Ўзбекистонда ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 24 январгача узайтирилгач, ОТМларнинг кредит-модул тизимига ўтиши туфайли иккинчи семестр бошланиш вақти ҳам сурилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бу иккинчи семестр ўқув муддатига таъсир кўрсатмаслигини малум қилди. Бу ҳақда у Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида айтиб ўтган.

«Бу янги тизимимизда ўқув йили давомийлиги эски тизимга нисбатан анча қисқарган. Аввалги тизимда 38−40 ўқув ҳафтаси бўлган бўлса, бугунги кунда 30 ҳафтага тенг. Биринчи семестрда 15 ҳафта, иккинчи семестрда ҳам 15 ҳафта. Шу сабабли, бу ерда бизнинг биринчи ва иккинчи курс талабаларимизга бу деярли таъсир кўрсатмайди. Учинчи ва тўртинчи курс талабаларининг ўқиши эса мазкур ўзгаришлар туфайли вақтлироқ тугайди. Июнь ойига бормасдан уларнинг ўқиши якунланади», — деди у.

Шунингдек, талаба-ўқувчиларга қишқи таътил 24 январгача узайтирилган вақтда ОТМ, коллеж ва академик лицей ходимлари, профессор, ўқитувчилари, шунингдек, ректор ва проректорлари учун кредит-модул тизими бўйича семинар-тренинглар ўтказилади.

Комилжон Каримовнинг қўшимча қилишича, тренинглар Ўзбекистондаги чет эл ОТМлари филиалларида дарс бераётган ходимлар, хорижий мутахассислар томонидан ўтказилади.