10 октябрь тонггида Укринанинг бир қатор йирик шаҳарлари ракета ҳужумлари остида қолди.

«Ҳаво сигнализацияси бутун Украина бўйлаб янграмоқда. Ракеталар ҳужум қилишди. Афсуски, қурбонлар ва ярадорлар мавжуд», — дея хабар берди мамлакат президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram каналида.

Киевда бир нечта портлашлар юз берди ва турли ОАВлар уларнинг сонини иккитадан тўрттагача деб хабар бермоқда, расмийлар эса портлашлар сонини очиқламади.

Пойтайт мэри Виталий Кличконинг хабар беришича, портлашлар марказий Шевченко туманида содир бўлган, шунингдек, муҳим инфратузилмаларга ҳам зарар етган.

Шевченко туманидаги портлашлар оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 24 таси эса жароҳат олган. Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростистав Смирнов ўзининг Facebook`даги саҳифасида хабар қолдирди. Пойтахтда метро йўналишларидан бирининг фаолияти тўхтаган, ерости станциялар эса бошпана сифатида хизмат қилмоқда.


Киевдаги пиёдалар кўпригига берилган зарба. Видео скриншоти

Ракеталарнинг оммавий ҳужуми 10 октябрь куни эрта тонгда Днепропетровск вилоятида рўй берди, дея хабар қилди ҳудуд админстрацияси раҳбари Валентин Резниченко. Унингмаълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони бўйича аниқ сони мавжуд эмас. Маҳаллий ОАВлар Днепр шаҳрида эрта тонгдан 10 тага яқин портлаш овози эшитилгани ҳақида ёзмоқда.

Харьковда 3 та ракета зарбаси содир бўлди, деб хабар берди шаҳар мэри Игорь Терехов. Унинг сўзларича, зарба энергетика инфратузилмалари устидан берилган. Айрим туманларда чироқ ўчган, сув таъминоти ҳам узилган.

Шунингдек, Житомир, Хмелницкий ва Львов вилоятларидаги барча ҳолатларда энергетика инфратузилмаси объектларида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар бор. Электр узатишда муаммолар кузатилмоқда. Одесса вилоятида ҳам портлашлар рўй берган, вилоят раҳбари Максим Марченконинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан учта ракета ва бешта дрон-камикадзе уриб туширилган.

Запорожье вилоятида эса отишмалар бир ҳафтадан буён давом этмоқда. 6 октябрь куни эрталаб чегара демаркация чизиғидаги шаҳар ва қишлоқларга ракета зарбалари берилди, турар-жой биноларига зарар етгани қайд этилди. Ушбу ҳужум натижасида 20 киши ҳалок бўлди, деди вилоят раҳбари Александр Старух. Бундан ташқари, 9 октябрь куни минтақадаги самолётлардан 12 та ракета учирилган. Ушбу ҳужумдан 12 киши ҳалок бўлди, 87 киши яраланди.10 октябрь куни эрталаб Запорожьеда ҳам портлаш юз берди, унда бир киши ҳалок бўлди ва беш киши яраланди.


Фото: t.me/starukhofficial

Бироз ўтгач мамлакат президенти Владимир Зеленский яна Украина халқига мурожаат қилди.

«Оғир тонг. Бунда террористларнинг қўли бор. Ўнлаб ракеталар, Эроннинг «Шахидлари» [Россия Эрондан сотиб олган бошқарувчисиз самолётлар]. Уларда иккита нишон. Биринчиси — мамлакатдаги барча энергомажмуалар. Киев ва Хмельницкий, Львов ва Днепр, Винница, Франковщина, Запорожье, Сумщина, Харьковщина, Житормирщина, Кировоградщина, Жануб. […] Иккинчи нишон — одамлар. Кўпроқ зарар етказиш учун айнан шу вақт ва шундай мақсадларни танлашган — дея таъкидлади у. Давлат раҳбари бошпаналарда жон сақлашга чақирди.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужный Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг айтишича, Россия Украина ҳудудига йирик ракета ва ҳаво зарбалари бериб, ҳужумчи дронлардан фойдаланмоқда. «Эрталаб агрессор томонидан 75 та ракета учирилди, улардан 41 таси бизнинг ҳаво мудофаамиз ПВО (ҳаво ҳужумидан мудофаа — противовоздушной обороной —таҳр.) томонидан зарарсизлантирилди. Қуролли Кучлар фуқароларни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Бироқ, душман ҳужуми давом этмоқда. Мен барчани бошпаналарда қолишга чақираман!» — деб ёзди.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь куни Қрим кўпригининг автомобиллар юрадиган бўлагида юк машинаси портлаши оқибатида кўприкнинг бир қисми қулаб тушганди. Россия президенти Владимир Путин ушбу ҳолатни Украина махсус кучлари уюштирган теракт дея атади.