Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, кенг кўламли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва янги ишбилармонлик ташаббусларини амалга ошириш, Туркия етакчи компанияларининг мамлакатдаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол гуманитар алмашинувларни, энг аввало, маданият ва таълим соҳаларида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Вазирларнинг «Ўзбекистон-Туркия-Озарбайжон» форматидаги мунтазам учрашувлари доирасида самарали мулоқотини кенгайтиришга келишиб олинди, дейилади матбуот хизмати хабарда.