Қаршининг «Насаф» футбол клуби кетма-кет иккинчи йил Coca-Cola Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган финал учрашувида «Насаф» Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасини қўшимча вақтларда 2:1 ҳисобида мағлуб этди, дея хабар бермоқда ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Ўйинда ҳисоб 29-дақиқада очилди — «Насаф»нинг сербиялик ярим ҳимоячиси Марко Станоевичнинг узатмасидан сўнг Акмал Мозговой «Навбаҳор» дарвозасини аниқ нишонга олди. 57-дақиқада эса «Навбаҳор» ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди — «Навбаҳор»нинг сербиялик ҳужумчиси Зоран Марушичнинг товони билан амалга оширган пасидан сўнг «Навбаҳор» ярим ҳимоячиси Дониёр Абдуманнопов тўпни ўзига тўғрилаб олиб, «Насаф» ҳимоячилари ва дарвозабонини доғда қолдирди.

Ўйиннинг асосий вақтида мухлислар бошқа гол кўрмади. Қўшимча вақтнинг 11-дақиқасида «Насаф» ҳимоячиси Зафармурод Абдираҳматовнинг ўнг қанотдан узатган пасини «Навбаҳор» жарима майдончасига ёриб кирган қаршиликларнинг бразилиялик ҳужумчиси Лима Круз боши билан зарба бергани ҳолда голга айлантириб, «Насаф»га ғалаба келтирган гол муаллифи бўлди — 2:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармади. Лима Круз эса ўйиннинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

Финал учрашувининг видеошарҳи

Шундай қилиб, «Насаф» уч карра Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди ва бу кўрсаткич бўйича «Навбаҳор» билан тенглашиб олди. Қашқадарёликлар бунгача 2021 ва 2015 йилларда кубок баҳсларида ғолиб чиққан. Наманган клуби эса 1992, 1995 ва 1998 йилларда Ўзбекистон Кубогини қўлга киритган. Ўзбекистон Кубогидаги ғалабалар сони бўйича мутлақ рекордчи «Пахтакор»дир — тошкентликлар ушбу совринга 13 марта эга чиққан. 2022 йилги мавсумда «Пахтакор»ни мусобақадан «Навбаҳор» чиқариб юборган эди.

Маълумот учун, «Насаф» ва «Навбаҳор» айни вақтда Coca-Cola Ўзбекистон Суперлигасида ҳам чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бўлиб турибди. Чемпионат якунланишига уч тур қолган бир вақтда «Насаф» 46 очко билан мусобақада пешқадамлик қилмоқда, ундан кейинги ўринлардаги «Пахтакор» ва «Навбаҳор»да мос равишда 45 ва 44 очко бор. «Насаф» ўз тарихида ҳали ҳеч қачон Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритмаган, «Навбаҳор» эса биринчи ва охирги марта 1996 йили мамлакат чемпиони бўлган. Мусобақанинг амалдаги ғолиби «Пахтакор» эса чемпионликлар сони бўйича (14 та) мутлақ рекордчидир.