31 октябрь куни Украинанинг бир қатор вилоятлари энергетика тизими объектларига кенг миқёсли зарбалар берилиши натижасида бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Ту-95/Ту-160 стратегик авиациясидан фойдаланган. «50 дан ортиқ Х-101 / Х-555 ракеталари Каспий денгизи шимолидан ва Волгодонск-Ростов вилоятидан учирилди», деди Кирилл Тимошенко. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учирилган ракеталардан 44 тасини уриб туширишга муваффақ бўлган.

Украина бош вазири Денис Шмигал 10 та ҳудудда ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари томонидан уюштирилган ҳужумлар натижасида 18 та фуқаролик инфратузилма объекти зарар кўрганини, уларнинг аксарияти энергетика объекти эканлигини маълум қилди. «Украинанинг етти вилоятидаги юзлаб аҳоли пунктлари электр энергиясидан маҳрум қилинди», — деди у.

Киев, Запорожье, Днепропетровск ва Харьков вилоятларида локал фавқулодда тўхташлар давом этмоқда. Таъмирлаш гуруҳлари тўлиқ қувват билан ишламоқда, деди ҳукумат раҳбари.

Киев мэри Виталий Кличконинг айтишича, пойтахтда 350 мингга яқин хонадонни таъминлаган электр иншооти шикастланган. Худди шу сабабга кўра, Киевдаги истеъмолчиларнинг 80 фоизи сув таъминотисиз қолган.

Харьков мэри Игорь Тереховнинг сўзларига кўра, зарбалардан бири муҳим инфратузилма объектига урилган, бунинг натижасида шаҳар метроси ва ер усти электр транспорти «қувватсизланган». У шаҳарда сув таъминотида муаммолар мавжудлигини қўшимча қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги «Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва энергетика тизимларига узоқ масофали аниқ бошқариладиган ҳаво ва денгиз қуроллари билан зарбалар беришда» давом этаётганини билдирди. «Зарбалардан кўзланган мақсадларга эришилди. Барча белгиланган объектларга зарба берилди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Украина энергетика объектларига 10 октябр куни, Россия Қрим кўпригидаги портлашларга Украина махсус хизматларини айблаганидан кейин ҳам оммавий зарбалар берилган эди. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин: «Бизнинг ҳудудларда терактларни амалга оширишга уринишлар давом этган тақдирда, Россия томонидан қаттиқ ва миқёси Россия Федерациясига яратиладиган таҳдид даражасига мос бўлган жавоблар қайтарилади», — деган эди.

29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги ўша куни эрталаб «Киев режими» Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасида «Қора денгиз флоти кемалари ва фуқаролик кемаларига террорчилик ҳужуми» уюштирганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум қайтарилган, учувчисиз учиш аппаратлари ва денгиздаги учувчисиз транспорт воситалари йўқ қилинган. «Шу билан бирга, „Иван Голубец“ денгиз миналаридан тозаловчи кема ҳамда Жанубий кўрфазидаги сузувчи тўсиқлар кичик зарар кўрди», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Ушбу ҳодиса ортидан Россия ғалла битими — Туркия ва БМТ иштирокида тузилган Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувда иштирок этишни номаълум муддатга тўхтатганини эълон қилди.