Олий таълим муассасаларининг 1-курсида таҳсил олаётган, ижарада яшайдиган талабаларга сентябр ва октябр ойи ижара тўловларининг бир қисми ҳеч қандай ижара шартнома талаб қилмасдан тўлаб берилади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директои Алишер Садуллаев маълум қилди.

Истисно тариқасида талабаларга ижара тўловининг 50 фоизи, Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 бараваригача (ҳозирда 300 минг сўм), қолган ҳудудларда эса БҲМнинг 0,5 бараваригача (ҳозирда 150 минг сўм) тўланади.

Ноябрь ойидан бошлаб тўловлар фақат ижара шартномасини тақдим этган талабалар учун давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижарада яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тўғрисидаги низом тасдиқланганди. Унга кўра, ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабларга ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади. Бир қисмини қоплаб бериш ўқув йилининг давомийлигига қараб белгиланади.

Бунда ариза берувчи тегишли маълумот ёки ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади.

Ўтган йили бошланган бундай чора-тадбирларга қарамай, янги ўқув йилида биринчи курс талабалари ётоқхоналарда етарлича ўрин бўлмаслиги сабаб қийинчиликларга дуч келди. Талабаларга уй-жойини ижарага берадиган хонадон эгалари эса ижара шартномаси тузишни хоҳламайди, шунинг учун улар компенсациядан фойдалана олмайди.

Муаммога ечим сифатида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири талабалар ижара субсидиясининг шартномасиз варианти устида иш олиб борилаётганини айтганди.

«Газета.uz» вилоятлардан пойтахтга келган талабаларни уй-жой билан таъминлаш муаммоси ҳақида ёзганди. Уй-жойга муҳтож талабаларнинг умумий сони 211 минг нафарни ташкил этади.