Ўзбекистоннинг деярли 4,5 миллион фуқароси мол-мулк ва ер солиғидан 2,7 триллион сўм қарздор эканлиги маълум бўлди.Бу ҳақда 30 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

2022 йилда жами 8 млн 85 минг нафар ер участкаси ва ундаги кўчмас мулклари мавжуд бўлган жисмоний шахсларга 3 трлн 450 млрд сўм ер ва мол-мулк солиқлари ҳисобланган. Шундан жорий йилнинг 28 сентябрь санасига қадар 2 трлн 5 млрд сўм яъни 58 фоизи тўланган.

Шунингдек, 4 млн 400 минг нафар фуқароларнинг ўтган йилдан қолган қарздорлиги билан қўшиб ҳисоблаганда 2 трлн 798 млрд 4 миллион сўмлик солиқлари тўланмасдан қолмоқда.

Шундан, жорий йилда ойлик даромад манбаига эга бўлган 236 минг 600 та корхона ва ташкилотларда ишловчи 1 млн 700 минг нафар ходимларга 1 трлн 300 млрд сўм ҳисобланган. 2022 йилнинг 28 сентябрь кунига қадар 636 млрд 800 млн сўми яъни 48 фоизи тўланган, 1 млн 106 минг 400 нафарининг 691 млрд 300 млн сўми, 52 фоизи тўланиши лозим.

Бундан ташқари, қўмита қарздорликнинг соҳалар кесимида даражаси бўйича ажратиб кўрсатган. Жумладан қуйидаги вазирлик ва ташкилотларда ишловчи ходимлар солиқ тўловларини 15 октябргача амалга оширилиши керак бўлади:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги ташкилотларда ишловчи ходимлар 3,3 млрд сўмдан 2,2 млрд сўм (65,9 фоиз),
  • Маҳалла ва оилани қўллаб қуватлаш вазирлиги 5,1 млрд сўмдан 3,3 млрд сўм (64,5 фоиз),
  • Олий суд 1,7 млрд сўмдан 1 млрд сўм (62,1 фоиз);
  • Адлия вазирлиги 2,5 млрд сўмдан 1,5 млрд сўм (60,5 фоиз);
  • Сув хўжалиги вазирлиги 17,2 млрд сўмдан 10 млрд сўм (58,2 фоиз);
  • Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 1,7 млрд сўмдан 1 млрд сўм (57,5 фоиз);
  • Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги 2,7 млрд сўмдан 1,5 млрд сўм (56,6 фоиз);
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги 4 млрд сўмдан 2,2 млрд сўм (56,0 фоиз);
  • Маҳаллий ҳокимият органлари ходимлари томонидан 8,3 млрд сўмдан 4,6 млрд сўм (55,6 фоиз);
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 2,3 млрд сўмдан 1,2 млрд сўм (54,7 фоиз).

Аслида Солиқ кодексининг 423 ва 440-моддаларига мувофиқ, жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини 15-апрел ва 15-октябрга қадар тенг улушларда тўлаши керак. Қўмита шу ўринда, барча фуқароларга конституцион бурчларини ўз вақтида бажариши лозимлигини эслатиб ўтган.