўтказиш, тижорий томонларини ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли мутахассислар ва тадбиркорлар билан биргаликда ҳолатни батафсил ўрганиб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.

Бунда ишчи гуруҳ ҳар бир иссиқхона кесимида уларнинг молиявий аҳволини ўрганиб чиқиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ асосланган таклифлар тайёрлайди. Ўз навбатида иссиқхона юритувчи тадбиркорларга ўз ҳосилларини нес-нобуд қилмасдан етиштириб олиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида 1 кун ичида тегишли манбалардан молиявий маблағ билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.