5 сентябрь куни Мактаб дарсликларига оид Шавкат Мирзиёевнинг тегишли топшириғидан сўнг президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков танқидий йиғилиш ўтказиб, барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш бўйича катта ишчи гуруҳ тузганди.

Шундан сўнг янги мактаб дарсликлари муаллифлари дарсликларнинг мазмун-моҳияти ва сифати ҳақида «асоссиз хабарлар» тарқалаётгани сабабли президентга мурожаат қилишди. Унда дарсликларни экспертизадан ўтказилишига қарши эмасликлари, бироқ баҳони бизнес манфаатлари бўлганлар бермаслиги кераклигини таъкидлашганди.

6 октябрь куни президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ХТВ тез кунларда 1−2 синф учун ўқув дастурлар, янгли методика ва дарсликларни апробациясини бошлаётганини маълум қилди. У шунингдек, финляндиялик мутахассислар экспертизасидан ўтаётган ва тасдиқланаётган ушбу дарсликлар Ўзбекистон таълим соҳасиини тубдан юқори сифат даражасига кўтаришга хизмат қилади.

«Мен ҳар доим бир гапни айтиб келаман. Албатта мактаб бинолари керак ва зарур, лекин ундан ҳам олдин сифатли дарсликлар, оддий айтганча таълим олиш учун контент яратиш унданда зарур… Агар контент сифатли, замонавий ва кучли бўлса бола палаткада ўтириб ўқиса ҳам билимли бўлаверади», — деди Алламжонов.

«Газета.uz» мухбири Чарос Низомиддинова дарсликлар атрофидаги гап-сўзларга ойдинлик киритиш, иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш мақсадида мактаб дарсликлари муаллифларидан бири Комил Жалилов билан суҳбатлашди.

— Яқинда сиз ва бир гуруҳ муаллифлар президентга мурожаат билан чиқдингиз. Бу мурожаат билан чиқишга сизни нима ундади? Мурожаатга тегишли ташкилотлардан қандайдир муносабат бўлдими?

— Аввало, айтиб қўйишим керак: мен Республика таълим маркази (РТМ) ходими ёки вакили эмасман ва менинг гапларим РТМнинг позициясини акс эттирмаслиги мумкин.

Дарсликлар атрофида бўлаётган айрим воқеалар бизни шундай мурожаат билан чиқишга ундади. Биласиз, ўтган ўқув йилида 1−2-синфлар учун янги дарсликлар яратилиб, мактабларга етказилди. Бу йил эса 3-, 6-, 7-, 10-синфлар учун дарсликлар тайёрланди. Бу дарсликлар мазмун, методик ёндашув, дизайн жиҳатидан олдинги дарсликлардан мутлақо фарқ қилади.

Янги ўқув йили арафасида дарсликлар ижара нархи ошиши юзасидан ижтимоий тармоқларда кўтарилган норозиликлар ортидан дарсликлар мазмунига ҳам шубҳа билан қараш бошланди. Турли телеграм каналлар ва айрим таниқли блогерлар орқали дарсликлардаги — хоҳ у янги, охирги бир-икки йилда яратилган дарсликлар бўлсин, хоҳ эскиси — айрим матнлар ва топшириқларни контекстдан юлиб олиб, уларни «хато» сифатида оммага тақдим этиш ва шу орқали омма фикрини манипуляция қилишга ҳаракатлар бошланди. Қизиғи, дарсликларга нисбатан ахборот хуружи бирданига бир неча каналлар орқали амалга оширилди — бу кўпроқ бир-биридан мустақил «эътирозлар» эмас, балки қандайдир битта манбадан туриб бошқарилган ҳужумга ўхшайди.

Хуллас, ижара масаласидан бошланган можаро бирданига дарсликлар мазмуни ва сифатига нисбатан ишончсизлик масаласига уланиб кетди. Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов дарсликлар йўналишидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида таклифларни электрон почта орқали қабул қилишини билдирди, шунингдек, «барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича катта ишчи гуруҳ» тузилганини эълон қилди.

Бу гуруҳ Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясида фаолият олиб борди ва дарсликларни ўрганди, лекин унинг хулосалари биз — муаллифларга кўрсатилмади, тўғридан-тўғри Администрацияга берилиши айтилди. Менинг шахсий фикрим — ишчи гуруҳ хулосалари биз, муаллифларга ҳам кўрсатилиши керак эди, сабаби — дарсликлардаги айрим илғор хорижий тажрибадан олинган методик ёндашувлар бундай ёндашувлар билан таниш бўлмаган мутахассисларга хато бўлиб кўриниши мумкин. Умуман, бу жараён диалог шаклида ташкил қилинса ва бу диалогга муаллифлар ҳам жалб қилинса, адолатдан бўлар эди, назаримда.

Мурожаатимизда бир нарсани айтганман. Агар дарсликлар мазмунини текшириш керак бўлса, текширишсин, биз бундан қўрқмаймиз, чунки дарсликлар устида ишлаш жараёнида жуда кўп давлатлар методикасини ўргандик, таҳлил қилдик ва дарслик мазмунини, методик ёндашувини асослаб бера оламиз. Фақат бу текширувлар холис бўлсин, кимларнингдир манфаатига хизмат қилмасин.

Ҳозирча мурожаатимизга ҳеч қайси ташкилотдан реакция бўлмади. Бу ҳам қизиқ. Баъзан оддий маиший муаммо билан мурожаат йўлланса, дарҳол муносабат билдирилади. Бу ерда таълимга, миллат келажагига дахлдор жиддий масала кўтарилганда эса негадир жимжитлик.

— «Текширувлар кимларнингдир манфаатига хизмат қилмасин» деяпсиз. Қандай манфаатларни назарда тутяпсиз?

— Дарсликлар соҳаси ҳар доим жуда нозик масала бўлиб келган, чунки ўқувчилар сони кўп, дарсликлар тиражи катта ва табиийки, катта пул айланади. Кўп давлатларда дарсликлар нашриётлар томонидан, нашриёт маблағлари ҳисобидан яратилади ва битта фандан битта синф учун бир неча дарсликлар бўлиши мумкин — мактаб жамоаси улардан ўзига маъқулини танлаб ишлатади. Яъни дарсликларни чоп этувчи нашриётлар бир-бири билан рақобатга киришади ва бу рақобат уларни сифатли маҳсулот чиқаришга мажбур қилади.

Бизда ҳам муқобил дарсликлар буйича хукумат қарори бор ва муқобил дарсликлар яратишга уринишлар ҳам бўлган. Масалан, Комил Алламжонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари бўлган пайтда агентлик қошида «Ўқитувчи» илмий-методик маркази ташкил қилинган эди. Бу марказга «Автотест Репорт», «Ягона имтиҳон маркази» сингари катта лойиҳаларни бошқарган мутахассислар раҳбарлик қилган. Бу марказда мен ҳам ишлаганман ва ҳозирги дарсликлар муаллифларидан айримлари билан шу марказда танишганман. Ўша пайтда марказда 1−2-синфлар учун дарсликлар яратиш устида иш бошланган эди. Комил Алламжонов АОКА раҳбарлигидан кетгандан кейин марказ фаолияти ҳам тугатилди ва билишимча, марказда яратилиши бошланган дарсликларга бўлган ҳуқуқ «Gid Tashkent» МЧЖга ўтказилди.

Умуман, муқобил дарсликлар бўлиши ва мактабларда бир неча дарсликдан бирини танлаш имкони бўлиши ижобий ҳол. Мен бу ҳақида олдин ҳам ёзганман. Президент қарори билан мактабларга дарсликларни танлашга рухсат ҳам берилган. Фақат дарсликлар ўртасидаги кураш ҳалол, бозор қонунлари асосида бўлиши ва бунга маъмурий ресурсга эга, шу соҳадан манфаат кўришга ҳаракат қилаётган кучлар аралашмаслиги керак.

— Куни кеча «1−2-синф учун ўқув дастурлар, янги методика ва дарсликлар апробацияси» бошланаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Аммо айни шу синф ўқувчилари дарсликлари учун Миллий ўқув дастури асосида китоблар ҳам яратилганди ва катта маблағлар сарфланганди. Шунча меҳнат, ҳаракат ва пул масаласи нима бўлади энди?

— Дарслик яратишдан олдин унга асос бўладиган дастур яратилади, чунки дарсликда нимани беришингизни ва нима учун беришингизни аниқ билишингиз керак. 2020 йили Ўзбекистон президенти фармони билан Халқ таълими вазирлигига Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди, бу дастурни тажриба-синовдан ўтказиш ва жорий қилиш мақсадида Республика таълим марказига бир қанча ваколатлар берилди. Дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди, РТМнинг махсус телеграм канали ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси сайти орқали умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Инспекциянинг ўзида дастур бир неча босқичда муҳокамадан ўтди, қизғин баҳслар бўлди ва охири «Узлуксиз таълим миллий ўқув дастурлари мажмуалари»га киритилди. Бу жараёнда ЮНИСЕФ — БМТ Болалар фонди сингари халқаро ташкилотлар ҳам иштирок этди. Инспекциядаги муҳокамаларда бевосита қатнашганим учун айтишим мумкин — муҳокамалар жуда қизғин, баъзи ҳолларда жуда кескин бўлди.

Дастур тайёр бўлгач, у асосда дарсликлар яратиш бошланди. Ўтган ўқув йилида 1−2-синфлар учун, бу йил 3-, 6-, 7-, 10-синфлар учун дарсликлар яратилди. Миллий ўқув дастури ва унинг асосидаги дарсликларни яратишда жуда катта мутахассислар армияси иштирок этди, ҳатто хорижий экспертлар жалб қилинди. Бу жараёнга, табиийки, жуда катта бюджет маблағлари, тўғрироғи, солиқ тўловчиларнинг маблағлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар маблағлари сарфланди.

Эътибор беринг, 1−2-синфлар дарсликларидан ҳали фақат бир йил фойдаланилди. Мана энди бу дарсликлар янгиланади, дейилмоқда. Шунча меҳнат ва маблағ нима бўлади, ҳавога учадими, янги дастур ва дарсликлар кимнинг ҳисобидан яратилади, деган савол менда ҳам туғилмоқда. Бу ва бошқа саволларим билан Facebook ижтимоий тармоғи орқали янги дарсликлар яратилиши ҳақида эълон қилган президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжоновга мурожаат қилдим, лекин ҳозирча бу саволимга жавоб ололмадим.

Маблағдан ташқари масаланинг бошқа жиҳати бор. Янги дарсликларда кўп фанларни ўқитишга ёндашув тубдан ўзгарган. Мисол учун, она тили фанида асосий урғу, олдингидай, грамматик қоидаларни ўзлаштиришга эмас, ўқувчиларнинг нутқи ва фикрлашини ривожлантиришга қаратилган. Шунинг учун ҳам бошланғич синфларда она тили ва ўқиш фанлари бирлаштирилган, чунки ўқиб тушуниш нутқ кўникмалари таркибига киради, яъни мустақил соҳа эмас, тилнинг бир қисми ҳисобланади.

Хуллас, бир йил давомида янги дарсликлар билан ишлаган ўқитувчилар бу ўзгаришларга озми-кўпми мослашди, янги ёндашувларни қабул қила бошлашди. Эътибор берсангиз, ўтган йили, дарсликлар энди жорий қилинаётган пайтда, ижтимоий тармоқларда, ўқитувчилар матбуотида бошланғич синф ўқитувчиларининг шикоятлари кўп эди. Бу йил бундай шикоятлар анча камайган, ўқитувчилар янги ёндашувларни тушуниб, қабул қила бошлашди ва ҳатто ўзлари ҳам эътироф қилишмоқда.

Таълимга ўзгаришлар олиб кириш қийин, чунки ўқитувчи одатда консерватив бўлади — ўрганиб қолган ёндашув ва одатларини ўзгартириши қийин бўлади. Мана энди, ўқитувчилар янги ёндашувларга мослашаётган пайтда, уларга яна янги дастур ва дарслик берамизми? Ва асосийси, нима учун? Бу саволларга кимдир аниқ жавоб бериши керак, назаримда.

Яна бир ҳолат. Эълонда дастурлар ва дарсликлар апробацияси тез кунларда бошланиши айтилган. Бир неча кун ичида 5000 дан ошиқ ўқитувчи янги дастур ва дарсликлар синовида қатнашиш учун рўйхатдан ўтгани ҳам қизиқ ҳолат, чунки одатда ўқитувчиларни бундай тажрибаларга жалб қилиш қийин. Демак, бу дастурлар ва дарсликлар аллақачон тайёр бўлса керак.

Юқорида президент фармонига кўра яратилган Миллий ўқув дастури бир қанча босқичда муҳокамалардан ўтганини айтдим. Апробация қилинадиган дастур Миллий ўқув дастурига қай даражада мос? Бу дастур ҳам муҳокамалардан ўтганми? Агар бу дастур ва Миллий ўқув дастури ўртасидаги тафовут катта бўлса, қайси бири таълим учун асосий ҳужжат қилиб олинади? Дарсликларни мактаб эркин танлайдиган мамлакатларда ҳам таълим дастури (стандарти) ягона бўлади, турли дарсликлар эса шу дастурда белгиланган мақсадларга олиб борадиган турли йўллар ва методик ёндашувларни таклиф қиладилар.

— Эндигина янгиланган дарсликларни бир четга суриб, яна қайтадан дарслик ёзиш қанчалик тўғри? Ёки РТМ тайёрлаган дарсликлар экспертлар, ишчи гуруҳ назоратида қониқарсиз деб топилдими?

— Битта фандан бир неча муқобил дарсликлар мавжуд бўлган мамлакатларда бу дарсликлар одатда бюджет ҳисобидан яратилмайди. Уларни нашриётлар ўз ҳисобидан яратади ва кейин бу дарсликларни мактабларга тарқатадиган таълим вазирлигига сотади ёки эркин савдога чиқаради. Ўзимизда бошланғич синфлар учун она тили ва ўқиш саводхонлиги фанлари бўйича яратилиб, тажриба-синов учун мактабларга тарқатилган муқобил дарсликлар ҳам давлат бюджетидан эмас, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштирилган.

Яқиндагина шунча ҳаракатлар билан, катта маблағ сарфлаб нашр қилинган, бор-йўғи бир йил фойдаланилган дарсликлар ўрнига бюджет маблағларини сарфлаб, яна янги дарслик яратиш масаласига келсак — бунинг учун жуда жиддий асос, илмий асосланган сабаб керак. Шунчаки кимгадир бу дарсликлар ёқмагани ёки кимдир янги дарсликлар яратишга кетадиган маблағлардан манфаатдор бўлгани ёки кимдир тепада «мен янги дастур ва дарсликлар яратдим» деб «очко» ишлашни хоҳлаб қолгани учунгина дарсликларни янгилаш давлат тизимининг ишламаслигини кўрсатади, назаримда. Кейинги сафар тепада шахслар ўзгарса, яна ҳаммаси қайтадан бошланадими шунда?

Янги дарсликлардан экспертлар, ишчи гуруҳ қандай хато ва камчиликлар топди? Бу хато ва камчиликлар дарсликларни четга суриб қўядиган даражада жиддийми? Экспертлар, ишчи гуруҳ вакиллари дарсликлар муаллифлари билан мулоқотга киришдими, улардан ўз ёндашувини тушунтириб беришни сўрадими? Ҳозирча муаллифлар билан ҳеч ким мулоқотга киришгани йўқ.

Янги дарсликлар самарасиз бўлса, бу ҳолат илмий исботландими? Назорат гуруҳлари ва тажриба (экспериментал) гуруҳлар танлаб олиниб, бу гуруҳларда дарсликларнинг самараси солиштирма таҳлил қилиндими? Тадқиқотда қатнашган гуруҳлар танланмаси қай даражада репрезентатив? Таҳлиллар қайси методика асосида олиб борилди? Таҳлиллар натижалари билан танишиш имкони борми? Бу саволларга ҳам ҳозирча жавоб йўқ.

Ёки президент администрацияси вакиллари «сифатли дастур яратиш ва уни амалиётга жорий қилиш осон иш эмаслигини, лекин бу йўналишда аниқ топшириқ олингани ва масала албатта охирига етказилишини» эълон қилишди. Шунча экспертларни жалб қилиб, муҳокамалардан ўтказиб, маблағ сарфлаб яратилган Миллий ўқув дастури сифатсиз бўлиб чиқяптими шунда? Алламжонов сўзларига қараганда, Шавкат Мирзиёев тасвирлаб берган «ўзбек мактаби битирувчиси портрети», мактаб битирувчиси эгаллаши керак бўлган кўникмалар Миллий ўқув дастурида акс этган ва янги дарсликларга ҳам сингдирилмоқда-ку? Умуман, таълим дастури яратиш ва уни амалиётга жорий қилиш таълимга масъул вазирлик ва идоралар ишими ёки администрациянинг? Ваколат ва вазифалар чегараси қаерда?

Умуман, менда 1−2-синфлар учун янги дастурлар ва дарсликлар яратилиши ҳақидаги эълон кўп саволлар туғдирмоқда ва бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.

— Табиий фанлар, она тили ва ўқитиш саводхонлиги, математика — қарийб барча фанларга оид дарсликлар тубдан янгиланганига гувоҳман. Айримларини ўқиб ҳам чиқдим. Барча мавзулар биз ўрганган қоидалар, ўта илмий иборалардан чекиниб, болага содда, равон ва интерактив усулда тушунтирилган. Айрим ота-оналар эски китобларга кўз ўрганганиданми янги адабиётлардаги услубга тушунолмагани, ҳатто баъзи ўқитувчилар ҳам эътироз билдирган ўринлар бўлди. Дарслик муаллифларидан бири сифатида бундай фикр-қарашларга нима дейсиз?

— Айтганимдек, таълимга ўзгаришлар олиб қилиш қийин, чунки, биринчидан, ўқитувчилар одатда консерватив бўлишади ва янгиликни қийин қабул қилишади, иккинчидан, кўпчилигимиз ҳеч бўлмаганда мактабда ўқиганимиз ва дарсликларни кўрганимиз учун ўзимизни таълим соҳасида эксперт деб биламиз. Ваҳоланки, педагогика, методика — алоҳида соҳа ва уни тушуниш учун мутахассис сифатида ўрганиш керак.

Янги дарсликларга нисбатан эътирозлар ҳам бўлди. Шуни айтишим керакки, мен бу дарсликларнинг муаллифларидан бири бўлсам ҳам, уларни идеал демайман — улардаги ёндашувлар кимларгадир ёқмаслиги ҳам мумкин. Фақат бир нарсани аниқ айтишим мумкин — биз бу дарсликларда ҳозирги замон боласи учун керак бўлган фикрлаш, таҳлил қилиш, муаммоларга ечим топиш, ижодкорлик, биргаликда ишлаш сингари кўникмаларга асосий эътибор беришга ҳаракат қилдик. РТМ томонидан бир неча марта ташкил қилинган семинарларда бу ёндашув ва ўзгаришларни дарсликларни тажриба-синовдан ўтказган ўқитувчилар билан муҳокама қилганмиз.

Она тили ва адабиёт дарсликлари мисолида айрим ўқитувчилар эътирозларининг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қилсам. Олдинги она тили дарсликлари «грамматик қоидалар — бу қоидаларни мустаҳкамлаш учун машқлар» шаклида тузилган эди. Бундай дарслик билан ишлаш осон: грамматик қоида ўқитувчига ёд бўлиб кетган, уни доска олдида туриб тушунтиради, кейин ўқувчилар китоб-дафтарларини очиб машқ бажаришади ёки битта ўқувчи доскага чиқиб бажаради, қолганлар ундан кўчиради.

Ҳозирги дарслик билан бундай тарзда ишлай олмайсиз — дарс самарали ўтиши, ўз мақсадига эришиши учун унга пухта тайёргарлик кўриб, режалаштириб кириш керак. Тўғри, дарсни режалаштиришга ёрдам берадиган ўқитувчи китоби бор, лекин барибир дарсни режалаштириш ўқитувчидан вақт ва маҳорат талаб қилади.

Ёки адабиёт дарсликларида «асар ҳақида»деган бўлими бор эди ва ўтилаётган асарни ўқиб тушунишга, уни таҳлил қилишга ҳаракат қилишнинг ҳожати йўқ эди. «Асар ҳақида» қисмидаги тайёр таҳлил ва маълумотларни ёдлаб қайтарса кифоя эди. Янги дарсликларда бундай бўлим йўқ — ўқувчи асарни мустақил таҳлил қилиши, ўқитувчи эса уни йўналтира олиши керак. Бундан ташқари, ижодкорликни, кутилмаган вазиятларда турли ечимлар топишни талаб қиладиган топшириқлар ва лойиҳалар кўп. Бундай талаблар айрим ўқитувчиларга ёқмаслиги мумкин.

Ота-оналарнинг эътирозларига эса сабаб бошқа бўлиши мумкин. Кўпчилик ота-она собиқ СССРда яратилган ёки собиқ СССР андазасида яратилган дарсликлар билан таҳсил олган. Ўз болалиги билан боғлиқ носталгия туфайли ўша пайтда ҳамма нарса, жумладан, дарсликлар ҳам ҳозиргидан яхшироқ кўриниши мумкин. Лекин бир нарсани ҳисобга олиш керак — ўша пайтдаги дарсликларда ўқувчига маълумот бериш асосий мақсад эди. Балки ахборот манбалари унчалик кўп бўлмаган ўша давр учун бу тўғри бўлгандир. Лекин ҳозирги, ахборот топиш муаммо бўлмаган даврда ўқувчига ахборотни турли манбалардан излаб топиш, уни таҳлил қилиш, баҳо бериш ва олинган ахборотлар асосида муаммоларга ечим топишни ўргатиш муҳимроқ.

— Ўзингиз айтганингиздек, «мактабда дарсликларни кўрганимиз учун ўзимизни таълим соҳасида эксперт деб биламиз». Лекин масъулиятли, яна келажак тақдири тикилган вазифани кўрпа мисоли ҳар тарафга тортиш, мактаб таълимини тажрибахонага айлантиравериш нотўғри. Бадали бир инсоннинг умрига тенг. Умуман, таълимни қўлдан қўлга ўтадиган «қўғирчоқ»дек ўйнаш қанчалик тўғри?

— Таълим дастурлари ва дарсликлар ҳаммага бирдек ёқиши шарт эмас, чунки ҳамманинг савияси ва дунёқараши ҳар хил. Давлат келажак авлодга таълим бериш орқали қандай узоқ муддатли мақсадларни ва нима учун қўяётганини аниқ билиши, бу мақсадлар давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши керак. Ва албатта бу мақсадлар конъюнктура ва қайсидир шахсларнинг кайфиятига қараб тез-тез ўзгариб турмаслиги керак.

Масалан, мен таълим тизимини ўрганган кўп давлатларда айнан таълим вазирлиги таълим сиёсатини белгилайди ва амалга оширади, сайловчилар олдида ҳам айнан таълим вазирлиги жавоб беради. Битта соҳада ҳамманинг ўзини хўжайин деб билиши, турли бошқарув идораларнинг «кўрпани турли тарафга тортиши» ҳам, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири ёзганидек, таълим тизимида на таълимнинг ва на тизимнинг йўқ бўлишига олиб келади.

Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.