10 октябрь куни E-auksion савдо майдончасида собиқ «Бухоротекс» йигирув-тўқув комбинатига қарашли 1- ва 2-сонли мулк мажмуалари учун ауцион савдолари якунланди.

115 минг квадрат метр майдонга эга бинолар ва иншоотлар 90,66 млрд сўмга, 17,59 гектар ер участкалари эса 13,8 млрд сўмга баҳоланди. Натижада лот 104,4 млрд сўм бошланғич баҳоси билан ким ошди савдосига қўйилди.

Собиқ фабриканинг сунъий йўлдошдан кўриниши. Google Maps.

Савдонинг 13,5 дақиқасида фақат битта нарх таклифи келиб тушди — Bukhara Next Generation Product 109,96 млрд сўм таклиф қилди. Натижада компания ким ошди савдоси ғолиби деб топилди.

Шартнома тузилган кундан бошлаб бир ой ичида сумма тўлиқ тўланганидан кейин харидорга Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг чегирма тақдим этилади (ҳозир — 15%).

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Бунгача заводнинг мулкий мажмуалари август ойи бошидан буён олти марта сотувга қўйилган бўлса-да, регламент талабларига жавоб бермагани учун уларнинг барчаси яроқсиз деб топилган.

Spot хабарига кўра, «Бухоротекс» ўтган даврдаги энг йирик енгил саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. 2006 йилда завод Sanko holding компаниясига 1 млн долларга сотилган, у тўрт йил ичида 61 млн доллардан ортиқ сармоя киритишни ва йирик тўқимачилик мажмуасини яратишни режалаштирган эди. Аммо 2007 йилда компания банкрот деб эълон қилинган, 2014 йилда эса у ўз муҳр ва штампидан маҳрум бўлган.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги.

E-auksion маълумотларига кўра, банкрот деб эълон қилинган корхона 10 йилдан бери бўш турибди. 2015 йилда 30 дан ортиқ тадбиркорга инвестиция мажбуриятлари бўйича нол қийматда ўтказилди. Аммо 2021 йилда ушбу мажбуриятлар бажарилмагани учун шартнома бекор қилинди, дейилади хабарда. Гарчи аввалроқ собиқ завод асосидаги муваффақиятли лойиҳалар ҳақида хабар берилган эди.

Харидор ҳақида маълумот

Bukhara Next Generation Product 2022 йил 4 октябрда — ким ошди савдосидан 6 кун олдин рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури электр маиший техника ишлаб чиқаришдир. Муассислар Шохрух Тохирович Рўзиқулов (10%) ва Next Generation Product (90%). Ўз навбатида, иккинчи ҳаммуассис компаниянинг асосчиси Artel Electronics ҳисобланади.

Шоҳрух Рўзиқулов Artel Electronics компанияси бошқаруви раиси ҳам ҳисобланади.

Artel Артел савдо белгиси Artel Electronics компаниясига тегишли, бироқ унинг учун ариза Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан ташкил этилган J-United Group компанияси томонидан берилган (илгари бренд унинг компаниясига тегишли эди).