Якшанба кунидан бошлаб Россия Туркия ва БМТ иштирокида тузилган Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларни амалга оширишдаги иштирокини номаълум муддатга тўхтатди. Бу ҳақда РФ Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, 29 октябрь куни эрталаб «Киев режими» Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасида «Қора денгиз флоти кемалари ва фуқаролик кемаларига террорчилик ҳужуми» уюштирган.

Мудофаа вазирлиги ҳам, Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Украина қуролли кучларининг ҳаракатларига «британ мутахассислари» раҳбарлик қилгани ҳақида хабар берди.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум қайтарилган, учувчисиз учиш аппаратлари ва денгиздаги учувчисиз транспорт воситалари йўқ қилинган. Шу билан бирга, «Иван Голубец» денгиз миналаридан тозаловчи кема ҳамда Жанубий кўрфазидаги сузувчи тўсиқлар кичик зарар кўрди.

«Мавжуд маълумотларга кўра, Британия ҳарбий-денгиз кучларининг ушбу бўлинмаси вакиллари 26 сентябрь куни Болтиқ денгизида „Шимолий оқим-1“ ва „Шимолий оқим-2“ газ қувурларини бузиш мақсадида террорчилик ҳаракатини режалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда иштирок этган», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

«Россия томони Қора денгиз ташаббусида иштирок этувчи фуқаро қуруқ юк кемаларининг хавфсизлигини кафолатлай олмайди ва бугундан бошлаб уни амалга оширишни номаълум муддатга тўхтатиб қўяди», — дея таъкидлади Россия ТИВ.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мазкур даъволарни «эпик миқёсдаги ёлғон» деб атади. «Украинага ноқонуний бостириб кириш жараёнидаги муваффақиятсиз ҳаракатларидан эътиборни чалғитиш учун Россия Мудофаа вазирлиги эпик миқёсдаги ёлғон баёнотларни тарқатишга усулига мурожаат қилмоқда. Бу уйдирилган ҳикоя Ғарбдан кўра Россия ҳукуматида давом этаётган низолар ҳақида кўпроқ гапиради», — дейилади баёнотда.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россия дон битимида иштирок этишни тўхтатиш қарорини бекор қилиши кераклигини маълум қилди. Қарор «глобал озиқ-овқат инқирозидан чиқиш учун жуда зарур бўлган дон ва ўғитнинг асосий экспорт йўлини хавф остига қўяди», — деди у.

22 июль куни Истанбулда Украина, Туркия, Россия ва БМТ томонидан Украина портларидан дон экспорти учун йўлак яратиш бўйича халқаро шартнома имзоланган эди. Биринчи қуруқ юк ортилган кема 1 август куни Одесса портидан жўнаб кетди.