Kolorpak МЧЖ бевосита ёки билвосита қоғоз ва бошқа хомашё, қолаверса ускуналарни Ўзбекистонга олиб киришда ҳеч қандай имтиёзга эга эмас. Бу ҳақда 18 октябрь куни компания директори Музаффар Мирзаҳмедов «Газета.uz» мухбири Миролим Исажоновнинг саволига жавоб бера туриб маълум қилди.

«Компания ташқаридан импорт қилиб олиб кираётган хомашё маҳсулотларининг ҳаммаси учун божхона божи ва ҚҚСни ўз вақтида тўлайди, ҳеч қандай имтиёзга эга эмас», — деди МЧЖ директори Музаффар Мирзахмедов.

Музаффар Мирзахмедов (чапда). Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Унинг таъкидлашича, Kolorpak қоғозларни бир қанча давлатлардан олиб келади.

«Қоғоз ишлаб чиқариш учун биринчи ўринда целлюлоза керак бўлади. Ўзбекистонда целлюлоза ишлаб чиқариш кам бўлганлиги сабабли мамлакатда қоғоз ишлаб чиқариш ҳам оз миқдорда йўлга қўйилган. Ўзбекистонда бизнинг талабларимизга жавоб берадиган қоғозлар йўқлиги боис асосан, Хитой, Россия ва Европа давлатлари: Финляндиядан харид қиляпмиз», — деди у.

Пандемия, ундан сўнг Россия-Украина ўртасидаги вазият туфайли қоғозлар инқирози бошланган.

«Коронавирус кўп нарсаларга таъсир кўрсатди, айрим соҳалар тўхтаб қолди. Карантин даврида қоғоз танқислиги кузатилди. Унгача Финляндия билан ҳамкорлик қилаётган бўлсак, пандемиядан кейин Россия ва Хитойдан ҳам олиб келишга мажбур бўлдик. Қоғоз танқислиги пандемияда бошланган бўлса, бу Россия ва Украина ўртасидаги геосиёсий вазиятга уланиб кетди. Мазкур воқеа ортидан логистика тармоғи блокланди. Шундан кейин Россияга нисбатан бир қанча санкциялар пакети қўлланилди. Санкциялардан кейин шуни билдикки, Финляндия ва бошқа Европа давлатлари қоғоз ишлаб чиқариш учун целлюлозани асосан, Россиядан харид қиларкан. Россия Федерацияси эса қозоғларни оқартирувчи кимёвий моддаларни Европадан сотиб оларкан. Санкциялар ҳисобига қоғозлар нархи янада қимматлади. Қоғозларнинг нархи 2020 йилдан кейин 60−70 фоизга ортди», — деди компания вакили.


Музаффар Мирзахмедовнинг айтишича, компания имкон қадар жаҳон стандартларига мос ва сифати бир-бирига яқин бўлган қоғозларни импорт қилмоқда.

«Қоғоз тури жуда ҳам кўп ва унинг нархи ўзига, турига ҳамда сифатига қараб ошаверади. Бир кило қоғозни қанчадан сотиб олишимизни аниқ айта олмайман. Чунки ҳамманинг тижорат сири бўлади, эртага яна тендерларда иштирок этишимиз бор. Аммо тахминан айтишим мумкинки, бизга кириб келадиган қоғознинг энг арзон нархи 18 минг сўмдан бошланиб, бу 30−35 минг сўмгачани ташкил қилади. Босмахонада қоғоздан ташқари 70 хилдан зиёд хомашё ишлатилади. Маҳсулотнинг таннархи фақат қоғоз нархи билан белгиланмайди», — деди Kolorpak директори.


Компания ҳуқуқшуноси Улуғбек Йўлдошевнинг фикрича, Kolorpak монопол ташкилот эмас.

«Монопол бу — бошқалар учун имкониятларни чеклаш дегани. Биз Ўзбекистон ҳудудидаги полиграфия соҳасига ихтисослашган корхоналарнинг бирортасини ишлаб чиқаришини чеклаган жойимиз йўқ. Бозор иқтисодиёти шаклланган давлатда яшаймиз. Маҳсулотлар қаерда арзон ва сифатли ишлаб чиқарилса, ўша ерга талаб кучли бўлади. Топаётган даромадимиз қанча бўлса, ҳаммасини қўшимча обьектларни олиб, янги иш ўринлари яратишга сарфлаяпмиз. Аҳоли учун иш ўринлари очиб, одамлар даромад қилсин ва оиласини боқсин, деган мақсадда ишлаб чиқариш хажмини кенгайтиряпмиз, замонавийлаштиряпмиз», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, компания топаётган даромадлар четга олиб чиқиб кетилаётгани йўқ.