А-380 Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнау автомобиль йўлининг 78 километрида Spark ҳайдовчиси бетон тўсиққа урилди, дея хабар бермоқда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи Т.Б. Spark автомашинасида кетаётиб Косон тумани «Оброн» МФЙга келганда автомашиналар ҳаракатланадиган йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Оқибатда ҳайдовчи ҳодиса жойида, унинг йўловчиси У.В. эса шифохонада вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ хузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, Қўқон — Яйпан — Исфара автомобиль йўлининг 10 километри — Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Labo ва Nexia автомобиллари иштирокида ЙТҲ содир бўлди.

Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар қилинишича, Labo автомашинасини бошқариб келган ҳайдовчининг кутилмаганда қарама-қарши йўналишга ўтиб ҳаракатланиши натижасида иккала машинага ҳам жиддий зиён етди.

Nexia автомобилининг орқа ўриндиғида онасининг қўлида бўлган 2009 йилда туғилган қизалоқ олган тан жароҳатлари сабабли шифохонага юборилди. Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, қизалоқ шифохонада вафот этди.