Ўзбекистонда ён шажара бўйича қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Оила кодексига ўзгартириш оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан тайёрланган қонун лойиҳасида таклиф этилмоқда.

Оила кодексига асосан, ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.

ФҲДЁ органлари маълумотларига кўра, 2021 йил июль-декабрь ойларида республика бўйича жами 1210 та яқин қариндошлар (529 та — холавачча, 307 та — тоғавачча, 178 та — амакивачча, 196 та — аммавачча) ўртасида никоҳ ҳолатлари қайд қилинган. Ҳудудлар кесимида қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг ярмидан кўпроғи 59 фоизи иккита вилоят: Сурхондарё (343 та) ва Қашқадарё (371 та) вилоятларига тўғри келади. Туғилаётган болалар таркибида ногирон, жумладан, 1 ёшгача туғма аномалиялар, деформация ва хромосом бузилишларга учраган болалар улуши ортмоқда.

Жумладан, 1 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар сони 2018 йилдаги 2592 нафардан 2020 йилда 3374 нафарга ёки 30,1 фоизга, 1 ёшгача туғма аномалиялар (ривожланиш нуқсонлари), деформация ва хромосом бузилишлар сони 2018 йилдаги 1093 тадан 2020 йилда 1292 тага ёки 18,2 фоизга кўпайган.

«Бу эса мамлакатда салбий демографик тенденцияларнинг кучайишига, бундай болаларни ижтимоийлаштириш масалалари билан боғлиқ янги муаммоларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда», — дейилади лойиҳа ҳужжатида.

Шунингдек, ташаббускорлар томонидан ушбу ўзгартириш «Никоҳ тузиш ва тан олиш тўғрисида»ги 1978 йил 14 мартдаги Гаага Конвенциясининг 11-моддасига ҳам мос келиши қайд этилди.

Маълумотномада қайд этилишича, бундай тартиб АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Туркия, Украина, Ирландия, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Тожикистон давлатлари қонунчилигида ҳам мавжуд.