Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар қилмоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашувда Татаристон билан амалий шерикликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма инновацион лойиҳаларни илгари суриш масалалари ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Етакчи корхона ва компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг илк натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятидаги «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки доирасида кооперация кўлами кенгайиб бормоқда. Хусусан, 16 та инвестиция лойиҳаси тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.

Қабул қилинган «йўл харитаси»га мувофиқ машинасозлик тармоғида, янги турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида, кичик тоннали кимё ва нефтни қайта ишлаш, аграр саноат, IT соҳаларида кооперацияни кучайтириш ва лойиҳаларни илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳудудларида, шу жумладан, Жиззах ва Тошкент вилоятларида қўшма бизнес лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таълимга оид, техник ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.