Январда бўлиб ўтган таълим сифати масалаларига бағишланган матбуот анжуманида сўзга чиққан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкентбоев давлат буюртмаси тизими билан дарсликлар сифатини ошириб бўлмаслигини таъкидлаган эди.

Дарсликлар сифати тўғрисида аввал ҳам кўп гапирилган: улардаги фактларнинг илмий нуқтаи назаридан эскиргани, маълумотларнинг бир-бирига зид келиши, айни ҳолатни таснифлашга қарама-қарши ёндашувлар, назария ва амалиёт ўртасидаги алоқанинг мавжуд эмаслиги, айрим дарсликлар бўйича ўқитувчи учун методик кўрсатмаларнинг йўқлиги педагогларнинг дарсликни тушунмай қолишига олиб келаётгани қайд этилган.

Бу муаммо ҳаттоки Сенатда ҳам муҳокама қилинди. «Дарсликларни биргаликда такомиллаштирамиз» танлови эълон қилинди ва унинг шартларидан бири дарсликлардаги хатолар рўйхатини тузиш эди. Ушбу танлов ғолиблари Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) томонидан тақдирланди ҳам.

Худди шундай вазиятни хориждаги йирик дарсликлар ноширлари билан содир бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик. Сиз қачондир, дейлик, Россия Маориф вазирлиги Федерал рўйхатига киритилган дарсликлардаги хатоларни топиш бўйича танлов эълон қилгани ҳақида эшитганмисиз? Ёки мактаблар учун ҳам дарсликлар ва қўлланмалар чоп этувчи Кембриж университети нашриёти ўз нашрларида энг кўп хатоларни топган кишиларни тақдирлаганини? Катта эҳтимол билан йўқ. Балки, чиндан ҳам, бизда дарсликларни яратиш механизмининг ўзида сифатга тўсқинлик қиладиган нималардир бордир?

Дарсликлар қандай яратилади?

Бизга ХТВ ҳузуридаги Республика таълим марказидан (РТМ) жавоб беришди (хат нусхаси таҳририят ихтиёрида мавжуд). Унга кўра, дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни нашр қилиш жараёни бир қанча ҳужжатлар асосида тартибга солинади. Жумладан:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сонли қарори билан тасдиқланган дарсликлар ва муаллифлар таркибини танлаб олиш тўғрисидаги низомлар,
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги 281-сонли қарори билан тасдиқланган муқобил дарсликлар тўғрисидаги низом,
  • халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 ноябрдаги 291-сонли «Давлат ўрта умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни нашр қилиш тартибларини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (ҳужжат матнини очиқ манбалардан топишнинг иложи бўлмади).

548- сонли ВМҚга иловада келтирилишича, «ўқув адабиётларини ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркиби танлов асосида танлаб олиш йўли билан аниқланади, хорижий тиллар бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар бундан мустасно». Танлов тўғрисидаги эълон ОАВда чоп этилиши ҳамда танловда энг камида учта номзод иштирок этиши лозим.

Аввалига танлаб олиш йўли билан муаллифлар жамоалари танлаб олинади, сўнгра мазкур танлов ғолиблари ўртасида дарсликни ёзишга танлов ўтказилади. РТМдан бизга тушунтириш берилишича, биринчи босқичда муаллифлар жамоаларига дарслик концепциясини тақдим этиш ва бўлғуси дарсликдаги бир бўлимнинг намунавий матнини ишлаб чиқиш учун 30 кун, иккинчи босқичда эса танлов ғолибларига дарслик қўлёзмасини яратишга 120 кун вақт берилади.

ХТВ сайтидан дарсликларни ишлаб чиқиш бўйича танлов ҳақидаги маълумотларни топишнинг иложи бўлмади. Анонимлик сақланишини хоҳлаган ХТВ вакили муаллиф билан шахсий суҳбатда охирги марта бу каби танлов қачон ўтказилгани, қайси дарсликни яратиш учун ва қанча муаллиф (муаллифлар жамоалари) ўзаро рақобатлашгани ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, бу танлов 2015 йилда ўтказилганини эслади, бироқ бошқа тафсилотларни аниқлаштира олмади.

Биз ХТВ порталига жойлаштирилган дарсликларнинг электрон нусхаларига назар ташлаб, уларнинг қайсилари 2015 йилда янгиланган бўлиши мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилдик. Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг биринчи синф учун дарсликлари асосан қайта нашр қилинган — тўртинчидан ўн еттинчи нашргача. Айрим муаллифларнинг фамилиялари тўртбурчак ром ичига олинган бўлиб, бу уларнинг вафот этганини англатади. Дарсликларнинг вафот этганлар номидан қайта ёзилаётгани ва қайта чоп этилаётгани ҳақида Сенатнинг собиқ раиси ҳам гапириб ўтган эди.

Бошқа тиллардаги (рус, қорақалпоқ ва бошқалар) дарсликлар, она тили, ўқиш ва иккинчи тил дарсликларини ҳисобга олмаганда, одатда ўзбек тилидан таржима қилинади. Бошқа тиллардаги асл (таржима қилинмаган) дарсликлар орасида энг «янгилари» тожик, қирғиз ва қозоқ мактаблари учун «Алифбе» бўлиб чиқди ва уларнинг барчаси беш мартадан қайта нашр қилинган.

Бошқа синфлар дарсликлари ҳам асосан аввалги дарсликларнинг қайта нашр қилинган нусхаларидир. 2017 йилда 11 йиллик мактаб таълимига қайтилганидан кейин 10−11-синфлар учун дарсликлар, ХТВ вакили бўлган суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 803-сони фармойиши (ҳужжат матнини очиқ манбалардан топишнинг имкони бўлмади) асосида танлов эълон қилинмаган ҳолда ишлаб чиқилган. 2017 йилда «Адолат» газетасига интервью берган ўша вақтдаги ХТВ бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев ҳам ушбу фармойишни тилга олиб, 10−11-синфлар дарсликларини ёзиш учун муаллифлар жамоалари тасдиқлангани ҳақида тўхталган, бироқ у Вазирлар Маҳкамасининг 548-сонли қарори кўзда тутилган жараёнларга амал қилинганми-йўқ, бунга аниқлик киритмаган.

Демак, Вазирлар Маҳкамасининг 548-сонли қарорида тасдиқланган жараёнларга ҳар доим ҳам амал қилинмайди ёки танлаб-танлаб амал қилинади, шундайми? РТМда ишлаган ва вазиятдан бевосита хабардор бўлган бошқа бир суҳбатдошимиз сўнгги вақтларда дарслик ёки ўқув қўлланмаларини ёзиш учун муаллифларни тавсия қилиш билан РТМ методистлари ва бўлим бошлиқлари шуғулланаётганини маълум қилди. У ҳолда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган жараёнларга қандай қилиб риоя этилади, деган саволимизга жавоб бераркан, суҳбатдошимиз ХТВ Вазирлар Маҳкамасига амалдаги тартибларни бекор қилиш тўғрисида таклиф билан чиққанини айтди, бироқ ўрнига қандай янги тартиб таклиф қилинаётганини аниқ айта олмади.

Мактаб дарсликлари ва ўқув қўлланмалари учун муаллифларни танлаш масъулияти РТМ ва/ёки ХТВ ходимлари зиммасида қолаётган бўлса, ушбу вазифага объектив ва пухта ёндашилишини кафолатлайдиган механизмлар ҳам ишлаб чиқилганми? Бундай ҳолатда бўлғуси дарсликларнинг сифати тор доирадаги шахсларнинг субъектив фикрларига боғлиқ бўлиб қолмайдими?

Чет тиллари бўйича дарсликлар масаласида ҳам қизиқарли ҳолат мавжуд. Худди ўша 548-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорида бу каби дасрликлар учун муаллифлар гуруҳи Хорижий тилларни ўрганишни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (президентнинг 2019 йил 9 декабрдаги 4546-сонли қарори билан 2020 йил 1 январдан тугатилди) томонидан тасдиқланиши лозимлиги кўрсатилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланарди. Мазкур ОТМ ҳузурида эса Инновацион методикаларни ривожлантириш республика илмий-амалий маркази фаолият кўрсатади ва ушбу марказ ходимлари, ўз навбатида, «Kids' English» и «Teens' English» каби янги инглиз тили дарсликлари муаллифи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 548-сони қарорида келтириб ўтилган танлов асосида танлаб олиш механизмида, наздимизча, бир қатор камчиликлар мавжуд, уларнинг энг асосийларидан бири — экспертлар томонидан қўлёзмаларни шаффоф баҳолаш имкониятининг мавжуд эмаслиги.

Мазкур мақола муаллифи бир ўқув қўлланмаси қўлёзмаси муҳокамасига гувоҳ бўлган эди. Ўшанда экспертлар камчиликларни кўрсатиб ўтар экан, ўз фикрларини ҳеч нарса билан асослашмаган, на назарияларга ва на тажриба ёки апробация натижаларини келтиришган, балки шунчаки «бу ёмон, чунки мен шундай деб ҳисоблайман» қабилида йўл тутишган эди. Бир пайтлар танлов жараёни орқали ўтган дарслик муаллифларидан бирининг айтишича, унинг дарслигини чоп этишнинг ёзилмаган шартларидан бири уни ёзишда қатнашмаган муайян одамларни муаллифлар рўйхатига киритиш бўлган экан.

Бироқ бу механизм ҳеч бўлмаганда ташқаридаги одамларга танловда иштирок этиш имконини берган. Муаллифлар кимлардир томонидан шунчаки танланганида эса, иқтидорли методист, амалдорга нотаниш бўлса ва керакли одамлар билан шахсан таниш бўлмаса, катта эҳтимол билан, муаллифлар рўйхатига кирмайди.

Шундай қилиб, муаллифлар тайинланди ва улар ишга киришди. Улар ҳеч қандай рақобатчилари йўқлигини билишади — мазкур синф учун мазкур дарсликни фақатгина улар ёзишади. Улар дарслик якунда нашр қилинишини ҳам билишади. Агарда буюртмачи дарсликни сифатсиз деб топса ва уни қабул қилмасликка қарор қилса, у истаса-истамаса бошқа дарсликка буюртма беришга улгура олмайди. Ўқув йили кутиб турмайди, қайси амалдор мактаблар дарсликлар билан ўз вақтида таъминланмагани учун «калтак ейиш»ни хоҳларди? Мана шундай ёпиқ занжир пайдо бўлади.

Ким танлайди?

Лондонда мен ўқиган университет кампуси ортида улкан китоб дўкони бор эди, унинг иккинчи қавати тўлиқ ўқув адабиётларига ажратилган эди. Бу ерда муайян бир фан бўйича бир қанча дарсликларни топиш мумкин. Европанинг бошқа мамлакатлари, масалан, Скандинавия давлатлари, Италия, Эстонияда бўлгани каби Англияда ҳам «гриф» — таълим жараёнида муайян бир дарсликдан фойдаланиш учун таълим вазирлигидан рухсат олиш ёки тасдиқлатиш талаб қилинмайди. Қайси дарсликдан фойдаланиб сабоқ бериш танлови охирги фойдаланувчи — мактабларнинг ушбу дарслик билан ишлайдиган педагогик жамоалари ихтиёрида. Ўқитувчининг ўзи у ёки бу дарсликнинг таълим стандартларида кўрсатилган мақсадларга эришишида ёрдам бера олиши, ўз синфининг эҳтиёжлари ва шахсий қарашларидан келиб чиққан ҳолда қайси дарслик билан ишлаш бўйича қарор чиқаради.

Мана шу — мижоз учун курашдир. Айнан шу нарса нашриётларни сифат учун ишлашга мажбур қилади.

Умуман олганда, тадқиқотчилар дарсликларнинг нашр этилишига турлича ёндашадиган мамлакатларни бир нечта турларга ажратадилар. Улардан бири — таълим вазирлиги жараёнга мутлақо аралашмайдиган давлатлар: нашриётчилар дарсликларни ишлаб чиқишади ва ўқитувчилар қайси дарслик ўзларига маъқул келишини танлашади. Дарсликдан ўқув жараёнида фойдаланиш учун вазирликнинг розилиги талаб қилинмайди. Биз юқорида бундай давлатларга мисоллар келтирдик.

Бошқа бир тур — бу вазирликлар дарслик яратиш жараёнига аралашмайдиган, аммо экспертизадан ўтказадиган ва улардан фойдаланиш мумкинлиги тўғрисида хулоса чиқарадиган мамлакатлардир. Худди шу ҳар бир фан бўйича турли хил муаллифлар ва нашриётларнинг дарсликлари турли хил бўлиши мумкин ва танлов яна фойдаланувчи — таълим муассаси ўқитувчиси (педагогик жамоаси) ихтиёрида қолади. Россия, Украина, Қозоғистон, баъзи Европа ва кўплаб Осиё мамлакатлари ушбу тамойил асосида ишлайди.

Учинчи тур — бу битта фан бўйича фақат битта дарсликка рухсат бериладиган ва одатда вазирликлар ишлаб чиқиш (нашр этиш) жараёнида фаол иштирок этадиган ёки бошқарадиган давлатлардир. Яъни, охирги фойдаланувчилар учун танлов амалдорлар томонидан амалга оширилади. Амалдорларнинг фойдаланувчи учун танловни амалга ошириши, умуман олганда, бу — энг яхши танлов эмас. Осиё мамлакатларида дарсликларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш сиёсатини ўрганган Энди Смарт ва Шанти Жаганнат таъкидлаганидек, жуда кам сонли давлатларгина юқори сифатли дарсликларни ўқув адабиётларига ихтисослашган кучли тижорий нашриётларсиз ишлаб чиқаришга муваффақ бўлган. Ҳозирги вазиятимиздан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, биз бу «озчилик» мамлакатлар қаторига кирмаслигимиз аниқ.

Дарслик ва таълим сифати

Биз мактабларни дарсликлар билан таъминлашнинг амалдаги тизими тарафдорларининг асосий далилларидан бири бу «ижтимоий ҳимоя» эканлигини аллақачон ёзган эдик. Айтишларича, ижара нархларининг арзонлиги таълимнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган дарсликлардан барчанинг тенг фойдаланишини таъминлар эмиш.

Бироқ биз бу билан барчанинг сифатсиз таълимдан тенг фойдаланишини таъминлаб қўймаяпмизми? Пулли таълим хизматлари — турли хилдаги курслар ва репетиторлик хизматларига бўлган талабнинг юқори экани буни тасдиқламаяптими? Халқаро ташкилотлар ўтказган тадқиқотларнинг аянчли натижаларига бир назар ташланг: бошланғич мактаблардаги болаларнинг ярмидан камроғи ўқиган матнларини тушунади, ўқувчиларнинг ярмигина олган билимларини амалиётга татбиқ эта олади.

Ҳозирги дарсликлар асосан келгусида мактаб ўқувчисига керак бўлмайдиган ахборотларни эслаб қолиш ва такрорлашга қаратилган ва XXI аср кўникмалари: ахборотларни излаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш, жамоада ишлаш, мулоқот қилиш, юклатилган вазифага ижодий ёндашиш кабиларни ривожлантира олмайди.

Ўзбекистон Таълим сектори таҳлилида қайд этилишича, мустақил фикрлаш ҳамда ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қодир ёшларни тарбиялаш мақсадида таълимда компетенциявий ёндашувга ўтиш учун дарсликларни янгилаш талаб қилинади. Худди шу вазифа — дарсликлар ва ўқув адабиётлари сифатини ошириш — жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2020 йилги Давлат дастури лойиҳасида ҳам (237-банд) қайд этилган.

Сифатли дарсликлар таълим сифатини оширишда нима учун бу қадар муҳим? Дарсликлар ўқитувчи нимани ўқитишини ва ўқувчи нималарни ўрганишини белгилаб беради. Ўқитувчида синфга олиб келиш учун дарсликдан бошқа ўқув материалларини излаш ёки яратишга вақт, куч, хоҳиш ёки тажриба бўлмаслиги мумкин. Кам даромадли оилаларда дарслик бола ўқиши мумкин бўлган ягона китоб бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Дарсликлар баҳолаш тизимида ҳам бевосита таъсир кучига эга ва тест олиш билан шуғулланувчи ташкилотлар улардан баҳолаш тизимини белигловчи асосий воситалардан бири сифатида фойдаланиши мумкин.

Ва мадомики, мақола аввалида қайд этилганидек, амалдаги механизмлар сифатли дарсликларни яратишга қодир эмас экан, механизмнинг ўзини ўзгартириш лозим.

Муқобил дарсликлар: бўладими ёки йўқ?

2019 йилнинг апрелида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги низом тасдиқланган эди. Музлар эриб, амалдаги дарсликлар монополиясига барҳам берилганга ўхшаган эди. Бироқ ҳужжат янада синчковлик билан ўрганилса, «муқобил» дарсликлар келажаги бир қатор сабабларга кўра унчалик ҳам порлоқ эмаслиги кўзга ташланади.

Биринчиси. «Асосий дарслик» ва «муқобил дарслик» тушунчаларининг жорий этилиши. Ҳужжат матнида «асосий дарслик» тушунчасига изоҳ берилмаган бўлса ҳам, гап ХТВ томонидан амалдаги дарсликларнинг ижара тизими доирасида ишлаб чиқилган дарсликлар ҳақида эканини билиш қийин эмас. Яъни, бундан ХТВ томонидан ишлаб чиқилган дарсликлар бошқаларидан устун қўйилгани тушунилади. Ўқитувчи дарсликни танлайдиган бошқа мамлакатларда бундай фарқлилик мавжуд эмас — барча дарсликлар тенг.

Иккинчиси. Муқобил дарсликларнинг оригинал макетлари дастлабки экспертизадан (9-банд), ХТВ танлаган таълим муассасаларида бир йил давомида тажриба-синовдан (12-банд), ХТВ расмий сайтида жамоатчилик муҳокамасидан (13-банд) ўтказилади ва энг камида 95 балл тўплаши керак (15-банд). Айни вақтда асосий дарсликлар бундай мураккаб жараёнлардан ўтказилмайди. Дарсликлар соҳасида йиллар давомида монополиялар ҳукм сурган бизнинг шароитда ўқув ва ўқув-методик адабиётларга ихтисослашган кучли ноширлар ҳозирча шаклланмаган. Шундай экан, «муқобил» дарсликларни ишлаб чиқишга каттагина сармоя киритишга тайёр нашриётларни топиш амри маҳол. Чунки бу дарсликлар барча бюрократик тўсиқларни ошиб ўтиш имкони йўқлиги сабабли жавонларда чанг босиб қолиб кетиши мумкин.

Учинчиси. Муқобил дарсликлардан фойдаланишга қарор қилган мактаблар уларни «ота-оналар, мактаб педагогик жамоалари ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан» сотиб олишлари керак. Айни вақтда, асосий дарсликлар Республика китоб жамғармаси ҳисобидан ижара асосида тарқатилади.

Бизга қозоғистонлик ноширларнинг айтишича, уларда педагогик жамоалар қайси дарсликлар билан ишлашни танлайдилар, сўнгра ўз аризаларини маҳаллий таълим департаментларига топширадилар, департаментлар эса уларнинг аризалари асосида нашриётлардан керакли дарсликларни сотиб олади ва уларни мактаблар орасида тарқатадилар. Бу тизим кўплаб мамлакатларда шундай ишлайди. Аммо бизда, ҳар доимгидек, «ўзимизнинг йўлимиз» бор.

«Асосий» ва «муқобил» дарсликлар учун бундай нотенг шартларга изоҳ берган РТМ вакиллари буни асосий дарсликларнинг аллақачон тайёр экани ҳамда ўз вақтида саралашнинг узун босқичларидан ўтгани билан асослашди. Уларнинг қўшимча қилишларича, таълим муассасаларида тажриба-синовдан муваффақиятли ўтган муқобил дарсликлар келгусида асосий дарсликни орадан сиқиб чиқариши мумкинлиги ва ўшанда уни таянч дарслик сифатида тасдиқлаш масаласи ўртага чиқади.

Бизнинг фикримизча, ХТВ ўзининг ишчи органи — РТМ орқали бир вақтнинг ўзида ҳам «асосий» дарсликлар учун муаллифларни танлаш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ҳам мустақил нашриётлар ва муаллифлар томонидан яратилган «муқобил» дарсликларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш билан шуғулланиши манфаатлар тўқнашуви учун замин яратади. Айтайлик, сиз ускуналар ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлсангиз ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ускуналари сифат стандартларига мос келадими ёки йўқлигини ҳал қилиш ваколатига ҳам эга бўлсангиз, ўз рақобатчиларингизнинг бозорга киришига йўл қўймаслик васвасасига қарши туришингиз жуда қийин.

Бир озгина тушунтириш. Амалдаги ижара тизими доирасида яратилган ва яратилаётган дарсликларни нашриётларнинг мулки ҳисобланади, деб айтиш мумкин. Расман олганда — шундай. Бироқ нашриётлар муаллифларни танлаш билан шуғулланмайди ва уларнинг мазмунига аралашмайди. Уларнинг роли фақатгина мазмунини ўзгартирмаган ҳолда матнлар мусаҳҳиҳлиги, китобларни саҳифалаш ва чоп этишдан иборат холос.

Яна бир кичик нюанс. РТМнинг маълум қилишича, муқобил дарсликларни тайёрлаш бўйича талаблар ва уларни РТМга тақдим этиш муддатларини ўз ичига олган қўлланма «Маърифат» газетасининг 2019 йил 17 июлдаги 55-сонида эълон қилинган. Газета ададининг чекланганлигини (ушбу нашр фақатгина обуна орқали тарқатилади) ҳисобга олсак, нима учун ушбу хабар электрон ОАВларда, масалан, вазирлик сайти ва Telegram-каналида қайтадан эълон қилинмади (янада аниқроғи, ушбу талаб қарорнинг ўзида ҳам кўрсатиб ўтилган эди)? Ахир қанча кўп муаллифлар ва нашриётлар хабардор бўлса, шунчалик яхши эмасми?

Яна бир ҳолат, дарсликларни нашр қилиш даврийлигига кўра, 2-синф дарсликлари учун муқобил дарсликларни нашр қилиш бўйича эълон берилган. Мутлақо тушунарсиз, нима учун муқобил дарсликларни яратиш ва чоп этиш амалдаги дарсликларни нашр қилиш (қайта нашр қилиш) муддатларига боғлиқ бўлиши керак? Агарда ноширлар муқобил дарсликларни ўз ҳисобларидан тайёрлаш ва чоп этишга тайёр бўлсалар, у ҳолда нима учун маҳсулотларини қачон бозорга чиқаришни уларнинг ўрнига вазирлик ҳал қилиши керак?

На қарорда, на низомда дарсликларни баҳолаш мезонлари ва қандай қилиб муқобил дарсликлар тасдиқланиши учун талаб қилинаётган 95 бални тўплаши кераклиги кўрсатилмаган. Ўқув адабиётларини баҳолаш мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг 548-сонли қарорига иловалардан бирида кўрсатилган, бироқ уларнинг айримлари мутлақо тушунарсиз ва улар турли хил талқин қилиниши мумкин.

Масалан, «давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқлик даражаси». Ҳа, дарслик давлат таълим стандартларига мувофиқ бўлиши — ўқувчиларда стандартларда белгиланган компетенцияларни шакллантиришга ёрдам бериши керак. Ўқув режалари эса у ёки бу синфда фанни ўрганишга неча соат ажратилишини белгилайди.

Аммо бизда анъанавий равишда фойдаланиб келинаётган шаклдаги ўқув дастури, бу — стандартларда белгиланган мақсадларга қандай эришиш ҳақидаги дарслик муаллифларининг шахсий қарашлари демакдир (Яъни, таълим стандартларида белгиланган мақсадларни ҳар бир дарслик муаллифи ўзича тушунади ва талқин қилади — тарж.). Унда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларига бўлган талаблар тафсилотларидан ташқари, қоидага кўра, ўқиш учун мавзулар тартиблари ҳамда ҳар бир мавзу учун ажратилган соатлар сони ҳам қайд этилади. Бироқ, масалан, ўқитувчи болага шартли алгоритмли компьютер дастурини ёзишни ўргатиш мақсадини қўйса, у ҳолда нима учун ушбу мақсадга эришиш йўллари (мавзуни ўтиш тартиблари, ҳар бир мавзуга ажратилган соатлар) барча учун бир хил бўлиши керак? Нима учун турли дарслик муаллифлари турли хил йўлларни таклиф қила олмасликлари керак?

Ёки «Ўқиш» (бошланғич синфларда) ва «Адабиёт» (ўрта синфларда) каби фанлар бўйича ўқув дастурларида одатда болалар ўқиши (таҳлил қилиши) керак бўлган матнлар номлари келтирилади.

Нима учун турли хил дарсликлар, табиийки, ёш ўзига хосликлари ва матнларнинг бадиий қийматини ҳисобга олган ҳолда турли матнлар мисолида муайян бир ўқиш компетенцияларини ривожлантира олмасликлари керак?

Афтидан, юқорида келтирилган муқобил дарсликларни яратиш механизмлари муаллифлар ва ноширлар ўртасида очиқ ва ҳаққоний рақобатни келтириб чиқармайди. Ва бундай шароитда дарсликлар ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва нашр қилиш бўйича бутун бошли тизимни юрита оладиган Cambridge University Press, Россиянинг «Просвещение» ёки «Дрофа», Қозоғистоннинг «Алматы Китап» каби ҳақиқатдан ҳам кучли бозор иштирокчиларининг пайдо бўлишини кутиш қийин.

Янги механизм бўйича таклифлар

Бизнинг фикримизча, фарзандларимиз сифатли дарсликлар бўйича таълим олишларини истасак, дарсликларни яратиш ва нашр этиш механизмларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак. Қуйидаги таклифлар ўз вақтида халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга ёзма равишда тақдим этилган, аммо унинг фикрини билишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, ушбу таклифлар ХТВ ҳузуридаги Инновациялар, технологиялар ва стратегиялар маркази томонидан ишлаб чиқилган «Халқ таълими соҳасидаги ғоялар портали«га юборилди, аммо бизга номаълум бўлган сабабларга кўра улар порталда эълон қилинмади.

Шундай қилиб, таклифлар қуйидагилар:

— вазирлик муаллифларни танлаш билан шуғулланмаслиги, дарсликларнинг ёзилиши ва нашр этилишини (кўпайтирилишини) назорат қилмаслиги керак — бутун бу жараён бошидан охиригача ноширлар иши бўлиши керак. Нашриёт муаллифларни танлайди (ёки аксинча — муаллифлар ноширларни топадилар), ноширлар муаллифлар билан шартномалар тузадилар, сифатни бошқариш тизимларини жорий қиладилар ва фойдаланадилар, иллюстрациялар, саҳифалаш ва бошқа масалалар ҳақида бош қотирадилар. Ўз обрўси ҳақида қайғурадиган ношир маҳсулотлари сифатли ва талабгир бўлиши учун барча имкониятларини ишга солади;

— дарсликларни баҳолаш мезонлари аниқ, бир хилда талқин қилинади, барча учун тушунарли бўлиши керак, шу билан бирга, улар ҳар қандай фанни ўқитиш методикасида мақсадларга эришишнинг турли йўллари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Ушбу мезонлар батафсил шаклда вазирлик веб-сайтида фойдаланишга очиқ ҳолда бўлиши керак (мезонлар ва баҳолаш варақалари намуналари ЮНЕСКО тавсияларида келтирилган);

— вазирлик қошидаги эксперт комиссиялари фақатгина тасдиқланган мезонлар асосида ноширлар томонидан яратилган дарсликларни текшириш билан шуғулланишлари керак. Ва агар дарслик мезонларга мувофиқ келса, у вазирлик грифини (дарсликдан ўқув жараёнида фойдаланиш учун рухсатнома) олади. Шу билан бирга, гриф оладиган дарсликлар сонига сунъий равишда чекловлар қўйилмаслиги керак — қанча дарслик мезонларга мос келса, шунчаси гриф олади;

— эксперт комиссиясининг гриф бермаслик қарори батафсил асослантирилган бўлиши ҳамда ноширда (муаллифлар жамоасида) қарорда кўрсатилган сабабларни бартараф этишлари ва дарсликни қайтадан экспертизага тақдим этишлари учун вақт бўлиши керак. Экспертларнинг мақсади рад этиш эмас, балки ўқув жараёнида дарсликдан фойдаланишга тўсиқ бўладиган муаммоларни бартараф этишга ёрдамлашишдан иборат бўлиши керак;

— дарсликни такрорий экспертизадан ўтказишда биринчи мурожаатга берилган жавобда кўрсатилмаган сабабларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди. Ноширларнинг экспертизага тақдим этган дарсликлари ҳар сафар ҳар хил сабаблар билан рад этилавермаслигига ишончи комил бўлиши керак;

— гриф олган барча дарсликлар бир хил мақомга эга бўлиши керак ва уларнинг рўйхати ХТВ сайтида мавжуд бўлиши керак (муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг рухсати билан танишиш учун электрон версияларни жойлаштириш ҳам мумкин). Таълим жараёнида фойдаланиш учун у ёки бу дарсликни танлаш тўғрисидаги қарорни эса таълим муассасаларининг педагогик жамоалари мустақил равишда қабул қилишлари керак;

— ноширлар дарсликларни эркин савдога чиқариш ҳуқуқига эга бўлишлари, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун эса мактабнинг кутубхона фондидаги дарсликлардан фойдаланиш ёки Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ёрдамида дарсликлар тўпламини ижарага олиш имконияти яратилиши лозим.

Ноширлар ва муаллифлар ўртасидаги эркин, ҳалол, очиқ рақобатгина, бизнинг назаримизда, ҳақиқатан ҳам юқори сифатли дарсликларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Агар биз шу пайтгача имконсиз кўринган соҳаларда ҳам давлат харидлари тизимидан воз кечаётган ва ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатдорлигини оширишга ҳаракат қилаётган бўлсак, у ҳолда бизга дарсликлар соҳасида нормал бозор муносабатларини жорий этишга нима тўсқинлик қилади? Акс ҳолда, «янги авлод дарсликлари» ҳақидаги барча баёнотлар шунчаки ваъдалигича қолиб кетаверади, бундан эса ўқитувчилар ва болалар азият чекади.

Муаллиф фикри таҳририят фикридан фарқ қилиши мумкин.

Комил Жалилов — А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқитувчи. Колумбия университетида (Нью-Йорк, АҚШ) «Педагогик психология ва тилларни ўқитиш методикаси» йўналиши бўйича ва Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида «Таълим бериш ва ўқитиш назарияси ва амалиёти» йўналиши бўйича малака оширган. ЖИДУ қошидаги академик лицейда, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейда, М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида ишлаган. Лондон университет коллежи Таълим институтининг Chevening дастури бўйича «Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, педагогика ва педагогик баҳолаш» мутахассислиги бўйича магистри.