Халқ депутатлари кенгашлари тамонидан Нуробод, Пахтаобод ва Асака туманларига янги ҳокимлар тайинланди.

Нуробод тумани ҳокимлигида ўтказилаётган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сирожиддин Бердиқулов номзоди Нуробод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Сирожиддин Валиқулович Бердиқулов 1979 йилда Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. Мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Шунингдек, Латифжонов Азизбек Рахимович Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Фото: ЎзА

Азизбек Латифжонов 1977 йилда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. 1999 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини тамомлаган. Тайинловга қадар у фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Асака туманига эса Бекзод Умматов ҳоким этиб тайинланди.

Фото: ЎзА

Бекзод Умматов 1982 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасида раис ўринбосари лавозимида ишлаган.

Бундан аввал сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев Сардоба туманига, Ҳамидулло Иномов эса Фарғона туманига ҳоким бўлганди.