Ижтимоий тармоқларда Cobalt автомашина ҳайдовчиси хавфли манёврлар — йўлда тескари ҳаракатланиш, қарама-қарши йўлакка чиқиб кетиш, шунингдек, йўналишни кескин ўзгартириш каби ҳаракатлар қилгани акс этган видео тарқалди.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳолат 22 октябрь куни соат 03:00 атрофида Нукус шаҳрида содир бўлган. Cobalt автомашинаси ҳайдовчиси автомобилга тегишли бўлган давлат рақамини ўзбошимчалик билан ечиб олиб, йўлнинг қарама-қарши қисмида ҳаракатланган.

Аниқланишича, ушбу ҳуқуқбузарликни 1986 йилда туғилган М.Ш. содир этган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилди.

Эркакнинг айтишича, у ўша куни кечқурун дўстлари билан кафеда учрашган ва кейин «дрифт» қилиш учун йўлнинг қатнов қисмида автомашинага тегишли бўлган давлат рақамини ечиб олган. Шунингдек, ҳайдовчи узр сўраб, бошқаларга ҳеч қачон бундай қилмасликни тавсия қилди.