Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт туманининг (аввал Сергели туманига қарашли эди) «Спутник» мавзесида жойлашган бузилиши айтилган 2 қаватли 409 та ёғоч уйларда жами 4290 та хонадон бор. Уйнинг эгаларини замонавий кўп қаватли турар-жойларга кўчириш бўйича дастур вазирлик ва тегишли идораларга тасдиқлаш учун киритилган. Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, ёғоч уйлар 1966 йилда зилзиладан сўнг, ўша ерда уй қурилишида қатнашган ишчилар учун вақтинча 5 йил муддатда фойдаланиш учун тез фурсатларда қуриб берилган. Қарийб 56 йилдан бери бу уйларда одамлар яшайди.

Маҳалладаги ўрганишлар давомида бу ердаги 4026 нафар мулкдордан 3341 нафари компенсация олишга розилигини айтган. 685 фуқаро уй бузилишига норозилик билдирган. 160 нафар хонадоннинг мулкдорлари топилмаган. Кадастр ҳужжатлари бўйича фуқаро бор, бироқ, четга кетган ёки у ерда яшамаётган бўлиши мумкин, деди ҳоким.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бу уйларни реновация қилиш бўйича тузилган ҳукумат қарори лойиҳаси келишиш учун вазирлик ва идораларга киритилган.

«Ҳозирча кўчадиганларга шу туманнинг ўзидан жой бериш режа қилинган. Айрим тадбикорлар рози бўлган, бошида 4−5 та уйни бузади ва уй эгаларини вақтинча бошқа уйга кўчириб туради. Кейин ёғоч уй ўрнига қурилган янги бинога кўчириб олиб келади. Бу ердаги фуқароларнинг кўпи шунга рози. Норозилар ҳам борлигини ҳисобга олсак, 50 ёшгача бўлганларнинг барчаси янги уйга ўтишни хоҳлаяпти. Улар максимал даражада шу туманда қолдирилади», — деди Ҳаёт Иноғомов.

Шунингдек, ҳоким бу ишлар кечикаётганига дарахтларни кесишга белгиланган мораторий ҳам сабаб бўлаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, дарахтларни авайлаш учун бинолар ҳозирча бузилишга берилмаяпти.

«Уйларнинг фундаменти ёнида дарахт турибди. Уйларнинг ертўласи бўлмагани ҳисобига дарахтнинг илдизи уйнинг ичигача кириб борган. Ҳозир буни қурувчига берсак, улар уй эгаси билан келишади, лекин биз дарахтдан айрилиб қоламиз. Бундай дарахтлар бошқа жойда қолмаган. Ҳозир дарахтларни сақлаб қолиш йўлларини ҳам излаяпмиз», — деди у.

Матбуот анжумани давомида туман билан боғлиқ бошқа саволларга ҳам Ҳаёт Иноғомов атрофлича жавоб берди. Хусусан, ерусти метросининг Қўйлиқдан Сергелигача бўлган икки йўналишни боғлайдиган ўтиш йўли жорий йилнинг март ойи якунигача уланишини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу жараён Наврўз арафасида бўлиб ўтишини айтди. Ҳозир Қўйлиқдан келаётган линия қурилиши деярли Янгиҳаёт туманига етиб қолган.

Бундан ташқари, Янгиҳаёт тумани ҳокимияти биноси бошқа жойга кўчирилиши режа қилиняпти.

Ҳоким ҳозирда 16 гектар ер сўраб ҳукуматга ҳужжат киритгани, тумандаги Simma меҳмонхонаси ёнида бўш давлат ери мавжудлиги, шу жойдаги қишлоқ хўжалиги ерларига ҳокимият биноси қуриш режаси борлигини қайд этди. Таъкидлашича, у ерда барча давлат ташкилотларининг туман бўлимлари бир ҳудудда жойлашади. Ҳаммаси ёнма-ён қурилади.

Буни ҳоким «бирор кишининг ҳокимиятдан чиқиб ички ишларда ёки бошқа давлат ташкилотида иши бўлса, узоққа бормай, пиёда етиб олади», дея изоҳлади у.

Қолаверса, ҳозирда Tashkent Index савдо мажмуасида вақтинчалик яшаётган талабалар фақатгина 2022/2023 ўқув йилида бу жойда яшаб туриши мумкин бўлади. Савдо мажмуасини ётоқхонага айлантириш режаси ҳозирча йўқ. Аслида Олий таълим вазирлиги бажариши керак бўлган вазифани талабалар «кўчада қолиб кетмаслиги учун» шаҳар ҳокимияти ҳам ташаббус асосида бажараётганини таъкидлади.

«Биз уни ҳукумат сўровига асосан дўкон хўжайинларидан вақтинча сўраб олганмиз. Талабалар учун тўлов сўммаси 200 минг сўм, қолган 300 минг сўм маблағ давлат томонидан тўлаб берилмоқда. ТТЖ қуриш лойиҳалари тасдиқланган, баъзи жойларда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Биз имкон қадар уларни жой билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозир аниқ айта олмаймиз, балки олти ой ичида уларни бошқа жойга кўчириб ўтказармиз», — деди Ҳаёт Иноғомов.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Сергели ва Бектемир ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан олинган жами 4 419,6 гектар ҳудудда Янгиҳаёт тумани ташкил этилган. Туманда 30 та маҳалла фуқаролари йиғини, 41 904 та хонадон, 956 та кўп қаватли уйлар, 16 та умумий ўрта таълим мактаблари, 38 та мактабгача таълим ташкилотлари, шундан давлат (22 та) ва нодавлат (16 та), 2 та ўрта-махсус билим юртлари, 7 та тиббиёт муассасалари бор.