Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 73 йиллиги муносабати билан ХХР Раиси Си Цзиньпинга табрик йўллаб, эзгу тилакларини билдирди.

Мактубда дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда тобора мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан таъкидланган.

Яқинда Ўзбекистонга амалга оширилган давлат ташрифи ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувлар иккала мамлакат ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янги даражасига кўтаргани қайд этилган. Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни «Дўстлик» ордени билан мукофотлаганди.

Шунингдек, музокаралар сўнггида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаимзоланган ҳужжатлар орасида «яшил» тараққиёт соҳасида сармоявий ҳамкорлик, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам бор. Савдо ва сармоявий битимлар ҳажми $15 млрдни ташкил этади.