16 октябрь куни Тошкент шаҳри Миробод туманида чақирувга келган «Тез ёрдам» ходими ва ҳайдовчиси калтаклангани хабар қилинганди. Ҳодиса оқибатида жиддий тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида тегишли муолажаларни олаётган ҳайдовчи И.Ҳ.га «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, вазир Беҳзод Мусаев нейрохирургия бўлимида даволанаётган ушбу бемор ҳолидан хабар олди. Дастлабки текширувлар натижасида унга «Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши» ташхиси қўйилган.

«Афсуски, кейинги пайтларда ўз хизмат вазифасини ўтаётган шифокор ва ҳамширалар, айниқса, „Тез ёрдам“ ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилишда ўзини аямай жон куйдираётган тизим ходимларига тажовуз қилган кимсаларга нисбатан қонунчиликда қатъий жавобгарлик белгиланиши устида ишланмоқда. Ўйлайманки, қонунчиликка киритилаётган бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим асос бўлади», — деди Беҳзод Мусаев.

Вазир бемор билан мулоқот давомида унга тезроқ соғайишини тилаб, муштумзўр фуқарога нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо белгиланиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.

«Суҳбат давомида бемор ўз ҳолидан хабар олгани келган вазирга алоҳида миннатдорлик билдириб, 64 ёшга кирганига қарамай, халқ саломатлиги йўлида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишдан толмаслигини, отаси тенги инсонга, қолаверса, тиббиёт бригидаси таркибида чақирув манзилига борган шифокор аёлга қўл кўтарган кимса эса қонун олдида жавоб беришига қатъий ишонишини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Мулоқот сўнгида ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, муҳим дақиқаларда тезкорлик ва профессионаллик сифатларини намоён этган тез тиббий ёрдам бригадаси ходимига «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони берилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан 4 кун аввал Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида хизмат вазифасини ўтаётган «Тез ёрдам» ходими калтакланганди. ССВ шифокорларнинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот бериб, ҳолатни ўз назоратига олганини қайд этганди. Бош прокуратура эса терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.