17 октябрь куни халқ депутатлари Фарғона туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ҳамидулло Иномов туман ҳокими этиб тасдиқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳамидулло Иномов 1982 йилда Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган. У тайинловга қадар президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори вазифасида ишлаб келаётган эди

Шунингдек, Сирдарё вилояти Сардоба туманига Акмал Мирзаев ҳокими этиб тайинланди. Тайинловга қадар у сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг маълум қилишича, вилоят ҳокими ўринбосарлари таркибида ҳам қатор ўзгаришлар амалга оширилди, мутасддиларга «ҳайфсан» жазолари берилди.

Хусусан, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ўринбосари Рустам Юлдошев бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Анвар Қобилов тайинланди.

Анвар Қобилов 1979 йил туғилган. 2001 йил Тошкент автомобиль йўллар институти, 2003 йил эса мазкур олийгоҳнинг магистратура босқичини ҳамда 2010 йил Хитойнинг Жонгнан иқтисодиёт ва ҳуқуқ университетини, шунингдек, 2014 йил президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

У тайинловга қадар президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази вилоят филиали мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Акбар Эшонқулов ҳам бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Муродулло Азимов тайинланди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Муродулло Азизов 1971 йил туғилган. 1993 йил Тошкент молия институтини тамомлаган. У тайинловга қадар «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти тижорат департаменти бошлиғи ўринбосари — маркетинг бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Бундан ташқари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашдаги камчиликлари учун Чироқчи тумани ҳокимига «ҳайфсан» эълон қилинди. Шу билан бирга, туризм соҳасидаги камчиликлари учун вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарига ҳам «ҳайфсан» берилди.