Ҳукуматнинг 3 октябрдаги «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларининг қишки таътилини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, декабрь ойининг охирги 10 кунлиги ва январь ойининг биринчи 10 кунлиги оралиғида ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари талаба (ўқувчи)ларининг ҳар йилги 2 ҳафталик қишки таътили ўтказилади. Мазкур тартиб нодавлат таълим ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади.

Олий таълим вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, шу пайтга қадар таътил 1992 йил 22 декабрдаги президент фармони билан берилган. 2022 йил 31 августда мазкур фармон ўз кучини йўқотгандан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган.

Қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма асосида республика ичидаги поездларга (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно) ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталарнинг эконом синфи тарифи қийматидан 50 фоизли чегирма асосида сотиш тавсия этилади.

2022 йилдан қишки таътил даврида ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун муддатли имтиёзлар тўпламини (чегирмали чипталар, акциялар) тақдим этиш механизми жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021/2022 ўқув йилида талабалар об-ҳаво ёмонлашгани сабаб қишки таътилга белгиланган (27 декабрь) санадан аввалроқ — 25 декабрдан бошлаб чиққан эди.

Кейинчалик ОТМлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ўтказилиши муносабати билан талабаларнинг таътили 24 январга қадар узайтирилди. Шу билан бирга, қишки таътил узайтирилиши сабаб ОТМларда ўқув муддати ўзгармаслиги маълум қилинди.

Февралнинг иккинчи кунида эса коронавирусга қарши курашиш Республика махсус комиссиясининг қарори билан ОТМларда ўқиш 24 февралгача босқичма-босқич анъанавий шаклга ўтказилиши белгиланди.