Мактаб дарсликларига оид давлат раҳбарининг тегишли топшириғидан сўнг президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков мазкур масала бўйича танқидий йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда администрация раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, дарсликлар нафақат текин бўлади, балки сифат жиҳатдан ҳам тўлиқ танқидий кўриб чиқилади.

Барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича Президент Администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилди.

Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликларининг ижара тўловлари нархи кескин оширилиши ортидан кенг жамоатчилик, жумладан, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар фонида дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ бергани ҳақида хабар қилган эдик.