25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларида газдан узилган иссиқхоналар эгалари ўзининг норозилигини билдириб, Тошкентга келганди. Шу куни улар президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков билан учрашолмай, Вазирлар Маҳкамасига йўналтирилганди. Ҳукумат вакиллари уларнинг таклифлари бош вазирга етказилигини айтишганди.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар беришича, 27 октябрь Энергетика вазирлиги биносида иссиқхоначилар ва ҳукумат вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Аввалига ОАВ вакиллари ҳам қатнашиши мумкинлиги айтилган мазкур учрашувга таҳририят мухбири киритилмади. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Сабина Бекмуродова бунинг сабабини изоҳларкан, «учрашув ёпиқ бўлиши ва унга ОАВ вакиллари киритилмаслиги бўйича топшириқ берилгани»ни қайд этди.

Вазирлик биносига рўйхатдаги тадбиркорларни киритиш жараёни.

Соат 15:00 да бошланган тадбир салкам уч соат, яъни 17:45 гача давом этди.

Учрашувда бевосита қатнашиб чиққан тадбиркорларнинг бир қанчаси «Газета.uz» мухбирига интервью бериб, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан маълумот беришди.

Иссиқхоначиларнинг қайд этишича, учрашувга телефон олиб кириш тақиқланган. Мутасаддилар билан бир залга 30 га яқин тадбиркор киритилган, қолганлари бинонинг иккинчи қаватидаги залда зоом платформаси орқали қатнашган. Йиғилишда бош вазир ўринбосарлари — энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва банк раҳбарлари иштирок этди.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Садаф агро инвест» корхонаси раҳбари Нодирбек Шукуровнинг айтишича, йиғилишда аниқ масалалар кўтарилиб, муҳокама қилинди.

«Ичкарида йиғилиш давом этяпти. Банкда муҳим ишим бор эди. Шу сабаб учрашувдан эрта чиқишга мажбур бўлдим. Учрашув бошида қишлоқ хўжалиги вазири иссиқхоначилар учун имтиёз беришга оид янги қарор лойиҳаси ҳақида гапирди, фикр ва таклифларимизни эшитди. Бизга газ узилмаслигини айтишди. Лекин бу амалда қандай бўлишини вақт кўрсатади», — деди у.

Бухоролик тадбиркор Акбар Тошевнинг айтишича, мутасаддилар бугундан газ берилишини билдирди.

«Бош вазир ўринбосарлари ҳамма гапларимизни эшитиб, тўғри тушунди ва ёрдамлашамиз, деди. Иссиқхоналарнинг бугунги ҳолати, уларнинг келажаги ва соҳани ривожлантириш таҳлил қилинди. Биз муқобил ёқилғи муаммоларини кўтардик. Чунки бу ерда газдан кўмирга ўтиш бир қанча масалаларни келтириб чиқаради. Биринчи навбатда, экологияга зарари катта. Кейин кўмирни қаердан сотиб олиш ҳам бир муаммо», — деди у.

«Ҳозир бизга бу мавсумда мунтазам газ берилишини айтиб, буни кафолатлаймиз, дейишди. Кейинги мавсумдан йўл харита тузилиб, кўмирга босқичма-босқич ўтишга келишдик. Бугундан газга улашга рухсат берилди. Тегишли ташкилот раҳбарлари шу топшириқдан тўғри хулоса чиқариб, газ беришларига умид қиламиз», — деди Акбар Тошев.

Унинг қўшимча қилишича, қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов президент қарор лойиҳаси тайёрланаётгани ҳақида гапириб, ҳужжат тадбиркорлар билан бирга муҳокама қилинишини таъкидлаган.

«Бу қарор лойиҳасида иссиқхоначиларга солиқ, божхона ва бошқалар бўйича кўплаб имтиёзлар бериларкан. Бундан хурсандмиз. Қарор лойиҳасини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигида муҳокама қиладиган бўлдик», — деди тадбиркор.

«Нуробод кристаль» МЧЖ раҳбари Шерзод Шукуров ҳам масъуллар барчанинг фикрини бирдек тинглаганини тасдиқлади.

«Муқобил ёқилғи, банк кредитлари, суддаги муаммолар кўтарилди ва улар янги чиқадиган президент қарорига киритилишини қайд этишди. Қарор лойиҳаси бир неча кун ичида президент Администрацияга киритилишини айтишди», — деди тадбиркор.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, иссиқхоналарда табиий газ таъминоти қайта тикланади.

«Иссиқхоналар табиий газдан бетартиб узилмаслиги таъкидланди. Яъни, бугундан бошлаб мавжуд, тўловни амалга оширган иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш бошланди. Бунда, совуқ кунларда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини (шифохоналар, мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқалар) табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида келгусида ҳукумат кўмагида ушбу иссиқхоналар босқичма-босқич муқобил (кўмир) ёқилғига ўтиши лозимлиги, бу борада тадбиркорларнинг таклифларига биноан мавжуд муаммолар ечими юзасидан зарур номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш бўйича келишиб олинди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, учрашувда тадбиркорларга импорт асосида сифатли ва арзон нархларда кўмир маҳсулотини етказиб берилиши бўйича чора-тадбирлар белгиланганлиги ҳақида маълумот берилган.

«Йиғилишда давлат раҳбарининг топшириғига асосан, иссиқхоналар фаолияти учун бир қатор имтиёзларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани, ҳужжат тадбиркорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ва ушбу лойиҳада қатор имтиёзлар назарда тутилиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга банклардан олинган кредитлар бўйича енгилликлар киритиш, етиштирилган ҳосилларни экспорт қилинишида ҳеч қандай тўсиқларга йўл қўймаслик бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди», — дейилади вазирлик маълумотида.

Масъул мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ тузилади ва ҳар бир иссиқхоналар фаолияти индивидуал ўрганилажи, мавжуд ҳолатни инобатга олган ҳолда тадбиркорларга ҳукумат томонидан бир қатор қулайликлар жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидаги газдан узилган иссиқхона эгалари аввалига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига мурожаат қилишган. Аммо «у ерда ҳеч бирорта раҳбар ҳам йўқ, у ердан бирорта жавоб ҳам ололмагач», президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков билан учрашиш мақсадида Мустақиллик майдонига борган. Шундан сўнг, Қўриқлаш хизмати ходимлари уларни Вазирлар Маҳкамасига йўналтирган.

Якунда ҳукумат вакиллари Ўзбекистон тарихи давлат музейининг фаоллар залида тадбиркорлар билан учрашув ўтказган. Мулоқот чоғида иссиқхоналарнинг эгалари муаммолар ҳақида фикр билдириб, таклифларни ўртага ташлаганди.