Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасида «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди, дея хабар бермоқда Давлат экология қўмитаси.

Ҳужжат билан табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклида Қўнғирот туманида умумий майдони 280 000 гектар бўлган «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш белгиланди.

Шунингдек, қўриқхонага ажратиладиган ер участкалари ва қўриқланма зоналарининг майдони, ижро этувчи аппаратининг тузилмаси тасдиқланди. «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонаси Давлат экология қўмитаси тузилмасига киради.

Буюртма қўриқхонаси фаолиятини молиялаштириш 2022 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон бюджети маблағлари, Давлат экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжат билан буюртма қўриқхонаси ҳудудида табиий мажмуалар ва ландшафтлар, шу жумладан, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвон турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланиши, буюртма қўриқхонаси қўриқланма зонасидаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолиши белгиланди.