Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Instagram ижтимоий тармоғида жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи видеомаълумот жойлаштирилгани блогерлар бўйича маълумот берди.

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Instagram’да видеоларни жойлаган шахс — JasJan аккаунт фойдаланувчиси Тошкент вилоятида туғилган фуқаро Жасур Шодиев экани маълум бўлди. ИИББ хабарига кўра, ушбу фуқаро бундан бир неча ой илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

«Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у ўз ишини яна давом эттириб, ахлоқсиз видеоларни тарқата бошлади.Бундан кўзланган мақсад — ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилар сонини сунъий равишда кўпайтириш бўлган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Жасур Шодиев ва фуқаро Ҳумоюн Муҳаммаджонов жамоат жойида бошқа бир блогер — Жаъфар Юсуповга нисбатан уятли сўзлар ишлатиб, кўпчиликнинг кўз ўнгида ҳақорат қилган. Бу жараёндан видеоматериал тайёрлаб, оммага намойиш этган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, қонуний чора кўриш учун Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга юборилди.

Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги маданият ва истироҳат боғида мазкур иш юзасидан жамоатчилик муҳокамаса ва сайёр суд ўтказилди. Унда Жасур Шодиев ва фуқаро Ҳумоюн Муҳаммаджоновга нисбатан суд ўқиб эшиттирилди. Уларга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.