Марказий банки уч ой давомида ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига доир мурожаатлар юзасидан 15 та банкка кўрсатма хатларни юборди.

Хусусан, июль-сентябрь ойларида банк хизматларига нисбатан қуйидаги шикоятлар аниқланган:

  • карта ҳисобварағидан пул маблағи ечилган бўлса-да, банкомат нақд пул бермагани;
  • нафақа пулини банк картаси орқали олиш бўйича муаммога дуч келинаётгани;
  • мобил илова орқали ўтказилган пул маблағи олувчиларнинг карта ҳисоб рақамига тушмагани;
  • кредит тўловлари тўлиқ тўланган бўлса-да, карта ҳисобварағидан кредит учун тўлов ечилгани;
  • банк ходимлари томонидан фуқаро учун нотаниш бўлган кредит бўйича кафил эканлиги тўғрисида қўнғироқлар бўлаётгани;
  • банкнинг мобил иловаси орқали конвертация қилинган ҳамда бошқа картага ўтказилган маблағ кўринмаётгани;
  • кредитни муддатидан олдин сўндиргани учун кешбек тақдим этилмаётгани.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, Anorbank, «Давр-банк», Universalbank, Hamkorbank, Tenge Bank, Халқ банки, «Ипак йўли» банки, Infinbank, Turonbank, «Қишлоқ қурилиш банк», НБУ, «Капиталбанк», «Қишлоққурилишбанк», «Алоқабанк» и Asia Alliance банкларига фаолияти билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқиш ва зарурий чораларни кўриш юзасидан 31 та кўрсатма хатлар юборилди.

Қайд этилишича, банклар аниқланган камчиликларни бартараф этиб, бу ҳақда ўрнатилган тартибда истеъмолчиларга хабар қилган. Шунингдек, айрим банклар бу тўғрисида ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва сайтлари орқали тегишли тушунтиришлар берган.

Марказий банк ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ эълон қилинган ҳолатлар юзасидан қонунда белгиланган муддатларда тегишли чораларни кўриш давом эттирилишини эслатиб ўтди.