Иқлим маълумотлари таҳлили ва етакчи жаҳон марказлари томонидан 2022−2023 йилларнинг қиш мавсуми учун тузилган дастлабки ҳисобларига кўра, қиш мавсуми ўртача кўп йиллик қийматлари атрофида ва ундан бироз кўп ҳамда ёғингарчилик тақчиллиги бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет маркази.

«Қиш мавсуми давомида совуқ об-ҳаво даврларида ҳарорат −5…−10 даражагача совуқ, шимолда эса −15…−20 даражагача совуқнинг пасайиши эҳтимолдан ҳоли эмас, бу қиш ойлари учун иқлим меъёридан −5…−8 даражага пастдир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, прогнозлар тахминий хусусиятга эга ва фақат бутун мавсумнинг умумий хусусиятлари учун фойдаланилади. Мавсумнинг ўртача ҳарорати меъёрдан юқори ёки паст, ёғингарчилик мавсум давомида меъёрдан кўп ёки кам ёғиши мумкин. Ҳатто бундай умумий баҳолаш аниқлиги ҳам катта эмас ва 50−60 фоиздан ошмайди.

Маълумот ўрнида, сўнгги 20 йил ичида 2007−2008, 2011−2012 йиллардаги қиш совуқ ва узоқ давом этди, бу ўртача иқлим қийматларидан −3…−4 даражага паст бўлди. Ушбу қишларнинг айрим кунларида ҳаво ҳарорати Тошкентда кечалари −15…−17 даражагача, кундуз кунлари эса −8…−13 даражагача пасайди.

Бундай об-ҳаво шароити одатда Россиянинг Европа ҳудудидан, Уралдан, баъзан, ҳатто Ғарбий Сибирдан совуқ ҳавонинг кириб келиши ҳисобига вужудга келади.

Энг илиқ қиш ойлари эса 2003−2004, 2008−2009, 2009−2010, 2021−2022 йилларга тўғри келади, Тошкентда ўртача мавсумий ҳарорат меъёрдан −3…−5 даражага юқори бўлган. Умуман 2015−2016 йилларнинг қиш мавсуми энг илиқ қиш мавсуми бўлиб, қишнинг ўртача ҳарорати меъёрдан −5…−6 даражага юқори бўлган.

Энг илиқ қиш даврларида кундузги ҳаво ҳарорати +20…+23 даражагача илиқ, айрим кунларда эса +25…+27 даражагача илиқ кўтарилиши мумкин.