Humo Arena`да старт олган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Дилшодбек Баратов бронза медали учун баҳсда мағлубиятга учради. Ҳалима Қурбонова эса юришини эрта якунлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

  • -60 кг вазн тоифасида спортчи мусобақада Украина, Жанубий Корея, Исроил ва Халқаро дзюдо федерацияси жамоаси вакилларини енгди. Мўғулистонлик ва қозоғистонлик рақибларига имкониятни бой берди.
  • 48 кг вазн тоифасида курашган Ҳалима Қурбонова туркиялик спортчини енгиб, иккинчи даврада италиялик вакилга мағлуб бўлди.

Ҳалима Қурбонованинг туркиялик Ассунта Скуттога қарши баҳсидан. Фото: МОҚ

Дилшодбек Баратов биринчи баҳсда Халқаро дзюдо федерацияси жамоаси таркибида иштирок этаётган Муҳаммад Аккушни мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олди.


Дилшодбек Баратовнинг Халқаро дзюдо федерацияси жамоаси таркибида иштирок этаётган Муҳаммад Аккуш билан кечган баҳсидан. Фото: МОҚ

Иккинчи даврада у украиналик Артём Лесюкни иппон баҳоси билан енгди. Маълумот учун, украиналик рақиб айни пайтда жаҳон рейтингида 10-поғонани эгаллаб турибди. 2022 йил Тель-Авивда ўтган «Катта дубулға» турнирида олтин медални қўлга киритган.


Дилшодбек Баратовнинг украиналик рақибини иппон баҳоси билан мағлуб этган беллашувидан. Фото: МОҚ.

Ундан кейинги рақиби кореялик Харим Ли бўлди. Портагулияда ўтган Гран-прида олтин медалга эга чиққан Харим Ли ўзбекистонлик рақибига имкониятни бой берди ва Дилшодбек Баратовни чорақ финалга олиб чиқди.


Дилшодбек Баратовнинг кореялик Харим Лига қарши татамига чиққан баҳсидан.

Дилшодбек Баратов чорак финалда ҳам ғалаба қозониб, фаолиятида илк бор жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олди. Бу босқичда у исроиллик Ям Волшакдан устун келди.

Исроиллик Ям Волшак устидан қозонилган ғалаба вақтида.

Бироқ, ярим финалда у мўғулистонлик Ариунболд Энхтайванга Golden score (қўшимча дақиқалар)да имкониятни бой берди. Финалга йўл олган 26 ёшли Ариунболд Энхтайван сўнгги бор 2021 йил октябрда Парижда ўтган «Катта дубулға» турнирида бронза медалини қўлга киритган.

Ўзбекистонлик спортчи бронза медали учун курашда қозоғистонлик Елдўс Сметовга қарши татамига чиқиб, имкониятни бой берди.