Ўзбек тилидаги янги мактаб дарсликларини тузувчи Комил Жалилов, Зулхумор Мирзаева, Саъдулло Қуронов, Шокир Турсунов, Мансур Сиддиқов ва бошқалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилишди.

Мурожаатда 2016 йилда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилишида президент Шавкат Мирзиёев муаллифларни йиғиб, замонавий, жаҳон тенденцияларига мос дарсликларни тайёрлаш методикасини янгилаш бўйича топшириқ бергани айтилди.

«Бизнинг жамоа ушбу вазифани бажариш учун кечаю кундуз ишладик ва янги замонавий, XXI аср талабларига жавоб берадиган ҳамда ўқувчини мустақил фикрлашга, муаммоларни ечишга, қарор қабул қилишга, креатив бўлишга ундайдиган дарсликлар яратилди. Дарсликларни яратиш осон иш эмас. Бу ижодий муҳит, ижодий атмосферани талаб қиладиган жараён. Лекин охирги вақтлар бўлаётган, ижтимоий тармоқлар орқали сиздирилаётган ҳар хил асоссиз хабарлар, асоссиз гаплар, асоссиз миш-мишлар бу ижодий муҳитни сўндиради ва муаллифларнинг ишини, рағбатини ўлдиради», — дея таъкидлади муаллифлар номидан сўзга чиққан Комил Жалилов.

Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда «ижодий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган ва муаллифларнинг ишлашга бўлган иштиёқини ўлдирадиган» турли асоссиз хабарлар ва миш-мишлар «сиздирилмоқда».

Унинг сўзларига кўра, китоб ижараси нархлари ошиши сабабли бошланган муҳокама секин-аста дарсликлар мазмуни муҳокамасига айланиб кетган, шу сабабли одамлар «асоссиз равишда уларнинг мазмунига шубҳа билан қарай бошлаган».

«Қандайдир комиссиялар тузилиб, дарсликларнинг мазмунини текшириб, ҳар хил одамлардан фикр йиғиш… Биз қарши эмасмиз, дарсликларнинг мазмунини ўрганиш керак бўлса, ўрганишсин, баҳо беришсин. Фақат, бунга баҳони холислар берсин. Замонавий методикани, методикадаги замонавий тенденцияларни ҳозирги замон боласига нимани қандай ўргатиш кераклигини тушунадиган мутахассислар, тушунадиган холис экспертлар баҳо беришсин. Бунинг ортидан ўзининг қандайдир бизнес манфаатларини кўзлаётган шахслар, манфаатдор „чиновниклар“ (амалдорлар) баҳо бермасин бу нарсага. Чунки бу ҳолатда баҳо холис бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ», — дея огоҳлантирди у.

Комил Жалиловнинг айтишича, мактаб дарсликларини тузувчилар ҳалол рақобатдан қўрқишмайди ва дарсликлар бошқалар томонидан ҳам яратилишига қарши эмаслар.

«Ва ўқитувчи танласин. Ҳалол рақобатдан ҳамма ютади — таълим ҳам, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам, ота-она ҳам. Лекин парда ортидаги ҳар хил ўйинлар, асоссиз гаплар, бунақанги носоғлом курашдан миллат зарар кўради, таълим зарар кўради ва охир-оқибатда ҳаммамиз зарар кўрамиз», — деди у.

Мутахассис президентдан вазиятни яна бир бор ўз қўлига олишни сўради.

Саъдулло Қуронов (суратда ўнгда) дарслик муаллифларининг аксарияти хорижда таҳсил олгани ва халқаро тажрибага эга эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, БМТ ташкилотлари — ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКО экспертлари ҳам мактаб китобларини тайёрлашда ёрдам беришмоқда.

Унинг фикрича, дарсликлар мактабларга етиб бормасданоқ бошланган тарғибот ишлари муаллифларни обрўсизлантиришга қаратилган, бу эса аҳолининг таълим соҳасидаги ислоҳотларга ишончини йўқотмоқда.

Потсдам (Германия), Гронинген (Нидерландия) ва Шарқий Финляндия университетларида психолингвистика ва тил ўрганиш жараёнларини илмий нуқтаи назардан ўрганган «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслиги муаллифи, филология фанлари номзоди Ирода Азимова 2016 йилда президент билан учрашувда иштирок этганини айтди.

«Ўшанда ҳурматли Шавкат Миромонович: „Ўзбек тилини ўқитиш методикаси мени умуман қониқтирмайди. Уни бутунлай янгилаш керак, „тоза оқ қоғоздан“. Ўрганинглар чет элнинг методикасини, сизга шу топшириқ“, деган эдилар. Мен бу вазифани бўйнимга оларканман, менга шундай масъулиятли вазифа топширилди, халқимизнинг келажаги учун сидқидилдан қилишим керак, деганман. Бизга бу йўл осон кечмади. Ғоялар жанги энг кескин жанг эканлигини ҳамма яхши билади. Биз- янги чиқарилган „Она тили ва ўқиш саводхонлиги“ дарслиги муаллифлари йўқ жойдан қанча машаққат, уйқусиз тунлар, биргаликда баҳс-мунозараю тортишувлар билан янги ёндашувдаги дарсликларни яратдик. Чунки биз президент берган топшириққа кўра давлат аҳамиятига молик иш билан шуғулланаётганимизга ишончимиз комил эди», — деб ёзди у.

Бизга ҳатто қисқа муддат берилганда ҳам бутун кучимизни шу ишга сафарбар қилиб, ўтган йили биринчи ва иккинчи синф дарслигини ёзиб тугатишга эришдик. Нега ҳозир ушбу муаллифлар жамоасининг ҳамма меҳнатига чизиқ тортилиб, уларнинг мутахассислигига шубҳа билан қараляпти? Бизнинг айбимиз нима? Халқимиз учун жон куйдириб ҳалол ишлаганимизми? Нимага дарсликлар ижарасидан бошланган можаро дарслик мазмуни ва сифатига шубҳа билан қараш томон бурилди?!" — деган саволни ўртага ташлади мутахассис.

Ирода Азимова холис экспертизага эътироз йўқлигини таъкидлаб, ёндашувни тушунадиган малакали мутахассислар ишларини таҳлил қилиб кўраверишсин, деди.

«Лекин ҳозир ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил холис ва нохолис хабарларнинг тарқатилиши биз муаллифларга нисбатан ҳақоратдир», — деб ёзди у.

Комил Жалилов, шунингдек, 6-синф учун она тили ва адабиёт фанидан дарс берувчи ўқитувчилардан бирининг тақризини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, мактабга янги дарсликлар ҳали етиб келмаган, шунинг учун биринчи мавзуни принтерда чоп этган.

«Бадиий асар таҳлинини уч босқичда ўрганиш ҳақида дарс ўтилди. „Нима қилиб қўйдинг, Шерзод?“ ҳикояси асосида тушунтирилди. Айнан китобдан мутлақо чекинмасдан ўтиб кўрдим. Оралиқдаги саволлар берилганда, болалар роса фаол бўлишди. Жавобларнинг дарсликдаги жавобларга ўхшаш берилишини кўриб, ўзим ҳам завқланиб кетдим. Қўнғироқ чалингани ҳеч бир ўқувчига ёқмади. Хуллас, болалар биринчи дарсни жуда яхши қабул қилишди. Демак, 6-синф адабиёт дарслиги ўзини оқлайди. Ўқувчиларим тезроқ китбни қўлга олишни исташяпти», — деб ёзди ўқитувчи.

ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази (РТМ) аллақачон интернет тармоғида дарсликлардаги хатолар кўрсатилган бир қанча хабарларни рад этди. Уларнинг аксарияти «Телеграм»даги Kompromatuzb аноним каналида чоп этилган.

Хусусан, 10-синф учун «Биология» дарслигидаги хатолари бўлган скриншотлар ижтимоий тармоқларда тарқатилди. РТМ эса бу бир неча ой олдин тарқатилган китобнинг ишчи файли экани ҳамда чоп этилган дарсликда ушбу хатолар мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108%) ошириш режалаштирилган эди. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.

Мактаб дарсликларининг ижара тўловлари нархи кескин оширилиши ортидан кенг жамоатчилик, жумладан, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар фонида Шавкат Мирзиёев дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди. Шу куни президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов мактаб дарсликлари сифатини текширадиган ишчи гуруҳ ташкил этилишини маълум қилди.